Линклар

"Обамадан нима кутаяпсиз?"

  • Садриддин Ашур

Шу йил апрел ойида президент Обаманинг Туркияга қилган сафари ва Истанбулдаги Султон Аҳмад масжидини зиëрат қилгани¸ унинг мусулмон дунëсидаги эътибори ошишига ëрдам берди.

Шу йил апрел ойида президент Обаманинг Туркияга қилган сафари ва Истанбулдаги Султон Аҳмад масжидини зиëрат қилгани¸ унинг мусулмон дунëсидаги эътибори ошишига ëрдам берди.

АҚШ президентининг Мисрдан туриб мусулмон дунëсига қиладиган тарихий нутқи арафасида аксар сўров гуруҳлари мусулмонларга шу савол билан мурожаат қилмоқда. Озодлик айни саволни айрим ўзбек зиëлиларига берди.

АҚШ Президенти Барак Обама дунё мусулмонларига тарихий нутқ билан мурожаат қилмоқчи. Оқ уйнинг матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, бу воқеа 4 июн куни Мисрнинг Қоҳира шаҳридаги университетда бўлиб ўтади.

Мисрлик уламолар Барак Обамага АҚШ ва Ислом дунёси муносабатларида янги саҳифа очишга даъват бўлиши кутилаëтган бу мурожаатини “Ал-Азҳар” Ислом университети марказий масжидидан туриб қилишни таклиф этган эдилар. Лекин Оқ уй маъмурияти машҳур исломий мадрасани эмас¸ балки дунëвий Қоҳира университетини танлади.

Ҳозирча Барак Обаманинг дунё мусулмонларига қиладиган бу мурожаатида нималар ҳақида гапириши сир сақланмоқда. Айрим оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, Барак Обама бу мурожаатида Яқин Шарқдаги вазиятни барқарорлаштириш, Ислом дунёси билан муносабатларни яхшилаш учун аниқ таклиф ва тадбирларни изҳор қилиши мумкин.

Обама мурожаати арафасида қатор халқаро сўров гуруҳлари¸ мусулмон давлатлари аҳолиси орасида АҚШ ва мусулмон дунëси муносабатларини яхшилаш учун қилиниши лозим ишлар¸ уларнинг Обамадан нималарни эшитишни истаëтганлари борасида сўров ўтказмоқдалар.

Хўш, аксар аҳолиси мусулмон бўлган ўзбекистонликларнинг зиëли қатлами АҚШ президентининг бу тарихий мурожаатида қандай гапларни эшитишни истаган бўлардилар?

Озодлик айрим зиëлиларга шу савол билан мурожаат қилди.

Аспирант: АҚШ президенти Барак Обама Туркияга келганда ҳам мусулмон оламига хитоб қилиб¸ мусулмон олами билан АҚШ дўст бўлишини¸ Америка мусулмонларга душман эмаслигини алоҳида таъкидлаган эди.

Энди унинг Мисрга келиши ва яна мусулмонларга мурожаат қилиши кутилаяпти. Мен Барак Обаманинг чиндан ҳам самимият билан мусулмонларга мурожаат қилишини хоҳлардим.

Сабаби¸ ҳозир дунëда энг кўп жанг бўлаëтган¸ энг кўп бегуноҳлар қони тўкилаëтган жойлар бу мусулмон мамлакатлари. Яхшилаб қаралса¸ бундай муаммолар христиан давлатларида йўқ.

Асосий муаммо мусулмонлар билан боғлиқ бўлаяпти ва мен бу ерда сунъий душман яратишга бўлаëтган ҳаракатларни кўраяпман.

Америка мусулмонларга ҳақиқатан яхшилик қилмоқчи бўлса¸ мусулмонларга душман эмаслигини кўрсатмоқчи бўлса¸ Покистон¸ Ироқ ва Афғонистондаги аскарларини олиб чиқсин ва у ердаги халқларнинг эмин-эркин яшашларига имкон яратсин. Мусулмонларнинг жабр кўришига чек қўйилишига ëрдамчи бўлсин.

Иқтисодчи: Барак Обама “Ислом экстремизми” деган тушунчанинг умуман йўқ эканлигини¸ балки Исломни рўкач қилиб ўзларининг шахсий манфаатларини ҳимоя қиладиган Ҳизбут-Таҳрирга ўхшаган айрим турдаги гуруҳларнинг сирини фош қилса¸ яхшироқ бўларди.

Исломнинг эзгулик¸ яхшилик¸ биродарлик дини бўлиб¸ эсом-омон яшашни тарғиб қиладиган дунëдаги энг тинчликсевар дин эканлигини очиб берса¸ яхши бўларди.

Тарихчи олим: Бу навбатдаги найранг. Булар Афғонистонда 100 минг одамни ўлдиришди. Ҳарбий қисмларни эмас¸ тинч бўлган шаҳар ва қишлоқларни вайрон қилиб юборишди.

Бунинг учун мусулмонларга қандай жавоб бериш мумкин? Буни оқлаш учун мусулмонларга нима дейиш мумкин?

Ал-Қоидани¸ толибонни баҳона қилади¸ лекин шунақа ҳам ваҳшийлик бўладими? Олдин Вьетнам бўлган эди. Ҳозир Афғонистон. Афғонистон нима учун керак? Афғонистон Марказий Осиëга¸ Хитойга яқин бўлиш учун керак.

Барак Обама мусулмонлар билан яхши бўлиши мумкин¸ лекин мусулмонларнинг “Афғонистондан кетасан” деган бир шарти бўлиши мумкин.

Америка Афғонистондан кетмаса¸ Афғонистонда уруш давом этса¸ мусулмонларга мурожаат қилиш найранг. Ҳозир мусулмон дунëси буларнинг ишларидан ғазабланиб турибди.

Олий ўқув юрти ўқитувчиси: Қаерда ëмон гуруҳ чиқса¸ мусулмончиликка тақаяпти. Мен шуни эшитишни хоҳламасдим. Шуни ажратиш керак. Ўзига гранатани боғлаб портлатиб ташласин¸ деган нарса ë Қуръонда¸ ë бошқада йўқ нарса.

Шундай ишни қилаëтган одамларнинг мусулмончиликка ҳеч қандай алоқаси йўқ бўлиши мумкин. Аммо буни мусулмончиликка тақашаяпти.

Диний экстремизм деган нарсани мусулмончиликка тақамасдан ажратиш керак. Обамадан шуни эшитишни истардим.

Обамадан Фаластин билан Исроил ўртасидаги масалада 1967 йилда белгиланган чегарага Исроилнинг қайтиши кераклигини¸ Фаластинга ўз жойининг қайтариб берилишини даъват қилишини истардим.

******************************************

Азиз муштарий¸ АҚШ президентининг мусулмон дунëсига қиладиган мурожаати давомида Сиз Барак Обамадан нималарни эшитишни истаган бўлардингиз? Бу ҳақдаги фикрларингизни¸ марҳамат қилиб¸ бизга йўлланг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG