Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:03

“Бошланиши ëмон эмас”


Президентликка келиши билан президент Обама мусулмонлар қалбига йўл топиш ҳаракатига киришди.
Президентликка келиши билан президент Обама мусулмонлар қалбига йўл топиш ҳаракатига киришди.

Яқин Шарқ бўйлаб сафарга ҳозирланаëтган АҚШ президенти Барак Обаманинг Мисрда мусулмон дунëсига мурожаат қилиши кутилмоқда. Араб дунëсида ўтказилган сўров натижаларига кўра¸ аксар мусулмонлар Обама сафаридан яхшилик кутмоқдалар.

Президент Обаманинг келаси ҳафта Қоҳирадан туриб қиладиган мурожаатидан мусулмон дунëсидаги турли қатламлар турлича мужда кутмоқда.

Аксар араблар¸ Оқ уй раҳбаридан Исроил-Фаластин можаросининг қачон ва қандай ҳал этилиши борасида аниқ йўлнома кутмоқдалар.

Яна бир тоифа мусулмонлар Обаманинг¸ кейинги саккиз йил давомида мусулмон ва террорчи ўртасига қўйилган тенглик белгисини қатъият билан олиб ташлаши ва мўътадил мусулмонлар эътиқоди билан Ал-Қоида каби экстремист гуруҳлар талқинидаги Исломни бир-биридан ажратишини кутмоқдалар.

Мезбон¸ Миср президенти Ҳусни Муборакка ўхшаган мусулмон автократлари эса¸ Обаманинг ўз ғанимлари¸ хусусан Эронга пўписа қилиб¸ унинг Яқин Шарқдаги гегемонлик уринишларини тўхтатишини истамоқда.

Обаманинг Қоҳирадан қиладиган мурожаати арафасида араб дунëсида ўтказилган мустақил сўров¸ мусулмонларнинг Обамага ҳурмати¸ ҳозирча баланд эканини кўрсатди.

Халқаро Зогби сўров маркази¸ Обаманинг Яқин Шарқ сафари арафасида Миср¸ Саудий Арабистони¸ Марокаш¸ Ливан¸ Иордания ва Бирлашган Араб Амирликлари аҳолисига бир неча савол билан мурожаат қилди.

“Барак Обама президентликка сайланганидан бери АҚШ га нисбатан муносабатингиз ўзгардими?”¸ деган саволга сўралганларнинг 50 фоиздан ошиғи “муносабатим ижобий томонга ўзгарди”¸ деган мазмунда жавоб қайтарган.

“Обама маъмурияти АҚШ нинг араб дунëси билан муносабатларини яхшилай оладими?”¸ деган саволга Саудий Арабистонида сўралганларнинг 74 фоизи¸ Араб Амирликларида 64 фоизи ижобий фикр билдирган бўлса¸ Миср ва Иорданияда бор-йўқ 37 ва 31 фоиз сўралганлар¸ “Ҳа!” деб жавоб берган.

Олти араб давлати аҳолиси¸ АҚШ қўшинларини Ироқдан олиб чиқишга киришишни Обаманинг президент сифатида ҳозирча қилган энг муҳим иши деб билса¸ Гуантанамо қамоқхонасини ëпиш ҳақдаги буйруқ бу рўйхатнинг иккинчи поғонасига¸ Обаманинг Ал-Арабия телеканали орқали мусулмонларга қилган бевосита мурожаати эса¸ учинчиликка қўйилган.

Халқаро Зогби гуруҳи ўтказган сўровга кўра¸ аксар араблар Исроил-Фаластин можаросининг ечимсиз қолаëтганини Яқин Шарқ тинчлик жараëнига энг катта таҳдид деб биладилар.

Айни пайтда мазкур сўровдан¸ минтақа ҳукуматларининг¸ Эрон таҳдиди ҳақдаги тинимсиз баëнотларига қарамай¸ оддий аҳоли Эронни Яқин Шарқ учун асосий хатар деб билмаслиги ҳам аëн бўлди.

Хуллас¸ АҚШ президенти Барак Обама Яқин Шарқ бўйлаб илк сафарга отланар экан аксар араблар унга: “Американинг мусулмон дунëси билан алоқаларини яхшилаш уринишларининг бошланиши ҳозирча ëмон эмас¸ аммо бу узоқ ва мураккаб жараëн эканини унутманг!”¸ деган мужда йўлламоқдалар.
XS
SM
MD
LG