Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:22

Душанбе Тошкентдан шикоят қилди


ЕИ га раислик навбатини тугатаëтган Чехия Ташқи ишлар вазири Ян Коҳоут Тожикистоннинг гидроэнергетикага оид лойиҳаларини амалга оширишида иттифоқ ёрдамга тайёр эканини айтди.
ЕИ га раислик навбатини тугатаëтган Чехия Ташқи ишлар вазири Ян Коҳоут Тожикистоннинг гидроэнергетикага оид лойиҳаларини амалга оширишида иттифоқ ёрдамга тайёр эканини айтди.

Европа Иттифоқи учлигининг Марказий Осиë Ташқи ишлар вазирлари билан Душанбеда бошлаган яккама-якка учрашувларининг илк кунида Брюссел расмийлари Душанбе ва Тошкент расмийлари билан учрашдилар.

29 май куни Душанбеда Европа Иттифоқи юқори мартабали делегациясининг Тожикистон ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маъсуллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

ЕИ учлиги делегацияси таркибида ҳозирда Европа иттифоққа раислик қилаётган Чехия Ташқи ишлар вазири Ян Коҳоут, Европа кенгашининг Марказий Осиё давлатлари бўйича махсус вакили Пьер Морел ва Европа комиссиясининг ташқи алоқалар бўйича мутасаддиси Югес Мингарелли бор.

Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг “ЕИ учлиги” билан 29 май кунги учрашуви 1+1 форматида ўтказилди.

Куннинг иккинчи ярмида “ЕИ учлиги” делегацияси¸ дастлаб Тожикистон расмийлари билан музокара ўтказди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий меҳмонлар диққатини минтақадаги икки асосий масалага қаратди.

- Тахминимча, минтақада нималар бўлаётгани, қўшнилар билан юзага келаётган муаммолар, очиқ ва ёпиқ режимларда қандай воқеалар содир бўлаётгани борасида сизларда етарли маълумотлар бор.

Орадан 10 йилдан кўпроқ вақт ўтса ҳамки, чегараларда ҳали ҳам миналар сақланиб қолаяпти. Бундай бўлиши мумкин эмас. Биз инсон ҳуқуқлари тўғрисида гапираяпмиз, чегараларда эса бегуноҳ одамлар, кўпроқ гўдаклар қурбон бўлмоқда. Бу ҳақда фақат Тожикистон гапираяпти, қолганлар эса жим. Ахир бундай бўлмаслиги керак, деди Ҳамрохон Зарифий.

Тожикистон делегацияси раҳбари минтақадаги яна бир долзарб муаммо бу сув бошида жойлашган давлатларнинг ўз гидроэнергетик лойиҳаларини амалга ошириши борасидаги давомли баҳслар эканини таъкидлади.

- Ўйлайманки, агар биз ўз гидроэнергетик иншоотларга доир лойиҳаларимизни амалга оширолсак, нафақат Тожикистонда, балки бутун минтақада вазият изга тушади.

Биз бу ҳақда ЕИга ҳам, Халқаро валюта жамғармасига ҳам очиқ айтаяпмиз. Биз ҳеч нарсани яшираётганимиз йўқ-ку.

Нега бугунги кунда ўз заҳираларимиздан ташқари ЕИга аъзо давлатлардан ҳеч қандай сармоя ётқизилмаяпти?

Афғонистонда тинчлик бўлишини истар эканмиз, буни гидроэнергетик иншоотларни қурмасдан, бу мамлакат ирригациясини изга қўймасдан туриб амалга ошира олмаймиз. Ўйлайманки, гидроэнергетик иншоотлар қурилиб, ишга тушса, Афғонистон арзон электр билан таъминланади, ирригация муаммолари ўз ечимини топади. Афғон халқи кўкнор ўрнига зироат экинлари экади.

Тожикистон бу борада сизлардан ҳеч бўлмаганда маънавий кўмак кўрсатилишини сўрайди. Биз сизларни дўст сифатида бу муаммоларни ҳал қилишда ёрдамга чақирамиз, деди Ҳамрохон Зарифий.

Айни пайтда Европа Иттифоқига раислик қилаётган Чехия Ташқи ишлар вазири Ян Коҳоут Европа давлатлари гидроэнергетик иншоотларига доир Тожикистон лойиҳаларининг амалга оширилиши учун ҳамкорлик қўлини чўзишга тайёрлигини маълум қилди.

- ЕИ Тожикистон билан дўстона муносабатда. Биз Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараларини мустаҳкамлаш ва гидроэнергетик лойиҳаларини амалиётга татбиқ этиш мақсадида бир неча шартнома лойиҳаларини тайёрладик.

Шу яқин кунларда Европа Иттифоқига аъзо давлатлар томонидан бу шартномаларнинг имзоланишига умид қиламиз, деди Чехия Ташқи ишлар вазири.

ЕИ раиси Афғонистондаги вазият барқарорлашувидан минтақа давлатлари қаторида Европа Иттифоқи ҳам манфаатдор эканини алоҳида урғулади.

- Афғонистондаги вазиятнинг барқарорлашуви нафақат Марказий Осиё давлатлари учун, балки Европа давлатлари учун ҳам муҳимдир. Бу йўналишда ҳам биз Тожикистон ҳукумати таклифларини эътибордан соқит қилмаймиз, деди Коҳоут.

Шундан сўнг Тожикистон делегацияси музокаралар залини Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Бахтиёр Исломов бошлиқ делегацияга бўшатиб берди.

Аммо “ЕИ учлиги”нинг Ўзбекистон делегацияси 1+1 форматдаги учрашувини кузатиш учун маҳаллий ва хорижий журналистларга рухсат берилмади.

30 май куни эрталаб ЕИ делегациясининг Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон Ташқи ишлар вазирлари билан учрашуви бўлиб ўтиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG