Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:41

Обама Фаластин давлати тарафдори


Обама¸ Яқин Шарқда тинчлик ўрнатишни¸ ўз маъмурияти олдидаги устивор вазифалардан бири қилиб белгилаган.
Обама¸ Яқин Шарқда тинчлик ўрнатишни¸ ўз маъмурияти олдидаги устивор вазифалардан бири қилиб белгилаган.

Пайшанба куни Оқ уйда Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббосни қабул қилган АҚШ президенти Барак Обама¸ Яқин Шарқда муқим тинчлик ўрнатишнинг асосий шартларидан бири¸ минтақада мустақил Фаластин давлати ташкил этиш эканини такрорлади.

АҚШ президенти Барак Обама Яқин Шарқ тинчлик ташаббуси доирасида Исроилга босимни кучайтирмоқда, бироқ Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу ўз коалицион иттифоқчилари томонидан сиёсий босимга учраётганини рўкач қилиб, Фаластин давлати ташкил этишнинг аниқ муддатини белгилашдан бош тортмоқда.

Пайшанба куни Фаластин президенти Маҳмуд Аббос билан Оқ уйда ўтказилган музокаралардан сўнг журналистлар олдида чиқиш қилган Барак Обама Исроил билан бирга Фаластин давлати ташкил этиш ғоясини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

- Биз Исроилнинг энг ишончли ҳамкоримиз, Исроил барқарорлиги ва тинчлигини кафолатлашдан биз манфаатдормиз.

Бунга эришишнинг энг мақбул йўли, ишонамизки, у ерда барча имкониятлар, жумладан, Фаластин давлати учун замин яратишдан иборат, деди Оқ уй раҳбари.

Обама, ўтган ҳафта Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан ўтказган музокараларда Исроил ҳукумати босиб олинган Фаластин ҳудудларида яҳудийлар учун турар-жой бинолари қуришни тўхтатиши шартлигини таъкидлаганини билдирди.

- Бош вазир Нетаняҳу билан учрашувда йўл харитасига мувофиқ¸ ҳар иккала томон қатор мажбуриятларни ўз зиммасига олганини билдирдим.

Ғарбий соҳилга яҳудий оилаларини кўчиришни тўхтатиш ва бу ерда Фаластин давлати ташкил этиш имкониятини яратиш мажбурияти Тел Авив зиммасига юклатилган.

Фаластин томонининг эса Ғарбий соҳилда хавфсизликни таъминлашда давом этиши муҳимдир, деди Барак Обама.

АҚШ президенти, шунингдек, Фаластин раҳбарияти Яқин Шарқда Исроилга қарши кайфиятни урчитаётганларга қарши чоралар кўрилиши лозимлигини билдирди:

- Президент Аббос билан бўлиб ўтган самимий суҳбат чоғида айрим мактаблар, масжид ва жамоатчилик жойларида янграётган аксилисроил руҳидаги баёнотларни камайтириш муҳим эканлигини таъкидладим.

Боиси¸ бундай баёнотлар тинчлик жараёнига тўсқинлик қилади, деди Обама.

Фаластин раҳбари Аббос эса¸ўз навбатида¸ Обамани Яқин Шарқ бўҳронини ҳал этиш учун муҳлат белгилашнинг ўта муҳимлигидан огоҳлантирди.

Маҳмуд Аббос ўз ҳукумати Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш “Йўл харитаси” режасига мувофиқ ўз зиммасига олган барча мажбуриятларга содиқ қолишига ваъда берди.

- Жаноб президент¸ “Йўл харитаси” борасида халқаро ҳамжамият мажбуриятларини тилга олдингиз. Имкониятдан фойдаланиб, сизни ишонтирмоқчиманки, биз “Йўл харитаси”борасида зиммамизга юклатилган барча мажбуриятларга содиқ қоламиз, деди Фаластин президенти.

Айни пайтда икки раҳбарнинг Оқ уйдаги учрашуви арафасида Исроил ҳукумати Ғарбий соҳилдаги барча қурилиш ишларини тўхтатишга оид АҚШ талабларини рад этди.
XS
SM
MD
LG