Линклар

logo-print

"Буш сиëсати давом этаëтир"

  • Ҳасанжон

Кузатувчилар¸ Андижон воқеалари ортидан 2005 йил ëзида Қарши-Хонобод базасидан ҳайдаб солинган АҚШ қўшинлари учун¸ яна Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликни йўлга қўйиш устивор вазифа эканини таъкидламоқдалар.

Кузатувчилар¸ Андижон воқеалари ортидан 2005 йил ëзида Қарши-Хонобод базасидан ҳайдаб солинган АҚШ қўшинлари учун¸ яна Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликни йўлга қўйиш устивор вазифа эканини таъкидламоқдалар.

Барак Обама президентликка келганидан бери Вашингтон ва Тошкент ўртасидаги муносабатлар тадрижини кузатаëтган айрим мустақил таҳлилчилар¸ Оқ уйнинг Ўзбекистон сиëсатини ана шундай баҳоламоқдалар.

Кейинги пайтларда Ўзбекистон¸ АҚШ нинг Афғонистондаги ҳарбий амалиëтлари учун ўта муҳим мамлакатга айланиб бораëтир.

Бир неча ҳафта аввал Жанубий Корея билан Тошкентда ўтказилган қўшма матбуот брифингида Ислом Каримов¸ ўз ҳукумати АҚШ ва НАТО ҳарбийларининг Корея компаниялари таъмирлаëтган Навоий аэропортидан таъминот базаси сифатида фойдаланишни бошлаганини баëн қилган эди.

Куни кеча АҚШ нинг Ўзбекистондаги элчиси Ричард Норланд¸ Навоийда бўлиб¸ элчихона матбуот вакили Молли Стивенсоннинг айтишича, индустриал иқтисодий зона деб эълон қилинган Навоийда бизнесни ривожлантириш имкониятларини ўрганган.

Маълумотларга кўра, ҳозирда қатор хорижий ширкатлар жумладан АҚШнинг Женерал Моторс (General Motors) ширкати ҳам Навоийдаги эркин индустриал иқтисодий зонадан фойдаланишга қизиқиш билдирмоқда.

Ричард Норланд сафардан сўнг эълон қилган баëнотга кўра, ҳарбий масалаларда фикр алмашиш минтақа тараққиëти учун зарур бўлган иқтисодий ва бизнес соҳасидаги ҳамкорлик ривожига ҳам замин яратади.

Андижон воқеаларидан кейин кескинлашиб кетган Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари сўнгги пайтларда, айниқса, 2007 йил сентябрда Ричард Норланд Ўзбекистонга янги элчи этиб тайинланганидан кейин илиш босқичига кирди.

Айрим кузатувчилар¸ АҚШ Афғонистон муаммосини ҳал қилиш учун Ўзбекистон билан муносабатларни яхшиламоқда¸ деган фикрда.

Озодликнинг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниер фикрича, АҚШ доим Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришга ҳаракат қилиб келган ва ҳозирда ўзаро алоқалар ривожланмоқда. Панниер АҚШ Ўзбекистон билан яқин бўлишга уриниб келгани сабабини шундай изоҳлади.

- Биринчидан, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга мамлакат. Иккинчидан, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг ҳамма давлати¸ жумладан Афғонистон билан ҳам чегарага эга.

Айни пайтда Марказий Осиёда азалдан ўз таъсирга эга бўлган Россия ва иқтисоди шиддат билан ривожланаётган қўшни Хитойга посанги сифатида Ўзбекистон ҳукумати ҳам АҚШ билан алоқаларни яхшилашга доим ҳаракат қилиб келган ва буни ҳеч қачон яширмаган.

Андижонда юз берган қонли воқеаларга АҚШ кескин муносабат билдирганидан кейин муносабатларда муаммо пайдо бўлган эди, дейди Брюс Панниер.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вакили Эндрю Штролайн Озодлик мухбири билан суҳбатда¸ Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари ривожланаётгани¸ аммо бу ривожланиш нотўғри йўналишда бўлаётганини айтди.

Унга кўра¸ Барак Обама АҚШ президенти этиб сайланганидан кейин Ўзбекистонга нисбатан собиқ президент Жорж Буш юритган сиёсатни давом эттирмоқда.

АҚШ аввало Афғонистон муаммосини ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолардан кўз юмиб муносабатларни ривожлантирмоқда. Таҳлилчи фикрича, Афғонистон муаммосини ҳал қилиш учун АҚШ ишончли ҳамкорга эга бўлиши лозим. Инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинмаган авторитар режимлар эса ишончли ҳамкор бўла олмайди.

- Биз буткул изоляция тарафдори эмасмиз. Музокаралар замирида Ўзбекистонни минтақадаги ишончли ҳамкорга айлантириш учун мамлакатда амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотлар масаласи бўлиши керак.

Минтақанинг бошқа қисмига муаммолар экспорт қиладиган давлат билан Афғонистон муаммоларини ҳал қилиб бўлмайди. Бундай мамлакат Афғонистонни қутқаришдек муҳим халқаро миссияни бажаришда бирга ишлаш учун ишончли ҳамкор бўла олмайди, дейди Эндрю Штролайн.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев ҳам АҚШ Афғонистон муаммосини ҳал қилиш учун Ўзбекистон билан алоқаларни ривожлантирмоқда деган фикрга қўшилади.

- Америка Ўзбекистон билан муносабатларни Афғонистон муаммосини ҳал қилиш йўлида¸ ноҳарбий юкларни кўпроқ жўнатиш йўлида ривожлантираяпти деб ўйлайман.

Лекин айни пайтда Америка ўзининг геосиëсатидан келиб чиқиб Марказий Осиë давлатлари билан алоқани ривожлантиришга анча ҳиссасини қўшаяпти. Мен биринчи ўринда¸ Афғонистон муаммосини Марказий Осиë давлатлари иштирокида ҳал қилмоқчи¸ деган фикрдаман, дейди ўзбекистонлик таҳлилчи.

Брюс Панниер фикрича, ҳозирда Ғарб давлатлари, жумладан АҚШ терроризм, одам савдоси, наркотиклар контрабандаси, Афғонистон каби долзарб муаммоларни ҳал этишга саъй-ҳаракат қилмоқда. Афғонистон муаммосини ҳал қилишда Ўзбекистон ёрдам бериши мумкин.

Шу боис¸ Ғарб давлатлари Ўзбекистон билан муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилмоқда. Айни пайтда¸ халқаро ҳамжамият Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммосини ёддан чиқаргани йўқ.

- Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва демократия билан боғлиқ вазият яхшиланмагани афсусланарли ҳол. Дунёга терроризм ва иқтисодий бўҳрон таҳдид солиб турган бугунги кунда¸ айрим муаммоларни айнан ҳозир ҳал этиш, бошқаларини кейинга қолдиришга тўғри келмоқда.

Афғонистон муаммосини ҳал этишда Ўзбекистон билан яхши муносабатга, минтақада ишончли ҳамокрга эга бўлиш долзарб масала. Афсуски¸ ҳозир инсон ҳуқуқлари долзарб масала эмас , дейди Озодликнинг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниер.
XS
SM
MD
LG