Линклар

Ўзбекнинг луғатида универсал бирикмалар бор. Бундай бирикмаларни ўзбек шодлик айёмида ҳам, қайғу соатида ҳам бир хилда муваффақият билан ишлатаверади. Мақтангиси келса ҳам, юпангиси келса ҳам...

Эл қатори.

Ўзбекнинг тилидан тез-тез учиб турадиган ибора бу.

У ёки бу ишни дўндириб қўяр экан, ўзбек гапни "Ҳа, энди, эл қатори..." деб бошлайди ўзини камтар-камсуқум тутиб.

"Эл қатори дала ҳовлимизга кичкинагина бир уйча солдик, даҳлизига 100 минглик бир қандил осиб қўйибмиз. Долларда 100 минглик. Эл қатори".

"Эл қатори бир аравалик бўлдик. Феррари. Иш-пишга миниб турамиз-да энди. Эл қатори".

"Эл қатори дам олиб келдик. Канарский орол дейдими? Биз тескари томондан бориб олибмиз. Хитой, Япон, Тинч океан, Америка қип бориппиз. Буёқдан борсаям бўларкану?! Африкани биқинида экан-да... Ҳа, энди, дам олиб келдик-да... Эл қатори".

Ўзбекнинг қўли юпқароғиям ҳеч паст кетмайди.

Бир пайтлар янгилигида одми бўлган хитойи кўйлагининг сўл енгини ўнг, ўнг енгини сўл қўли билан силаб, (кўзингиз енгда: ҳилвираб турган кўйлакни бармоқларнинг қабариқ-йиртиқлари илиб-титиб юбормасмикан, деган хавотирдасиз) ўша ўзбек гапираяпти:

"Эл қатори том солиб олдик. Яхшиям бурноғи йили 3-4 минг гувала думалатиб қўйган эканман. Эшиклариям кенг-ковур бўлди. Ёнбошлатиб, сал қийшайтирган эдик¸ сандал ҳам сиғиб кетди, олиб кириб ўрнатиб олдик. Эл қатори".

"Эл қатори дам олиб келдик. Пахтани чеканкадан чиқаргандан кейин. Сой бўйида бир чойхона бор экан. Бирам ош бўлди, бирам ош бўлди... Мазза қилдик. Эл қатори".

Ҳа, ўзбек эл қатори ўғил уйлайди, қиз чиқаради эл қатори.

Ўзбек эл қатори дастурхон солади.

Наманганда - янги келинчакли хонадонлардан бирида ёзилган ҳайит дастурхонига ижарага олинган торт қўйилгани тўғрисидаги хабар бир умр ёдимдан чиқмаса керак.

Тўйидаям элга қарайди ўзбек, азасидаям.

Ўзбек эл учун туғилади. Ўлиш керак бўлса, эл қатори индамай ўлиб ҳам бераверади.

Мана шуни билгани учун ҳам Оқсаройнинг PR технологлари ўртага “ёниб яшаш керак”лиги тўғрисидаги шиорни ташлаган-да!

У шиорни нотўғри дейишга кучи етадиган ўзбек ҳали туғилмаган.

"Ўзи учун яшай деганда умр тугаб қолиши"ни ҳар бир ўзбек тушунади. Умри тугаб қолганида тушунади.

Унгача эса ўзбек эл қатори яшайди.

Балки адашаётгандирмиз.

Балки “эл қатори” иборасини ўзбек суиистеъмол қилар?

Ахир Канар оролларида дам оладиган бадавлат ўзбекнинг истироҳати билан чойхонада ош еганидан яйрайдиган ўзбекнинг севинчи ўртасига тенглик аломати қўёлмайсиз-ку?!

Ахир қандай қилиб иккала ўзбек битта элнинг қаторида бўлсин?!

Демак, “эл қатори” ибораси бир ҳижоб экан-да?

Бадавлат учун қаппайган кармонини эл кўзидан яширгувчи ҳижоб экан-да?

Камбағал учун “эл қатори” ибораси ўкинчини унуттирувчи юпанч экан-да?

"Халқ қандай бўлса, ҳукумати ҳам ўшандай", дейишади.

Шу фикр ростга ўхшайди, десам, фикрини ҳурмат қиладиганим илм одамлари “халқ бошқа, ҳукумат бошқа” дейди.

Илм одамларининг деганларини эшиттиришдан олдин уларни суҳбатга тортишга ҳамда “эл қатори” ибораси тўғрисида узундан-узоқ чайналишимга ундаган сабабга етиб келдик.

CA-NEWS ахборот агентлиги ўтган ҳафтада тарқатган бир хабарга қараганда, Ўзбекистонда ёши 18 га тўлмаган болалар кўтарадиган юк вазни чегаралаб қўйилди.

Меҳнат ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамкорликда қабул қилган қарорда айтилишича, ёши 16 билан 18 нинг орасида бўлган йигит-қизлар, агар иши юк кўтариш ва ташиш билан боғлиқ бўлса, кўтарадигани юкнинг вазни 4,1 кгдан ортиқ бўлмаслиги керак.

Агар юмуши иш вақтининг учдан биридагина юк кўтариш билан боғлиқ бўлса, юк вазни ўғил болалар учун 6,5 кгдан, қизлар учун 3,5 кгдан ортмаслиги лозим.

Ёши 16 га тўлмаганларга эса, 2 кгдан зиёд юк кўтартириш мумкин эмас.

Бу маълумотларни эшитган ўзбекларнинг орасида хаёлига дарҳол пахта терими тушмаганлар бўлса, ундайлар ўзбек эмас.

Бир этак пахтанинг вазни Ўзбекистон ҳукумати белгилаб қўйган меъёрдан оғир эканлигини ўзбекнинг боласи аниқ билади.

Ўзбекнинг боласи 6-8 этак пахтани қандай қилиб 2 этакка жамлаб боғлашни, 35-40 килоли тош босадиган тугунни қандай қилиб елкага олволишни билади.

Бола кўтарадиган юк вазнини чегаралаб қўйган вазирликлар бу талаблар бажарилмаслигини билмайдими?

Билади, албатта. Лекин таомил шундай. Шундай ҳужжат бўлиши керак. Шундай ҳужжат тайёрлаб қўйилди.

Эл қатори.

Илғаяпсизми эл билан элнинг ҳукумати ўртасидаги боғлиқликни?

"Демак, халқ қандай бўлса, ҳукумати ҳам ўшандай, деганлари рост экан-да..." десам, "йўқ", дейди кескин қилиб педагог олим Абдулла Абдурраззоқ.

- Чунки Ислом Каримов ҳокимиятга келганданоқ ëлғон гап билан келди¸ ëлғон ваъдалар билан келди. Бошидан бошлаб шу вақтга қадар унинг сўзи бошқа¸ иши бошқа¸ қонун бошқа¸ ҳаëт бошқа бўлиб келаяпти.

Радио 1992-1993 йилларда демократия ҳақида гапирарди¸ ҳозир ҳам шундай. Бош қомусимизни олиб қарасангиз, 80-90 фоиз демократик. Партиянинг номи ҳам халқ демократик партияси.

Амалда демократия деганлар¸ демократик йўлдан боришни истаганларнинг ҳаммаси қамоқда¸ қувғинда ва қийинчиликда¸ дейди Абдулла Абдураззоқ.

Абдулла Абдураззоқ шу кунда Ўзбекистонда эмас. У Норвегияда яшамоқда. Бу мамлакат ҳукумати ҳам кўтариладиган юк вазнини чеклаб қўйган.

- Бу ерда 25 килодан ортиққа рухсат бермаган. Бунга амал қилинади. Қонун бор ва шу ишлайди¸ дейди Абдулла Абдураззоқ.

Бу чеклов катталар учун.

Абдулла ака шундан сўнг мавзуни Ўзбекистонга кўчирди.

Абдулла Абдураззоқ: Бундай қонун қабул қилишнинг ўзи бир ютуқ. Лекин буни халққа енгиллик бериш мақсадида қилаëтгани йўқ. Бизда қонунлар демократик дейди.

Халқаро комиссия келадими¸ бошқалар келадими - “Мана биз одимма-одим демократия сари бораяпмиз. Ҳаттоки болаларимизга ғамхўрлик қилиб¸ улар қанча кило юк кўтариши мумкинлигигача қонунда белгилаб қўйганмиз. Мана, марҳамат” деб, олдига қўйиб кўрсатиш учунгина қилинаëтган мунофиқ иш бу.

Озодлик: Балки бу ўзбекчиликдан келиб чиқадиган нарсадир? Эл қатори деган гапнинг бошламаси бор. Балки давлат юритишда ҳам ўзбек шунақа миллий зеҳниятидан келиб чиқар¸ келиб чиқаëтгандир?

Абдулла Абдураззоқ: Мен бунга қўшилмаган бўлардим. Албатта миллий зеҳният оз-моз бўлади¸ лекин бу ерда у ҳал қилувчи фактор эмас. Бу ерда иш яна ўша мунофиқликка¸ сўзи бошқа¸ иши бошқаликка бориб тақалади.

Ислом Каримов шу пайтга қадар ўзининг ҳар битта қилган ишини халқаро андозалар билан ўлчаб кўрсатиб, “Мана мен бундай қилаяпман¸ ундай қилаяпман” дейиш учунгина қилиб келаëтгани азалдан маълум.

Бу ҳам шунинг битта шакли, холос. “Бизнинг қонунларимиз шунча адолатли. Биз шунчалик демократик йўлдан бораяпмиз” деб, ўз ҳаëтини халқаро ташкилотларга бўяб кўрсатиш учун қилинаëтган навбатдаги найранг.

Озодлик: Домла¸ сиз билан биз мунофиқликнинг илдизи қаерда, деб излаяпмиз-да. Мунофиқликнинг илдизи қаерда?

Абдулла Абдураззоқ: Миллий урф-одатларимизнинг дунëда кўз-кўз қилса бўладиган гўзал¸ саховатли жиҳатлари борки¸ буларни бошқа ëққа бурмаганимиз маъқул.

Озодлик: Миллатдан эмас экан¸ унда нимадан?

- Ҳалигача коммунистик зеҳният давом этиб келаяпти. Бир маъруза қилиб турганида Каримов: “Балиқ бошидан сасийди”, деб юборди. Кейин шундай ўйлаб қотиб қолди ва “Йўқ¸ йўқ¸ йўқ. Мен бу ерда янглиш гапирдим. Балиқ бошидан сасимайди. Балиқ тагидан сасийди. Пастдагилар чирияпти”, деган гапни айтиб, ҳаммага кулги бўлди.

У ўшанда “Балиқ бошидан сасийди” деган ҳақ гапни айтиб юборди. Ана шу балиқ бошидан сасиб¸ ë Оллоҳ дейман¸ бу анча узоқ вақт давом этиши мумкин¸ шу қадар одамларда меҳр-оқибат бузилди¸ аввалги саҳоват камайди.

Мунофиқлик ниҳоятда авжига чиқди. Чунки қонун мунофиқни ҳимоя қиладиган бўлаяпти. Қонун ҳақиқатни айтганни ҳимоя қилмайди¸ дейди педагог олим Абдулла Абдураззоқ.

Ўзбекистондан қочиб чиқиб, шу кунда Норвегия ҳукумати берган сиёсий бошпанада яшаётган педагог олим Абдулла Абдураззоқдан сўнг Тошкентда яшаётган адабиётшунос олим Бахтиёр Исабекни суҳбатга тортдик.

Ишламаслиги кундай равшан бўлган қонуну қарорлар қабул қилаётган ҳукумат тўғрисида гапирар экан, Бахтиёр ака мана бундай деди.

Бахтиёр Исабеков: Бу тўғридан-тўғри ҳукуматнинг кўзбўямачилигига бориб тақаладиган нарса. Бу кўзбўямачилик ҳозирги жорий ҳукумат ҳокимият тепасига келгандан бери қилиб келаëтган ишининг бир давоми. Яъни амалга ошмайдиган ишларни халқаро миқëсда кўрсатиш учун қилинаëтган иш.

Бу қонун Ўзбекистон аҳолисига¸ ўзбек болаларига кўпроқ тегишли эмаслигини ўзингиз ҳам билиб турибсиз¸ ҳамма ҳам билиб турибди. Шунинг учун мен буни ҳукуматнинг халқаро ташкилотлар кўз олдида қилаëтган кўзбўямачилиги, деб биламан.

Озодлик: Шу кўзбўямачиликнинг илдизи қаерда?

- Бунинг илдизи¸ менинг ишончим комил бунга¸ ҳукуматнинг чиқишидан. Яъни бу ҳукумат совет даврида шаклланган¸ совет давридаги йўлни қабул қилиб¸ "мустақил бўлдик" деб эълон қилгандан кейин ҳам ҳамма нарса ўша руҳда¸ ўша йўналишда давом этаëтганлиги учун ҳам бунинг илдизи ҳозирги ҳукуматнинг совет ҳукумати давоми эканлигида.

Бу ҳукумат доирасидан пастга ҳам тушмайдиган¸ юқорига ҳам чиқмайдиган нарсалар. Бу ҳукумат тўла совет замонида ҳосил бўлган ҳукумат ва буларнинг йўналиши ҳам совет ҳукуматининг сиëсатини давом эттираëтган нарса¸ дейди адабиётшунос олим Бахтиёр Исабеков.

Қаранг, азиз муштарий, чет элда яшаётган олим ҳам, мамлакат ичидаги олим ҳам бир хил фикрни билдирди.

Ки бугун тилга олинган ҳужжат - ёши 18 га тўлмаган болалар кўтарадиган юк вазнини чегаралаб қўйиш тўғрисидаги қарор хўжакўрсинга қабул қилингандир.

Хўжакўрсин сиёсат юритиш эса ҳукуматга коммунистлардан мерос.

Бўлса бордир.

Лекин менинг кўнглим барибир тўлмади.

Мен, барибир, Наманганда - янги келинчакли хонадонлардан бирида ёзилган ҳайит дастурхонига қўйилган тортнинг ижарага олингани ортидаги сабабларни тўла тушунолмаяпман.

Балки Сиз биларсиз?

Балки бирон нима дерсиз?

Алоқадор

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG