Линклар

30 май куни Хелсинкининг Хартволл Арена стадионида ўзбекистонлик Руслан Чагаев ва россиялик Николай Валуев ўртасида бўлиб ўтиши керак бўлган жанг қолдирилди.

Бокс бўйича ўта оғир вазндаги жаҳон чемпиони ўзбекистонлик Руслан Чагаев ва россиялик Николай Валуев ўртасидаги беллашув бўйича матбуот учун масъул бўлган финляндиялик Пекака Кайдисоя Озодлик мухбири билан суҳбатда жанг қолдирилганини шундай изоҳлади.

- Бунинг сабаби Руслан Чагаев Финляндия бокс федерациясининг тиббий талабларини бажармаганидир, деди Кайдисоя.

Ахборот воситалари маълумотига кўра, жума куни икки боксчининг вазни тортилганидан бир неча соат ўтиб финляндиялик шифокорлар Руслан Чагаевдан икки кун олдин олинган қон таркибида гепатит “Б”нинг енгил кўриниши топилганини маълум қилган. Николай Валуев вирус юқтиришдан чўчиб, бокс тушишдан бош тортган.

Биз Пекака Кайдисоядан “бу маълумот қанчалар тўғри?” деб сўрадик.

- Мен буни шарҳлай олмайман. Ташкилотдаги лавозимим, қолаверса, Финляндия қонунлари бошқа шахснинг саломатлигини шархлашга рухсат бермайди. Бу ҳақда Чагаевнинг ўзи бирор гап айтиши мумкин, деди Финляндия вакили.

Руслан Чагаев билан боғланишнинг имкони бўлмади. Аммо биз Чагаевнинг бош мураббийси ёрдамчиси, жаҳон чемпиони Артур Григорян билан боғланишга муваффақ бўлдик.

Григорян Руслан Чагаевнинг қони таркибида гепатит “Б”нинг енгил кўриниши борлиги аниқлангани ҳақидаги маълумотни рад қилмади. Унинг Озодлик радиосига айтишича, финляндиялик шифокорлар қарори Чагаевнинг ҳафсаласини пир қилган.

- Руслан бу жангга пухта тайёргарлик кўрган эди. Шифокорларнинг қарори унинг кайфиятини бироз бузди, дейди
Артур Григорян.

Биз Кайдисоядан Чагаев ва Валуев ўртасидаги учрашув қачон бўлиши ҳақида сўрадик.

- Билмадим. Менимча, энди ўйин қачон бўлиши масаласини “WBA” бокс федерацияси ҳал қилади, деди Финляндиялик вакил.

Артур Григорян эса Руслан Чагаевнинг мураббийлари ва у шуғулланадиган Юниверсум бокс клуби учрашувни яқин фурсатда ўтиши учун ҳаракат қилаётганини айтди.

- Биз бу масалани бундай ҳал қилмоқчимиз. Биз бу жангни икки ҳафта ичида Финляндияда эмас, балки бу ерда - Германияда ўтказиш ҳаракатини бошладик. Шу ҳафтада учрашув қачон ва қаерда бўлишини биламиз, деб ўйлайман, деди Артур Григорян.

30 май куни Хелсинкининг Хартволл Арена статионида Чагаев ва Валуев учрашувидан ташқари яна олтида жанг бўлиши режаланган эди.

Пекака Кайдисояга кўра, бокс кечасига салкам ўн мингта кириш чиптаси сотилган.

Хартвол Арена чипталарни 70 евродан 290 еврогача бўлган нархда сотган.

Кайдисоя бокс кечасининг асосий жанги бекор қилинганига қарамай, Хартвол Арена стадионида бошқа олти учрашув бўлиб ўтишини айтди.

Руслан Чагаев 2007 йил апрелида ўтказилган дастлабки жангда очколар бўйича Николай Валуев устидан ғалаба қозониб, “WBA” таснифи бўйича ўта оғир вазндаги жаҳон чемпиони камари соҳиби бўлган эди.

Шундан кейин Чагаев ва Валуев ўртасидаги икки учрашув, яъни ўтган йилнинг 31 майи ва 5 июлига белгиланган учрашувлар Чагаевнинг саломатлиги сабабли кечиктирилганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG