Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:58

Арнасойлик деҳқоннинг фиғони фалак


Арнасойлик деҳқонлар икки йил давомида ўз пешона тери билан ўзлаштирилган ташландиқ ерларнинг туман расмийлари томонидан пулдорларга бериб юборилишидан норозилик билдирмоқдалар.
Арнасойлик деҳқонлар икки йил давомида ўз пешона тери билан ўзлаштирилган ташландиқ ерларнинг туман расмийлари томонидан пулдорларга бериб юборилишидан норозилик билдирмоқдалар.

Жиззах вилоятининг Арнасой туманида 100 га яқин деҳқон туман расмийлари ҳаракатидан норози бўлиб, фермер хўжалиги раиси Оля Алиқуловани гаровга олди.

- Ҳоким келади деган эди, ҳокими ҳам йўқ, бошқаси ҳам йўқ, ҳозир Оля опани Бештомни ўзида қамаб ўтирибмиз, дейди деҳқонлардан бири.

Деҳқонлар фермер хўжалигида ишлаб, тирикчилик учун ҳар йили бериладиган томорқа ерларидан маҳрум бўлганлиги, бу ерлар туман ҳокими томонидан шоли экиш учун четдан келган пулдор одамларга сотиб юборилганидан норозилик билдирмоқдалар.

- Вазият жуда чатоқ, ака. Мана, қаранг, халқ шундай тўпланиб ўтирибди. Бу ҳамма томонимиз йўқ бўлди-ку...

Озодлик: Нима бўлди ўзи?

- Ҳали бир сотих ҳам томорқа экканимиз йўқ. Ерларимизга қаерлардандир бойваччалар келиб эгалик қиляпти. Икки йилдан бери бу ерларни лой кечиб ер қилдик. Энди бола-чақамизни қандай боқамиз? дейди жиззахлик деҳқонлардан бири.

Биз 30 май куни Тошкент вақти билан соат 16 да Арнасой туманида деҳқонлар томонидан гаровга олинган собиқ “Тошкент-Шайхонтоҳур” фермер хўжалиги раиси Оля Алиқулова билан боғланишга муваффақ бўлдик.

Унинг айтишича, 29 май кечқурун соат 9 дан кейин уни фермер хўжалигининг “Бештом” деган дала шийпонида деҳқонлар гаровга олганлар ва ўшандан буён уни қўйиб юбормаяптилар:

- Мени 75 та одамим ҳозир қўзғолон кўтариб, ҳокимни кутиб ўтирибди. Мени гаровга олишиб, бир минутга ҳам чиқаришмаяпти.

Деҳқонлар: “мана, сизлар бизни алдадинглар, томорқага ер бераман, деб икки йилдан бери ишлатасанлар. Ўтларни тозалатдинглар, энди бойваччалар келиб, биз тайёр қилган ерга шоли экишмоқчи. Биринчи айбдор сен, иккинчи айбдор ҳоким!” деб эрталабдан бери ҳеч қаерга чиққани қўймасдан олиб ўтиришибди.

Қирқ марта телефон қилдим. Ҳоким ўринбосари қочиб кетди. Милиция қочиб кетди. Прокурор эса: “қамаймиз, қамаймиз” деган бошқа гапга ўтмайди, дейди Оля Алиқулова.

70 ёшга кирган Оля Алиқулова тошкентлик. Икки йил аввал ташландиқ ерлар ҳисобидан Арнасой туманининг “Самарқанд” сувдан фойдаланиш уюшмасида фермер хўжалиги очган эди.

Деҳқонларни жалб қилиб, бу ерларни ўзлаштирди. 600 гектардан ортиқ бу ерларда буғдой, пахта экилди. Деҳқонларга бир парчадан томорқа берилди. Одамлар фақат ўша томорқаси орқасидан тирикчилик қилиб келмоқда эди.

Бу йил эса, Оля Алиқулованинг айтишича, туман ҳокимлиги фермер хўжалигини ёпиб, у ерда ишлаган деҳқонларни ўша бир парча еридан ҳам маҳрум қилган:

- Спонсор бўлиб балога қолдим. Бу ерга ўз ёнимдан пул сарфладим. Давлатдан бир тийин ҳам олганим йўқ.

Бултурдан бери ҳисоб рақамимиз ёпилган, пул йўқ. Ҳоким бир фермерни очади, иккинчисини ёпади, кўнглига келган ишни қилади.

Ўтган йили мени “шоли экдинг” деб, суд қилишганди. 11 ой тергов берганман. Бу йил эса мана ўзлари шоли экиб ўтиришибди.

“Шоли экамиз” деб, бизнинг одамларни томорқа ерларидан ҳайдаб чиқаришди. Шунинг учун бу ишчиларим мени ушлаб ўтиришибди.

Плёнка тагига тарвуз экканлар мана гердайиб юрибди. Лекин бултурдан бошлаб ишлаган бизнинг оддий деҳқонларга томорқа ҳам йўқ, пул ҳам йўқ, дейди Оля Алиқулова.

Фермер хўжалигининг ишчиси Мурод ака ўша 85 деҳқонлардан бири. У деҳқонлар фермер хўжалиги раисини гаровга олишга мажбур бўлганликларини айтади.

- Менинг бешта болам бор. 1979 йилдан буён шу совхозда яшайман. Неча йиллардан буён ташландиқ бўлиб ётган ерни Оля опа келиб ўзлаштирди. Ҳаммамиз ишладик.

“Ўроқда йўқ, машоқда йўқ” деганларидек, ер тайёр бўлганда Оля опани фермерликдан бўшатиб ташлаб, бизни ҳам ҳайдаб солишди. Шунинг учун Оля опани ушлаб турибмиз-да, “бизга берган ваъдаларингни бажар” деб. Чунки бизни ишлатган.

Натижада эса томорқа ҳам йўқ, иш ҳам йўқ. Ахир бу ерлар бир тўқай эди. Уни тозалашнинг ўзи бўладими? Қанча меҳнат, қанча харажат... “Камбағални туянинг устида ит қопибди” деганлари шу бўлса керак, дейди Мурод ака.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Шукур аканинг айтишича, бу ерлар туман ҳокими томонидан четдан келган бойваччаларга шоли экиш учун сотиб юборилмоқда. Лекин бу ерларни ер қилиш учун пешона тери тўккан маҳаллий аҳоли эса ҳеч вақосиз қолаяпти.

- Ҳоким билан гаплашгандик, “бугун келаман” деганди, алдаб кетди, келмади. Келолмайди ҳам. Чунки ҳамма ерни шолига сотиб юборган. Бири Хоразмдан келган, бири Қўқондан келган, ҳамма ерни эгаллаб бўлди, дейди Шукур ака.

Бир умр деҳқончилик қилган одамларнинг айтишларича, уларнинг яккаю якка тирикчилик манбалари ана шу 20-30 сотих ер. Бошқа ҳеч нарса йўқ.

- Энди ўзингиз ўйлаб кўринг - мана шу 70-80 оила энди қишда қандай кун кўради? Бир ишонгани ана шу ер эди. Бизда бошқа даромад йўқ. Иш йўқ.

Шу ердан олган ҳосилимизни бозорга чиқариб, бир амаллаб қишлигимизни қилиб олардик.

Одамлар қиши билан лой кечиб, буғдой суғорди, ер тайёрлади, семичка экди, пахта экди... Техника билан қиладиган ишни ҳаммасини қўл билан қилди. Биз мана энди бўп қолади, деб умид қилиб турувдик.

Уч кундан бери “Нексия”, “Жип”ларда ҳар хил одамлар келиб, 100-200 гектарини сотиб олдим деб, айланиб юришибди. Энди халқ нима қилади - ҳайронмиз. Ҳаммамизнинг бошимиз қотиб қолди, дейди Шукур ака.

Бизнинг бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Арнасой туман ҳокимиятига қилган қўнғироқларимиз натижа бермади.

Арнасойлик юзга яқин деҳқон, агар туман ҳокимияти уларнинг муаммосини ҳал қилмаса, вилоят ҳокимлиги олдида норозилик намойиши ўтказишини айтдилар.

Озодлик радиоси Арнасойдаги воқеалар ривожини кузатиб боради.
XS
SM
MD
LG