Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:27

Наркотик оқими камаймаяпти


Тожикистон Наркотикларни назорат қилиш агентлиги ўзининг ўн йиллик юбилейи арафасида бир тоннадан зиёд банг моддаси йўқ қилингани ҳақида хабар тарқатди.

Агентлик вакиллари ўтган 10 йиллик давомида бу рекорд кўрсатгич эканини таъкидламоқдалар.

- Йўқ қилинган наркотикларнинг катта қисми агентлигимиз ходимлари олиб борган амалиётлар натижасида мусодара қилинган.

Жорий йил бошидан буён тахминан 2 тоннага яқин наркотик модда ноқонуний савдодан тўхтатиб қолинди.

Бу ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда бир неча бараварга кўпдир, деди Тожикистон наркотикларни назорат қилиш агентлигининг матбуот хизмати ходими Бобожон Шафиев.

Шафиевга кўра, қўлга олинаётган бангфурушларнинг аксарияти афғонистонлик фуқаролардир.

Аммо 2008 йил давомида афғон героинини Ғарб ва Европа давлатларига олиб чиқишга уринган бошқа миллат вакиллари, жумладан, малайзиялик ва италиялик фуқаролар ҳам қўлга олинган.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 28 май куни чегарачиларни касб байрамлари билан табриклаш баробарида афғон афюнининг Тожикистон ҳудудига олиб ўтилишига чегара хизматчилари орасида томир отган порахўрлик сабаб бўлаётганини ҳам урғулаб ўтган эди.

- Афғонистондан олиб ўтилаётган наркотик моддаларнинг минтақа ва у орқали Ғарб ҳамда Европа давлатларига тарқалишининг олдини олишда чегарачилар кўпам жон куйдираётгани йўқ.

Бутун жаҳонга ажал уруғини тарқатаётган гуруҳларга қарши курашиш вазифаси бўлган мамлакат куч ишлатар тизимлари, жумладан, чегара ходимлари орасида порахўрлик кузатилади, деганди Имомали Раҳмон чегарачилар кунида сўзлаган нутқида.

Бу эътирофдан кейин орадан бир кун ўтгач, яъни 29 май куни Бадахшон ҳудуди чегара постида хизмат қилаётган 3 аскар порахўрликда айбланиб қўлга олинди.

Хоруғ туманидаги ҳарбий прокурор ёрдамчиси Маҳмадвафо Маҳмадвафоев Озоди радиоси билан суҳбатда бу аскарлар афғонистонлик ва тожикистонлик фуқароларни пора эвазига чегарадан ноқонуний ўтишига кўмаклашганликда айбланаётганини маълум қилди.

Исми ошкор қилинишини истамаган бадахшонлик фуқаро чегараларда порахўрлик тобора илдиз отаётгани сабабли афғон қорадориси Тожикистонга аввалгидек граммлаб эмас,балки тонналаб ўтказилаётганини айтади.

- Буни ҳамма билади, аммо ҳеч ким чора кўрмайди, бир-икки нафар аскарнинг жазоланганини эътиборга олмасак. Чунки наркотиклар савдосидан нафақат наркобарон, балки ўша чегарачилар ҳам, уларнинг катталари ҳам манфаатдор, дейди бадахшонлик суҳбатдош.

Тожикистон наркотикларни назорат қилиш агентлиги маълумотларига кўра, бу идора ўтган йил давомида тахминан 11 тонна наркотик моддани ноқонуний савдодан тўхтатиб қолган.

Наркотикларни назорат қилиш агентлиги раиси Рустам Назаров афғон наркотикларига қарши Тожикистон бир ўзи кураша олмаслигини таъкидлаш баробарида “агар минтақа давлатлари бу муаммо юзасидан ҳамжиҳатликда иш олиб бормаса, Марказий Осиёга олиб кирилаётган наркотиклар миқдори келгуси йиллар бундан ҳам ошиб кетиши мумкин”лигини таъкидлади.

Тожикистонлик кузатувчи Исмоил Раҳматов тожик-афғон чегараси Россия чегарачилари томонидан қўриқланган йилларда наркотиклар хавфи бугунгидек хатарли бўлмаганини, “ҳамма бало улар Тожикистонни тарк этганидан сўнг бошланган”ини айтади.

- Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон билан Тожикистон бу муаммо ҳал қилишда бир ёқадан бош чиқариши лозим. Чунки афғон қорадориси Афғонистондан Тожикистонга ва ундан эса транзит давлат ҳисобланмиш Ўзбекистонга, сўнгра Ғарб давлатларига олиб кетилади.

Менимча, Ўзбекистон ва Тожикистон давлат раҳбарлари ўзаро гина- кудуратни йиғиштириб қўйиб, тобора хатарли тус олаётган ноқонуний банг савдосига қарши курашишга жиддий аҳамият қаратишлари шарт, дейди мустақил кузатувчи.
XS
SM
MD
LG