Линклар

logo-print

Ереванда илк бор мэр сайлови ўтказилаяпти


Арманистонда пойтахт Ереван аҳли шаҳар ҳокимини сайламоқда.

Бу ўтган йили қон тўкилиши билан ўтган президентлик сайловидан буён ўтказилаётган илк кўппартиявий сайловдир.

2008 йилда арман мухолифати президентлик сайлови натижалари сохталаштирилгани ҳақида баёнот берганидан сўнг мухолифат тарафдорлари ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берган эди. Оқибатда 10 киши қурбон бўлган.

Ўтган йилги президентлик сайловида ҳозирги президент Серж Саркисянга ғалабани бой берган собиқ президент Левон Тер-Петросян бу йил Ереван шаҳри мэри лавозими учун ўз номзодини илгари сурган. У мухолифатдан номзод сифатида сайловда иштирок этмоқда.

Иқтидордаги Республикачилар партияси эса ҳозирги мэр Гагик Бегларян номзодини илгари сурмоқда. У сайловда овоз бериб бўлгач, журналистларга интервью берди.

- Бу ҳар бир ереванлик учун жуда муҳим бўлган сайлов ва менинг бу сайловдан умидим катта. Бу эркин ва холис сайлов бўлсин! - дея хитоб қилди Ереван ҳокимлигида қолиш учун ҳаракат қилаётган Гагик Бегларян.

Ереванда мэр сайлови Арманистон мустақилликка эришган 1991 йилдан буён илк бор ўтказилмоқда. Бунга қадар пойтахт ҳокимини президент тайинлар эди.
XS
SM
MD
LG