Линклар

"Исёнчи" деҳқонлар қўрқитилди

  • Садриддин Ашур

Арнасойлик деҳқонлар ўзлари икки йил давомида ишлов берган ерларнинг эндиликда бошқаларга ўтиб кетишидан норози бўлмоқдалар.

Арнасойлик деҳқонлар ўзлари икки йил давомида ишлов берган ерларнинг эндиликда бошқаларга ўтиб кетишидан норози бўлмоқдалар.

30 май куни Жиззах вилоятининг Арнасой туманида маҳаллий расмийлар ҳаракатидан норози бўлиб, ҳокимият томон юриш қилмоқчи бўлган деҳқонлар милиция ёрдамида уй-уйларига тарқатиб юборилди.

Жиззах вилоятининг Арнасой туманида юзга яқин деҳқон туман расмийлари ҳаракатидан норози бўлиб, фермер хўжалиги раиси Оля Алиқуловани гаровга олгани ҳақида Озодлик кеча хабар қилганди.

Алиқуловани гаровда ушлаб турган деҳқонлар, кечгача ҳокимни кутгандан сўнг тоқатлари тоқ бўлиб, гаровдаги раиса билан биргаликда туман ҳокимиятига бормоқчи бўлганлар. Оля Алиқулова бу ҳақда шундай дейди:

- “Мени қўйиб юборинглар” десам¸ туманга олиб бор бизни, дейишди. Шундай туманга қараб йўлга чиқаëтган эдик¸ ҳоким ва милиция етиб келди.

Ҳоким одамларга дўқ ура бошлаган эди, мен: “Дўқ урманг. Бу ҳеч кимнинг провокацияси эмас. Булар ҳақини талаб қилаяпти. Ойлик бермагандан кейин¸ ер бермагандан кейин мана шундай бўлади. Бу ерда мен айбдор. Чунки мен бера олмадим. Менда муҳр йўқ”, деган гапларни айтдим.

Кейин одамларимиздан¸ бошқалардан сўради. “Эртага келамиз¸ мажлис ўтказамиз. Ким қолади¸ ким кетади - ҳал қиламиз” деб айтди.
Мажлис ўтказилди ва бизни сургун қилди.

Хўжаликдаги ҳокимнинг яқин югурдаги бўлган фермер Рустам Комбоев ўзининг қариндошларини йиғиб келиб, “Алиқулова территориядан чиқиб кетсин¸ у қилсин¸ бу қилсин” деган гаплар бўлди¸ дейди Оля Алиқулова.

31 май куни хўжаликнинг учинчи бўлимида туман ҳокимлиги, прокуратураси, милицияси иштирокида мажлис ўтказилди.

Оля Алиқуловани деҳқонларни гиж-гижлаган деб, хўжаликдан чиқиб кетиши ҳақида қарор қабул қилишди. 30 май куни Озодлик радиосига интервью берган деҳқонлар туни билан участка нозири ёрдамида қўрқитиб чиқилди:

- Кечаси билан мени қўллаб-қувватлаганларнинг ҳаммасининг уйига кириб: “Агар Алиқуловани қўллаб-қувватласаларинг¸ ҳаммаларинг ерсиз қоласан. Нега гапирдинглар? Нега бу ишни қилдинглар?” деб қўрқитиб чиқишган¸ дейди Оля Алиқулова.

Оля Алиқулованинг айтишича¸ 30 май кунги воқеалар тўғрисида Озодлик радиосига интервью берган деҳқонларга ҳам тазйиқ ўтказилмоқда:

- Кеча сизларга интервью берган Муроднинг уйига эрталаб эрта билан участка нозири ва Рустам Комбоев бориб, “Нега Озодликка интервью бердинг? Нега сен Алиқуловани ҳимоя қилдинг? Нега сен бу гуруҳга қўшиласан” деб анча савол-жавоб қилишибди. Кейин кеча интервью берган Шукур деган кишининг ҳам “Нега ундай қилдинг” деб уйига келишган¸ дейди Оля Алиқулова.

Оля Алиқулова тилга олган Мурод исмли деҳқон 30 май куни Озодликка қуйидагиларни айтганди:

- Менинг бешта болам бор. 1979 йилдан буён шу совхозда яшайман. Неча йиллардан буён ташландиқ бўлиб ётган ерни Оля опа келиб ўзлаштирди. Ҳаммамиз ишладик.

"Ўроқда йўқ, машоқда йўқ" деганларидек, ер тайёр бўлганда Оля опани фермерликдан бўшатиб ташлаб, бизни ҳам ҳайдаб солишди.

Шунинг учун Оля опани ушлаб турибмиз-да, бизга берган ваъдаларингни бажар деб. Чунки бизни ишлатган.

Натижада эса томорқа ҳам йўқ, иш ҳам йўқ. Ахир бу ерлар бир тўқай эди.

Уни тозалашнинг ўзи бўладими - қанча меҳнат, қанча харажат. "Камбағални туяни устида ит қопибди" деганлари шу бўлса керак¸ деган эди Мурод ака.

Оля Алиқулованинг сўзларига кўра, исён кўтарган деҳқонлар туман ҳокимининг янги ваъдаси билан тинчлантирилган. Яъни уларга томорқа учун ерни шоликорлар бериши ҳақида ваъда қилинган.

- Булар: “Мана шу ердан Алиқулова тез кетсин ëки бўлмаса унинг устидан "деҳқонларни қўзғолон кўтаришга бошлади" деган сиëсий айб билан қамаймиз” деган мақсадда бугун прокурорни ҳам олиб келган.

Мен: “Одамлар мана айтсин- мен уюштирдимми ëки йўқми”, дедим. Одамлар: “Йўқ¸ биз ҳақимизни талаб қилдик” деб, қўрқмасдан тўғрисини гапирди¸ дейди Оля Алиқулова.

Бироқ¸ Оля Алиқулова фикрича, бу ишларнинг ҳаммасини туман ҳокимининг кўрсатмаси билан ўша хўжаликдаги катта фермер хўжалиги раҳбари Комбоев Рустам амалга оширмоқда. Оля Алиқулова ҳақсизликка қарши энди курашга киришишини айтади.

- Ер тозаланиб, фойдаланишга яроқли ҳолга келтирилгандан кейин Комбоев ва бошқаларнинг чўнтагига пул тушиши керак-ку. Энди Қорақалпоғистондан одам олиб келиб, шоли экармиш. Шолини мен ҳам экардим. Менинг одамларим ҳам экарди.

Гапни қаранг: Мен сизларга ерни бўлиб бераман¸ ерни олган қорақалпоқ сизларга ер бўлиб беради. Бу “Қўявер Алиқуловани. Мана сизларга биз ер берамиз. У ўз оëғи билан кетсин” деган гап.

Мен энди ўз оëғим билан ўзим кетмайман. Агар мени қамаб қўймаса¸ мен очлик эълон қилиб, тўғри президентга кираман. Энди булар билан мен курашаман¸ дейди Оля Алиқулова.

Биз туман ҳокими Файзулло Салоҳиддиновнинг мобил телефонига бир неча бор қўнғироқ қилдик. Бироқ ҳоким жаноблари биз билан гаплашишни истамади шекилли, қўнғироқларимизга жавоб бермади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG