Линклар

“Мен байрамни тушунмайман”

  • Гулнора Равшан

Тожикистонда ҳам оиласига қарашиш мақсадида кунини бозору кўчаларда ўтказадиган болалар талайгина.

Тожикистонда ҳам оиласига қарашиш мақсадида кунини бозору кўчаларда ўтказадиган болалар талайгина.

1 июн бутун жаҳонда Болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида нишонланади. Аммо минтақанинг аксар давлатларида бўлгани каби Тожикистонда ҳам жуда кўп бола йилда бир келадиган бу айёмни хурсандчилик билан ўтказмайди.

Бугун сизларга улардан бири ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

Қаҳрамонимиз Озода бу йил учинчи синфни битирди. У Душанбе шаҳрига туташ Ваҳдат туманига қарашли Тангаи қишлоғида касалманд онаси ва ўзидан кичик икки укаси билан бирга яшайди.

Унчалик катта бўлмаган бу оила сут сотиш орқасидан кун кечиради. Сутни эса ҳали ўзининг оғзидан сути кетмаган Озода сотади.

- Ҳар куни 5 литр сут сотаман. Литри 2 сомонийдан. Кунига 10 сомоний ишлайман, дейди эндигина 10 ёшга қадам қўйган Озода.

“10 сомонийга (2 доллардан сал кўпроқ – таҳр.) нималар сотиб оласан?” деб сўраймиз қизалоқдан.

- Ҳеч нарса олмайман, аямга бераман шакар ва нон олишлари учун, дейди Озода.

Дугоналари билан ўйнаш ўрнига онаси ва укаларини боқаётган бу қизалоқ сут сотиш учун ҳар куни бир неча километр масофа босиб, бир ўзи шаҳарга келади.

- Онам сил касал. Отам Россияга кетганида мен ҳали мактабда ўқимас эдим. Ҳали келган йўқ. Аям ҳар кун кўчамизнинг бошидаги дарахт соясида отамни кутиб ўтиради, дейди Озода.

Жажжи суҳбатдошимиз йўл олислиги ўзини чўчитмаслиги айтаркан, ягона қўрқадигани кўчадаги дайди итлар эканини айтади.

- Укаларингдан бирортасини ўзингга йўлдош қилиб олсанг бўлмайдими?” дея сўраймиз Озодадан.

- Улар ҳали жуда кичик. Мен пода кетмай тураман, уларни уйғотиш қийин, дейди қизалоқ.

Озода шаҳарга сут олиб кирганида ҳали шаҳарликларнинг кўпчилиги ёстиқдан бош кўтармаган бўлади.

Қаҳрамонимиз бошқа сут сотувчилар сингари “Молоко, сутга келинг!” деб бақирмайди. Унинг доимий мижозлари бор.

- Уларнинг эшигини таққилатаман. 1 литрдан сут олишади. Баъзида ҳали сут бор деса, бошқаларнинг эшигини тақиллатаман. Улар олади. Лекин бир хилги одамлар уришиб беради “уйғотвординг” деб, дейди анча эскириб қолган пойабзалининг тешилган учи билан ер чизиб Озода.

Сўнгра у қуюқ тим қора қошлари тагидаги ўйчан кўзларини бир нуқтага тикиб, нималарнидир ўйлаб қолади.

Юракни эзувчи бу манзарадан тезроқ ҳалос бўлиш ва қизчанинг хаёлида ғужғон ўйнаётган паришон ўйларни қувиш мақсадида яна уни саволга тутамиз - “Байрамларни яхши кўрасанми?”

- Билмасам. Мен байрамни тушунмайман, дейди Озода.

Эътибор қилган бўлсангиз, қизалоқ “байрамни яхши кўрмайман ёки билмайман” демаяпти, шунчаки “байрамни тушунмайман” деяпти. Балки у ҳам барча тенгдошлари қатори байрамларда ўйнаб-кулишни яхши кўрар, балки у 1 июн куни айнан болаларга, уларни ҳимоя қилишга бағишланган кун эканини ҳам билар. Аммо Озода бу байрамда бировдан меҳр-мурувват кутиш, совға-салом умид қилишга ҳадди сиғмайди - қизалоқ бунақа ўй ўйлашга ўрганмаган.

Унинг бутун ўй-хаёли шаҳарга олиб келадиган сутни итларга таланмай сотиб олишу ҳар кунга оби ёвғонга етадиган пулни онасига эсон-омон етказиб бериш.

Озода: “Нега гўдак бўлишимга қарамасдан, мени ишлашга мажбур қилаяпсизлар?” дея бировга таъна қилишниям хаёлига келтирмайди. Кимга ўпка қилади ахир – касал онасигами, ҳали хат танишга улгурмаган укаларигами ё Россияга кетганича дараги бўлмаётган отасигами? Балки у мамлакат болаларига ғамхўрлик қилиш ҳақида оғиз кўпиртирувчи мансабдор амакилардан ўпка қилиш керакдир?

Тожикистон 1999 йили “Болалар ҳуқуқларини ҳимоялаш” тўғрисидаги халқаро Конвенцияга қўшилган.

Бироқ орадан 10 йил ўтса ҳамки, “Халқаро болалар куни” нишонланадиган 1 июнда амалдаги ҳукумат томонидан Озода ва унга ўхшаган кам таъминланган оила болаларига бирор амалий ёрдам кўрсатилгани ёки шу тоифа болалар учун махсус байрам тантанаси уюштирилгани ҳали бирор марта кузатилмаган.

Албатта, Душанбе шаҳар ҳукуматининг марказдаги 1- ва 2-Болалар уйига тақдим этган озиқ-овқат ва болалар ўйинчоқлари бундан мустасно.

Марказий Осиё давлатларининг бошқа давлатлари каби Тожикистонда ҳам болалар ҳуқуқларини ҳимоялаш, улар меҳнатидан фойдаланмаслик ҳақида кўп гапирилса-да, аммо мамлакатдаги ҳақиқий аҳвол бошқача. Отаси меҳнат муҳожирлигига кетган ёки кетиб қайтмаган ўнлаб оилалар фарзандлари бугун мактабни қўйиб, бозорга чиқишга мажбур бўлмоқдалар.

Бугун биз ҳикоя қилган Озодахон ҳам ўшалардан бири.
XS
SM
MD
LG