Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:38

Ҳавода муаллақ қолаëтган қўл


Кузатувчилар фикрича¸ Тошкент раҳбарияти мамлакатдаги ҳар қандай норозиликка қурол ва куч ишлатар тизимлари зўравонлиги орқали жавоб қайтаришни афзал билиб келмоқда.
Кузатувчилар фикрича¸ Тошкент раҳбарияти мамлакатдаги ҳар қандай норозиликка қурол ва куч ишлатар тизимлари зўравонлиги орқали жавоб қайтаришни афзал билиб келмоқда.

26 май куни Андижонда рўй берган портлашларга оид ўта сийрак ахборотга таяниб туриб таҳлилчи ва оддий ўзбекистонликлар бу ерда ўзи нима бўлди¸ нега бўлди ва ким айбдор¸ деган саволларга жавоб топишга уринмоқдалар.

25 майдан 26 майга ўтар кечаси Андижон вилоятида содир бўлган воқеалар мавзусига бағишланган бугунги эшиттиришимизда таниқли таҳлилчи Камолиддин Раббимов, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева, андижонлик қочқинлар томонидан ташкил этилган “Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилоти вакили Жаҳонгир Усмонов ва Андижондан инсон ҳуқуқлари фаоли Саодатхон иштирок этади.

Энг аввало Андижондан иштирок этаëтган суҳбатдошимизга мурожаат қилсак. Саодатхон, нималар бўлаяпти, Андижон тинчми?

Саодатхон: Андижон ҳозирча тинч. Мен касал эдим.

Озодлик: Одамлар нима деяпти?

Саодатхон: Одамлар ҳеч нарса дегани йўқ. Ҳамма тинч, кўчада бемалол юрибди.

Озодлик: Сиз билан Мўътабар Тожибоева гаплашмоқчи.

Мўътабар Тожибоева: Ассалому алайкум¸ Саодатхон.

Саодатхон: Ассалому алайкум, Мўътабар опа яхшимисиз? Тузукмисиз?

Мўътабар Тожибоева: Яхши раҳмат. Андижонда яна қон тўкилишлари бўлганлиги ҳақида эшитиб, хавотирга тушдик. Бугун қурултойга чақиришган эди, янгиликлар эшитаманми деб жуда ҳам хурсанд бўлдим.

Озодлик: Саодатхон¸ биз билан алоқада бўлиб туринг. Мухбирларимиз Хонободдаги воқеалар хусусида гувоҳлар билан суҳбатлашиб мана бу овозларни ëзиб олишган эди.

- Роса гумбурлади. Биз уни момақалдироқ деб ўйлабмиз. Мен тўрт маротаба эшитдим. Гумбур-гумбур тўрт марта бўлди-да. Милицияхонанинг қоровулхонасининг буткасини портлатиб юборишибди. Почтанинг ойнаси синибди.

- Тунги 1 лар атрофида¸ деярли 1 эди. Милицияхона портлади дейишаяпти, аммо бориб кўрганимиз йўқ.

- Кечаси соат бир-иккиларда милицияхонанинг олдида отишма бўлиб, портлатиб юборишибди.

- Соат 01.10 да бўлибди. Мен гумбурлаганини эшитдиму, лекин ер қимирлади шекилли деб¸ аҳамият бермабман. Эрта билан ишхонага борсам шунақа гап бўлди.

Бу Хонободдаги воқеалар гувоҳларининг фикрлари эди. Воқеа бўлган кунининг ўзиëқ Республика Бош прокуратураси матбуот котибаси Светлана Ортиқова вазият ҳақида Озодликка қисқа ахборот берди:

- Ҳақиқатан жиноий воқеа содир бўлди. Блокпостга номаълум шахслар томонидан ҳужум уюштирилди. Ҳозирда жиноят иши қўзғатилиб, тезкор қидирув гуруҳи ташкил этилиб, жиноятчилар шахсини аниқлаш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳужум қилганларга жавоб қайтарилди. Ҳалок бўлганлар, тан жароҳати олганлар йўқ. Худога беадад шукур ҳозирда вазият барқарор, деди 26 май куннинг биринчи ярмида Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котибаси.

Кечга бориб Ўзбекистон Бош прокуратураси ЎзА агентлиги орқали маълумот тарқатиб, бир аскарнинг ўлганлиги ва бир худкушнинг Андижонда ўзини портлатиб юборгани тўғрисида қўшимча маълумот тарқатди. Бор гап шу. Бугунги вазият борасида (дастур 28 май куни ëзиб олинган) Андижонга боғланганимизда мана бундай маълумотни олдик.

- Машиналар шаҳарга киритилмаяпти. Туманлардан қатнаëтган машиналар шаҳар чеккасидан қайтаяпти. Шаҳарга умуман ҳеч қандай машина киритилмаяпти. Одамлар шаҳарга машинадан тушиб кириб кетишаяпти.

- Ҳамма йўллар тўсиб қўйилган. Маршрутларни шаҳарнинг ичига киргизишмаяпти. Шаҳарга кириши керак бўлганларни маршрутка 36 постнинг олдига ташлаб қўяяпти. Улар кейин пиëдалаб шаҳарнинг ичига кириб кетаяпти.

Бу 26 май кунидан кейинги вазият ҳақида андижонликлар фикрлари эди. Саодатхон сиз нима дейсиз?

Саодатхон: Тўғрисини айтсам¸ мен бунчалик бўлиб кетганлигини билганим йўқ. Ҳозир одамларнинг гапларини эшитиб ўзим ҳам таажжубга тушаяпман. Чунки мен касалхонада эдим.

Мен телевидение орқали вилоят ҳокими Усмоновнинг гапини эшитдим. “Ўликлар йўқ, ярадорлар бор. Қандайдир жиноий гуруҳ чегарага ҳужум қилди. Портлаш бўлди. Тинчланинглар, ҳеч қанақа уруш-жанжал йўқ” деган гапини эшитдик¸ холос.

Мен ўзим Шаҳрихонда яшайман. Бизнинг Шаҳрихонда тинчлик. Қатнов ҳам ўз йўлида менинг билишимча. Мен бугундан ишга чиқдим. Ҳеч кимда ҳеч қанақа ваҳима гап ҳам йўқ. Ҳамма тинч юрибди.

Озодлик: Жаҳонгирбек¸ мана яқинда сизлар¸ яъни андижонлик қочқинлар “Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилотини туздингизлар. Бу воқеадан озгина ўтар-ўтмас мана бу воқеалар содир бўлди. Бу воқеалар орасида боғлиқлик борми?

Жаҳонгир Усмонов: Мен бу ишларнинг боғлиқлик жойи бор деб ўйламайман.

Озодлик: Бу сизлардан ўч олиш мақсадида қилинмаганмикан?

Жаҳонгир Усмонов: Балки шундай бўлаëтгандир, лекин ҳукумат бундай услуб билан ўч олади деб ўйламайман.

Озодлик: Мана шу воқеа боис, сизларнинг яқинларингизга тазйиқлар бўлаëтгани, уларнинг ҳуқуқлари чекланаëтгани ва энг камида бир кишининг қамаб қўйилгани тўғрисида маълумотлар келаяпти. Бунга аниқлик кирита оласизми?

Жаҳонгир Усмонов: Бунақа воқеалар бўлаяпти. Мана яқинда Европада яшайдиган бир дўстимизнинг оиласига ниқобли одамлар кирган. Унинг уйида аëли ва учта гўдак фарзанди бўлган.

Ниқобли одамлар уларга кўчага чиқмасликни айтиб¸ қаттиқ қўрқитишган. Бу ҳолат бир нечта жойларда бўлди. Бу дўстимиз Андижонга яқин бўлган туманда яшарди.

Озодлик: Мўътабар опа¸ сиз мана ҳозир Франциядасиз. Яқинларингиз билан боғланиб вазиятни ўргандингизми?

Мўътабар Тожибоева: Мен Андижонда қон тўкилишлар бошланишини эшитишим билан боғланишга ҳаракат қилдим.

Ҳозирги кунда ўзлари Европада яшаëтган, аммо оила аъзолари Андижонда қолганлар билан боғланганимда¸ улар ўз оила аъзоларига мана шу воқеалардан кейин жуда катта тазйиқ бўлаëтганини, оила аъзоларига паспортларини тайëрлаб туришлари кераклиги айтилганини айтдилар.

Бугун тонг саҳарда Фарғона вилояти Бувайда туманидан Зулфия Акбарова телефон қилди. У йиғлаб “Ҳаттоки Андижонда содир бўлган навбатдаги воқеа ҳам Ўзбекистондаги мансабдорларни коррупциядан тўхтатиб қололмаяпти. Маъмурий орган томонидан менинг оиламга тазйиқ кучайиб кетди. Ëрдам беринг жон синглим” деб телефон қилди.

Озодлик: Сиз айтаëтган Бувайдадаги одам билан Хонободда содир бўлган воқеалар орасида қандай боғлиқлик бор?

Мўътабар Тожибоева: Йўқ, булар орасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ. Мен фақатгина бугун эшитганларимни айтаяпман¸ холос.

Мен Андижонда содир бўлган навбатдаги қон тўкилишини “Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилотининг тузилиши билан боғлиқ деб ҳисоблайман. Сабаби¸ Ўзбекистон ҳукумати мана шу ташкилот вакиллари қўлида Ўзбекистон ҳукуматининг Андижон воқеаларида асосий айбдор эканлигини кўрсатувчи жуда кўп ҳужжатлар борлигини тушуниб етди.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ҳукумати яна жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистонда террористик ҳаракатлар кучаяëтгани ва ҳар доим Ўзбекистонга исломий террористик гуруҳлар томонидан босим бор эканлигини кўрсатиш учун фитна уюштирган деб ўйлайман.

Озодлик: Камолиддин, навбатдаги таҳлилий саволларни сизга берсам. Бу воқеаларнинг андижонлик қочқинлар томонидан ташкилот тузилишига қанчалик боғлиқлиги бор? Мўътабар опа айтган “ҳукумат иши” версиясига қандай қарайсиз? Республика Бош прокуратураси айтганидай воқеа жиддий бўладиган бўлса, нега Каримов бемалол Лотин Америкасига жўнаб кетди?

Камолиддин Раббимов: Биз бор маълумотларни қўшиб, вазиятни таҳлил қилишимиз керак. Кеча www.uznews.net сайтида бир маълумот чиқди. Бу маълумот www.ferghana.ru сайтида ҳам чоп этилган эди.

Унга кўра, Ислом жиҳоди ташкилоти Хонободда бўлган воқеаларни ўз бўйнига олган ва биз буни қилдик¸ деб таъкидлаган.

Озодлик: Бу энди жуда заиф ҳужжатда. Бу провокация ҳам бўлиши мумин.

Камолиддин Раббимов: Мен ҳам бу нарсани улар қилди¸ деб таъкидлаб айтаëтганим йўқ. Мен “бу фикрни ҳам инобатга олишимиз керак” деб айтаяпман¸ холос.

Иккинчидан¸ бизда ҳукуматнинг бу нарсага қанчалар алоқадор эканлигини исботловчи далиллар йўқ. Шунинг учун бу нарсани таъкидлаб айта олмаймиз.

Лекин бу версияни соқит қилиб бўлмайди. Бу версияни ҳам кузатишга тўғри келади. Ҳозирги пайтда бу воқеаларни ким қилганлигини ва устувор мақсад нима эканлигини билишимиз жуда қийин.

Лекин бир қанча вазифаларни белгилашимиз мумкин. Яъни бу тадбирнинг биринчи мақсади Ўзбекистондаги вазиятни чайқаш¸ Марказий Осиëда шаклланган вазиятни қайтадан беқарорликка келтириш.

Имзосига эътибор берадиган бўлсак, кичик бир гуруҳ келиб мана шу тадбирни ўтказиб, воқеа жойидан ғойиб бўлаяпти. Буни катта тадбир дейиш қийин.

Лекин мана шу кичик тадбир билан хавфсизликка таҳдид қилиш ëки вазиятни бутунлай издан чиқаришга интилиш кузатилаяпти.

Бундай тадбирларни амалга ошириш одатда қийин эмас. Буни ҳар қандай гуруҳ ëки махсус хизматлар амалга ошира олади.

Озодлик: Андижонликлар тузган ташкилот билан боғлиқлик борми ўртада?

Камолиддин Раббимов: Мен ҳозирча бирор нарса дейишга жуда қийналаман. Чунки вазиятни кузатишда ҳали давом этаяпмиз. Бу воқеанинг бўлганига уч-тўрт кун бўлаяпти¸ холос.

Кейинчалик андижонлик қочқинларнинг яқинларига бўладиган муносабатдан хулоса чиқаришимиз мумкин бўлади. Ташкилотнинг асосий иштирокчилари Ўзбекистон измида эмас. Улар ташқарида.

Биринчидан, ҳукумат, агар хоҳласа, бошқа ҳар қандай йўллар билан ўша ташкилотга босим ўтказиши мумкин.

Иккинчидан¸ ташкилот тузилган пайтда “Биз орқага қайтмаслик шарти билан ўзимизнинг ташкилотимизни туздик” деган фикр айтилди. Бу ҳам ҳукумат учун маълум бир сигнал бўлиши керак.

Ҳукумат тарихан Андижон воқеаларини мутлақ яшириб бўлмаслигини яхши билади. Ҳукуматнинг қўлидан барча нарса келиши мумкин, бироқ ўлган одамларни тирилтира олмайди.

Қанча одам ўлганлиги ва ким томонидан ўлдирилганлиги фақатгина вақт масаласи. Бу содир бўлган воқеалар Каримовнинг Андижон воқеаларидан кейинги манфаатларига унчалик тўғри келмайди.

Озодлик: Башорат ва тахминлардан олдин баъзи бир саволларга жавоб топиш зарур. Асосий савол ҳокимият масаласи. Яъни Ўзбекистонни ким бошқармоқда? Каримовми ëки Каримов оила аъзоларидан бирими? Бу саволнинг келиб чиқиши Ўзбекистонда нотинч вазият бўлиб турган пайтда¸ Каримовнинг бамайлихотир Бразилияга кетиши билан боғлиқ.

Камолиддин Раббимов: Портлашлардан бир неча соат ўтиб Каримов учиб кетди. Бу ерда ҳақиқатан қизиқ саволлар пайдо бўлади. Биринчидан¸ буни амалга оширган гуруҳ Каримовнинг планлари тўғрисида маълум бир информацияга эга бўлган бўлиши керак.

Иккинчидан¸ Каримов бир неча ой олдин келишилган планларни бекор қилиб, учрашувни бекор қилганда, вазият ундан ҳам таранглашиши мумкин эди.

Менинмча, Каримовга “Вазият назорат қилинаяпти” деб маълумот берилгандан кейин Каримов Бразилияга сафарини бекор қилмади ва бир неча соат ўтар-ўтмас учиб кетди.

Ким вазиятни бошқараяпти¸ деган саволга мен бундай жавоб бера оламан. Стратегик қарорларни Каримовнинг ўзи қабул қилаяпти. Асосий қарорларни Каримов қабул қилади, лекин Каримов Ўзбекистондаги вазият тўғрисидаги тўлақонли маълумотларни ололмайди.

Чунки унинг мойилликларидан келиб чиқиб унга комфорт информация беришга ҳаракат қилишади. Каримовга уч-тўртта каналлар бор. Бу каналлар доимо бир бири билан кучли рақобатда.

Булар бир бирининг манфаатини имкон қадар бўғишга ва ўз манфаатини парваришлашга ҳаракат қилади. Булар Каримовнинг иккита-учта давлат маслаҳатчиси, унинг оиласи ва кучишлатар тизимлар.

Асосий қарорни қабул қилувчи шахс бу Каримов. Ўзбекистонда альтернатив ахборот ресурслари мавжуд эмас.

Шунинг учун Каримовга маълумот фақатгина бюрократия орқали киради. Бу бюрократия ўзининг манфаатларидан ва Каримовнинг кайфиятидан келиб чиқиб маълумот беради.

Озодлик: Биз бу борада Россия Федерал хавфсизлик хизматига яқин бир манба билан суҳбатлашганимизда, Ўзбекистон хавфсизлик хизматининг ичида Россияга мойил гуруҳ борлиги ва бу гуруҳ Ўзбекистонда ўзгаришлар учун тагзамин яратаëтганини иддао қилди. Бу нарса қанчалик ҳақиқатга яқин?

Камолиддин Раббимов: Хонободда бўлган воқеа Ўзбекистон ва Ўзбекистон ҳукумати атрофидаги геосиëсий вазиятга таъсир қилади. Мана шундай мақсад қўйилган бўлса, бу мақсадга бир қадар эришилаяпти.

Озодлик: Бу портлашлар Россия манфаатига ишлаяптими?

Камолиддин Раббимов: Йўқ. Бир томондан бундай деб айтиш қийин. Чунки мана шу тадбирдан кейин Марказий Осиëдаги геосиëсий ўйинчилар ўзларининг манфаатларини вазиятдан келиб чиқиб шакллантиришга ҳаракат қилади.

Бир томондан Россия бундан ютишга ҳаракат қилса, бошқа геосиëсий ўйинчилар бунга қараб турмайди. Менда ўша шахснинг фикрларини тасдиқловчи маълумотлар йўқ. У киши бу гапларни ҳужжат ва далиллар билан келтирса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бундай террористик актлар ëки хуружлар Марказий Осиë атрофидаги геосиëсий вазиятга жиддий таъсир қилади. Иқтисодий ва сиëсий манфаатларга маълум бир зарба беради.

Чунки дунëда жуда катта капиталлар оқиб юради. Инвесторлар мана шундай акцияларни кўргандан кейин оëғини тортади ëки ҳадиксирай бошлайди.

Сиëсий режимлар бир томондан мана шундай воқеалар орқали ўзининг манфаатини моделлаштиришга, геосиëсий ориентациясини ўзгартиришга ҳаракат қилиши мумкин.

“Биз экстремизм билан курашаяпмиз. Биз ëрдамга муҳтожмиз. Биз дунëвий давлатчилик қуриш учун ҳаракат қилаëтган эдик, мана шундай хуружга учрадик. Шунинг учун биз сизларнинг ¸ яъни Ғарбнинг ëрдамига муҳтожмиз” деган сигналлар берилиши ҳам мумкин.

Бу ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Бир сўз билан айтганда¸ ҳамма фойдаланишга ҳаракат қилади.

Озодлик: Журналистлар баъзи тахминларни илгари сурган. 2005 йил ноябрда "Коммерсант" газетасида Ўзбекистонда вазиятни қалтислаштираëтган Гулнора Каримовадир, деган бир иддаоли мақола чоп қилинди. Шундан бир иқтибос келтираман:

“Исëннинг бир ўчоғи сўндирилди,яъни Андижон. Асосий омил ҳал этилмади”.

Асосий омил сифатида Гулнора Каримова ва унинг "Зеромакс" деб аталган ширкати назарда тутилмоқда.

Бу мақола охирида “Ижтимоий беқарорлик Ўзбекистонда яқиндагина қашшоқлар исëнини бошдан кечирган Қирғизистонга нисбатан ҳам кучлироқ. Айрим кузатувчилар, Гулноранинг айни пайтдаги характери ҳали пайдо бўлмаган исломий исëн учун омилларни яратиб бера бошлади” деган тахминни илгари сурган.

Камолиддин Раббимов: Биласизми, бу ерда кўпроқ урғуни Гулнора Каримовага эмас, умуман ҳозирги жорий ҳокимиятга қаратиш керак. Чунки Гулнора Каримова мана шу ҳокимиятнинг бир бўлаги.

Ҳокимиятдагиларнинг ҳатти-ҳаракати аҳолининг маълум бир қатламида ижтимоий зўриқишга, ижтимоий норозиликларга олиб келади. Жумладан¸ Гулнора Каримова ҳам бундан мустасно эмас. Яъни жорий ҳукумат ва Гулнора ўртасида қарама-қаршилик йўқ.

Озодлик: Камолиддин, шу ерда гапингизни бўлиб Жаҳонгирбекка сўз берсак. Жаҳонгирбек кичик тадбиркорларнинг бир вакили. Кичик тадбиркорлар ўша зўриқишни ҳис қилдими? Эл орасида “Гулнора Каримова жуда кўп ширкатларни тортиб олди” деган гап-сўз юради.

Жаҳонгир Усмонов: Бизнинг бизнесимиз ҳали унинг эътиборига тушадиган даражага айланмаган эди. Бизнинг йўналишимиз қурилиш соҳаси эди.

Биз тўсиқларни ҳис қилардик, лекин бунинг устида маҳаллий ҳокимият, Ўзбекистонда қурилиш соҳасини эгаллаган монополистик гуруҳлар турарди.

Айнан Гулнора Каримова билан бизнинг фирмалар ўртасида зиддиятлар ëки тўсиқлар бўлганини биз сезмаганмиз.

Озодлик: Мўътабар опа, сиз бу борада нима дейсиз?

Мўътабар Тожибоева: Чиройли иншоотлар ëки хусусий фирмалар Гулнора Каримованинг кўзига яхши кўринса, жуда ҳам арзон пулга сотиб олади.

Агар шу хусусий мулкнинг эгаси буни сотишга рози бўлмаса, унинг ҳаëти қамоқда якун топиши билан боғлиқ жуда ҳам кўп фактларни биламан.

Гулнора Каримовани тўймас аждарҳога ўхшатса бўлади. У қанча кўп нарса эгалласа, яна шунча кўп нарса талаб қилаверади.

Озодлик: "Коммерсант" газетаси ëзган “Гулнора Каримованинг иштаҳаси исломий исëн учун омилни яратиб берди” деган иддао нечоғлик тўғри?

Мўътабар Тожибоева: Мен бунга аниқ бир жавоб бера олмайман.

Озодлик: Саодатхон, бу борада сизнинг фикрларингиз борми?

Саодатхон: Ҳозир эшитган фикрларимни таққослаб айтадиган бўлсам, мен Гулнора Каримова ҳақидаги гапларга умуман қўшилмайман.
Тошкентда, катта-катта фирмаларда шунақа гап бордир, лекин мен Гулнора Каримова ҳақидаги бунақа миш-мишларга назар солмаганман. Мен Гулнора Каримованинг яхши томонларини эшитганман, холос.

Тўғрисини айтаман, Гулнора Каримова Наманганда катта қурилиш қилиб, етим болаларга жой берганлигини, санаториялар қурганлигини эшитганман.

Андижон вилоятида катта ишлар қилганлигини, Гулнора Каримовага қарашли эканлигини эшитганман.

Гулнора Каримова Ўзбекистонда спортни ривожлантириш учун спорт жамғарма қилганлигини, спортга ëрдам берганлигини эшитганман.

Озодлик: Саодатхон, ҳозир Андижон тинч-а?

Саодатхон: ......... (Шу ерда Саодатхон опа билан алоқамиз узилиб қолди – таҳр.)

Жаҳонгир Усмонов: Ўзбекистондан туриб гапириш осон эмас. Ўзбекистондаги пропагандалар бўйича, фақат яхши томонларини кўрсатади. Пул қаердан келаëтганини, маблағ қандай топилаëтганини оддий халқ тушунавермайди.

Мўътабар Тожибоева: Мен Гулнора Каримова масаласида озгина қўшимча қилмоқчи эдим. Мен Саодатхоннинг Гулнора Каримова ҳақидаги фикрларини эшитдим.

Мен у кишини тушунаман, чунки Саодатхон Ўзбекистонда яшаяпти. Келажакда фарзандларининг, оиласининг тинчлиги учун ҳам шундай айтиши шарт эди бу аëлнинг.

Қорасув бозоридан битта кичкинагина сумкага қилинган харажатни Андижон шаҳрига олиб ўтиш учун чегарачилар катта миқдорда тўлов талаб қилишади.

Қорасувдан Ўзбекистонга қатнайдиган Гулнора Каримовага тегишли 10 та КамАЗ автомашинаси бор. Бу КамАЗлар учун 154 қарор умуман ишламайди.

Бу машиналар ўтадиган пайтда, чегаралар очиқ туради. Натижада оддий халқ чегарачиларга пул бермаслик учун Гулнора Каримова КамАЗларига юкини юклайди.

Бугунги кунда Ўзбекистон бозорлари 154 қарор ишламаганлиги сабабли Гулнора Каримованинг КамАЗлари олиб ўтадиган ноқонуний товарлар билан тўла.

Жаҳонгир Усмонов: Бу жойлари энди бекитилади. Шунинг учун Ўзбекистонда туриб ҳақиқатни гапириш осон эмас.

Озодлик: "Коммерсант газетаси"нинг “2005 йил Андижон воқеалари ва бошқа воқеаларнинг тагида адолатсизлик ëтибди” деган гапига сизнинг фикрингиз қандай?

Жаҳонгир Усмонов: Адолатсизлик бўлганлиги бу ҳамма биладиган факт. Бу нарсани ҳеч ким инкор қила олмайди.

Озодлик: Ўзбекистонда 1999 йил 16 февралда портлаган бомбалар Ўзбекистон учун янгилик эди. Ундан кейин мана 2004 йилда бўлди, Сурхондарëда жанглар бўлди. Маълум бир тартибда минтақада қурол овозлари эшитила бошлади. Бу нимадан далолат ва бу нимага олиб боради?

Камолиддин Раббимов: Марказий Осиëдаги террористик актларнинг, яъни ҳукумат буни террористик акт деб атайди, уларнинг баъзилари ҳақиқатда мана шу квалификацияга тўғри келади, ассоий қисми Ўзбекистонда бўлаяпти.

Қозоғистон¸ Қирғизистон ëки Туркманистонда бунга ўхшаган воқеалар йўқ. Тожикистонда фуқаролик уруши бўлган бўлса ҳам, мана шунга ўхшаган актлар бўлгани йўқ.

Бу Ўзбекистонда катта манфаатлар тўқнашаëтганлиги, бир томондан адолатсизлик, ижроия ҳокимиятининг ҳаддан ташқари катта бир интеригалар билан сиëсат олиб бораëтганлигини кўрсатади.

Бу давлатнинг рейтингига жуда катта салбий таъсир кўрсатади. Чунки тараққиëтнинг асосий шартларидан биттаси бу барқарорлик. Мана шу барқарорлик Ўзбекистонда йўқ.

Ўзбекистонда конфронтация даражаси анча юқори. Ҳукуматнинг асосий ҳатти-ҳаракати диндорлик даражасини пасайтиришга қаратилган.

Ҳукумат нафақат дунëвий давлат ташкил қилиш, балки дунëвий жамият ташкил қилишга ҳам интилаяпти. Бу вазиятни тўғри тушунмаслик ва совет иттифоқи даврида ижтимоийлашган шахсларнинг атеистик қарашининг ҳосили ҳисобланади.

Бу воқеаларнинг кўпининг олдини олиш мумкин. Тинчлик билан, диалог билан кўп муаммоларни ҳал қилиш мумкин.

Озодлик: Жаҳонгир, мана сизлар ҳукумат билан келишдингизлар. Бир тараф келишувни бажарди, бир тараф бажармади. Бу қанақа бўлади?

Жаҳонгир Усмонов: 2005 йил 13 май воқеаларининг олдини олса бўларди. Бизнинг ҳаракатда экстремистик ҳаракат, агрессивлик йўқлигини давлат жуда яхши биларди.

Шунга қарамасдан бу ҳаракатни йўқ қилиш учун, халқнинг эътиборига тушиб қолганидан бу нарсани йўқ қилиш мақсадида уюштиришди буни.

Озодлик: Муросага интилиш йўғ-а?

Жаҳонгир Усмонов: Йўқ, чунки биз ўша даврларда 23 та инстанцияга мурожаат қилганмиз. Буни Мўътабар опа ҳам билади.

Ариза ëзиш бўйича биз у киши билан жуда кўп мулоқотлар қилганмиз. Бунга Мўътабар опа ҳам гувоҳ.

Озодлик: Қарс икки қўлдан чиқади дейишади. Мўътабар опа, нимага қарс икки қўлдан чиқмаяпти?

Мўътабар Тожибоева: Ўзбекистонда режим ўзгармас экан, ҳеч қачон қарс икки қўлдан чиқмайди.
XS
SM
MD
LG