Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:01

ҲРУ: "Тазйиқлар тўхтатилсин! "


Ҳюман Райтс Уотч Ўзбекистонда расмий идорасига эга бўлса-да¸ ходимларига аккредитация берилмагани боис¸ фаолиятини мамлакат ташқарисидан туриб давом эттиришга мажбур.
Ҳюман Райтс Уотч Ўзбекистонда расмий идорасига эга бўлса-да¸ ходимларига аккредитация берилмагани боис¸ фаолиятини мамлакат ташқарисидан туриб давом эттиришга мажбур.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти раҳбарияти махсус баëнот эълон қилиб¸ унда Ўзбекистонда кейинги кунлар ичи ҳуқуқ фаолларига нисбатан кучайган тазйиқларни кескин қоралади.

Ҳюман Райтс Уотчнинг Европа ва Марказий Осиë бўйича директори Ҳоли Картнер имзолаган баëнот Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазият хавотирли бўлиб қолаëтгани ҳақида бонг уради.

Бу баëнот заруратини ҲРУ ташкилотининг Москвадаги вакили Алисон Гилл изоҳлайди.

Алисон Гилл
: Кейинги икки кун ичида¸ Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алъянсининг камида беш аъзоси инсон ҳуқуқлари борасидаги ўз фаолияти учун ҳибсга олинди¸ тазйиққа учради ва таҳдид қилинди.

Давомли тазйиқ ва қўрқитиш кампаниясининг сўнгги намуналари бўлмиш бу воқеалар¸ Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатдаги ҳуқуқ ҳимоячиларини тўхтовсиз таъқиб этиш борасидаги қарори қатъий эканини кўрсатмоқда.

Озодлик:
Ўзбекистонда ходимлари бўлмаган Ҳюман Райтс Уотч идорасининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга таъсир қилиши учун қандай воситалари бор?

- Шуни айтмоқчиманки¸ бизнинг ташкилотимиз Тошкентда рўйхатга олинган¸ биномиз ҳам бор. Тошкентдаги офисимиз расман машру ҳолатда.

Айни пайтда Ўзбекистонда бизнинг вакилимиз йўқ. Аммо¸ биз Ўзбекистондаги ҳамфикрларимиз билан чамбарчас алоқадамиз. Биз ишлашда давом этмоқдамиз.

Бизнинг Ўзбекистонга жиддий эътиборимиз мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига таъсир ричагларидан биридир¸ дейди Алисон Гилл.

Ташкилот вакиласи Алисон Гиллнинг таъкидлашича¸ Ўзбекистон ҳукумати ҳозирда камида 12 нафар инсон ҳуқуқлари ҳимоячисини фақат ўз фаолияти учун қамоқда сақламоқда¸ бошқа фаоллар¸ хусусан мустақил журналистлар ва сиëсий диссидентлар сиëсий мотивга асосланган айблар туфайли панжара ортида қолмоқда.

Ўзбекистонда давом этаëтган таъқиб-тазйиқларнинг энг сўнгги мисоли ўлароқ Ҳюман Райтс Уотч¸ Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алъянсининг уч аъзоси – Елена Урлаева¸ Саломат Бойматова ва Ильнур Абдуловларга нисбатан 27 май куни рўй берган воқеани келтиради.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига доир ўз ҳисоботини БМТ нинг Тошкентдаги ваколатхонасига топшириш учун эрталаб йўлга чиққан бу учала фаол¸ фуқаролик кийимидаги милиция ходимлари томонидан тўхтатилиб¸ улардан ички ишлар бўлимига бориш талаб қилинган.

Ҳуқуқ фаоллари бунга эътироз билдирганида¸ уч милиционер Абдуловни калтаклашни бошлаган.

Унинг боши¸ кўкраги ва орқасига тепгач¸ ички ишлар ходимлари¸ ҳуқуқ фаолларини машинага тиқиб¸ Миробод бўлимига олиб келишган.

Бу ерда милиция ходимлари фаоллардан инсон ҳуқуқлари вазиятига доир ҳисоботни тортиб олишган ва Елена Урлаевани 10 июнга қадар инсон ҳуқуқлари фаолияти билан шуғулланмаслик¸ ҳеч ким билан учрашмаслик ва бирор пикет ўтказмасликка доир тилхатга қўл қўйдиришган.

- Биз 10 июн куни Тошкентда бўладиган Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан мулоқоти кун тартибига инсон ҳуқуқлари фаолларининг тазйиқ қилинишига чек қўйиш талабини киритмоқчимиз¸ дейди Алисон Гилл.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари фаолларига нисбатан кузатилган босим ва тазйиқлар муносабати билан Ҳюман Райтс Уотч халқаро ҳамжамият¸ биринчи галда Европа Иттифоқини бу воқеаларни расмий Тошкент билан инсон ҳуқуқлари борасидаги навбатдаги мулоқот марказига қўйишни сўради.

Алисон Гиллга кўра¸ Ҳюман Райтс Уотч каби ташкилотнинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини яхшилаш борасидаги чақириқлари керакли қулоқларга¸ албатта¸ етиб боради.
XS
SM
MD
LG