Линклар

logo-print

АҚШ автомобилсозлари касодга учрамоқда


Банкротлик бўйича федерал ҳакам Артур Гонсалес автомобил ишлаб чиқарувчи АҚШнинг йирик Chrysler ширкати қимматбаҳо қоғозларини Италиянинг Fiat ширкатига сотиш қарорини маъқуллади.

Қарорга биноан эндиликда Fiat янги компаниянинг 20 фоиз улушига эгалик қилади ҳамда келажакда яна 31 фоиз акцияларни сотиб олиш ҳуқуқига эга.

Айни пайтда General Motors корпорациясининг расман банкротлик аризасини топшириши кутилмоқда. General Motors АҚШ саноати тарихида синишини эълон қилган энг йирик автомобилсозлик ширкати бўлади.

Хабарларга кўра, General Motors ва АҚШ расмийлари ўртасидаги корхонани қайта ташкил этишга оид келишувга мувофиқ, ҳукумат 60 миллард АҚШ долларига тенг ёрдам эвазига ширкатнинг 70 фоиз улушини ўз назоратига олади.

АҚШ ҳукумати General Motors корпорациясига молиявий ёрдам эвазига ширкатни қайта ташкил этишга оид режани тақдим этиш учун 1 июнгача мухлат берган эди.

Синиш ҳақидаги ариза топширилгандан сўнг АҚШ президенти Барак Обаманинг General Motors истиқболига оид чиқиш қилиши кутилмоқда.

АҚШ автомобилсозлик соҳасида энг катта ва салоҳияти бўйича жаҳонда иккинчи ўринни турувчи – General Motors корпорациясига бундан 100 йил аввал асос солинган ва унинг 30дан ортиқ мамлакатда корхоналари бор.
XS
SM
MD
LG