Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:06

Ким нимадан чўчимоқда?


Айрим кузатувчилар¸ КХШТ қошида тезкор кучлар тузиш билан Россия¸ НАТО нинг Шарққа қараб кенгайишига томошабин бўлиб турмаслигини кўрсатмоқчи.
Айрим кузатувчилар¸ КХШТ қошида тезкор кучлар тузиш билан Россия¸ НАТО нинг Шарққа қараб кенгайишига томошабин бўлиб турмаслигини кўрсатмоқчи.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ўз ичида тезкор кучлар тузиш орқали ҳарбий қудратини оширмоқчи ва бу билан¸ айрим кузатувчиларга кўра¸ Москва етагидаги мазкур ташкилот НАТО билан беллашмоқчи.

Коллектив хавфсизлик шартономаси ташкилоти доирасидаги коллектив тезкор кучлар асосини Россия ҳарбийлари ташкил этади.

КХШТ матбуот хизмати раҳбари Виталий Струговец яқинда Озодлик билан суҳбатда бу янги гуруҳнинг танк, артиллерия қўшинлари ва Каспий денгизидаги ҳарбий флотдан ташкил топажагини айтган эди.

- Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан алоҳида батальонлар иштирок этади. Ҳар бир давлат қўшини ўз ҳарбий базасида туради, зарурат пайдо бўлганда оловли нуқтага ташланади¸ деган эди КХШТ расмийси.

Бироқ КХШТ ташкилий бўлими бошлиғи Александр Кузнецов, ҳозирча бу кучларга оид узил-кесил келишув тузилди¸ дейишга эрталигини айта туриб¸ бу масаланинг 14 июн куни КХШТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирларининг Москвада бўлиб ўтадиган йиғилишида муҳокама қилинажагини билдирди:

- Ҳозирча бу ҳаммаси режа¸ холос. Масала 14 июнда бўладиган йиғилишда ҳал қилинади, деди Александр Кузнецов.

КХШТнинг аввалги йиғилишларида Ўзбекистон томони ўз қўшинларини Коллектив тезкор кучларга доимий беришга рози бўлмаган ва ўз ҳарбийларининг фақат айрим операцияларда қатнашиши мумкинлигини билдирган эди.

Бу ҳолатда бу янги ҳарбий тузилманинг қудрати қандай бўлади?

- Албатта¸ ҳар бир давлат ўзи ҳал қилади бу масалани. Ҳеч кимнинг бўйнидан судраб олиб кириш нияти йўқ. Ислом Каримов қандай қарор қабул қилса¸ шундай бўлади, дейди Александр Кузнецов.

Москвалик мустақил таҳлилчи Павел Фельгенҳауэр Ўзбекистоннинг бу янги тузилмага ўз қуролли қўшинларини доимий жўнатишга рози бўлмагани сабабини шундай изоҳлайди:

- Қўшинларни доимий фойдаланиш учун юбориш улардан мамлакат ичида фойдаланиш имкониятини камайтиради. Зеро¸ ҳозир Ўзбекистонга ҳам ташқаридан¸ ҳам ўз ичидан хавф бор.

Бу қўшинлар Ўзбекистон ҳукуматига ички сиёсий вазифаларни бажариш учун доим керак бўлади, дейди мустақил таҳлилчи Павел Фельгенҳауэр.

Бошқа бир москвалик таҳлилчи Александр Гольцнинг айтишича, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг КХШТга нисбатан тутган ўзига хос ва ўзгарувчан сиёсати бор:

- Жаноб Каримов доим жуда нозик сиёсат олиб боради. Бу сиёсатидан у кўп нарсага эришди.

Андижон воқеалари, сўнгра халқаро изоляцияда қолганидан сўнг у Россиянинг гўёки ишончли шеригига айланди.

Ғарб давлатлари Ўзбекистонга нисбатан сал юмшоқ сиёсат юрита бошлаганларидан сўнг, Ислом Каримов бу имкониятдан ҳам дарров фойдаланиб қолди.

Мен¸ энди у баланслаштирилган сиёсат олиб боряпти, деб айтган бўлардим, дейди мустақил таҳлилчи Александр Гольц.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Кремл бу янги ҳарбий тузилмани тузиш билан икки мақсадни кўзламоқда.

Биринчиси, НАТОга рақиб ҳарбий блок тузишга ҳаракат, иккинчиси эса, Афғонистон томонидан келаётган хавфга тайёр туриш.

КХШТ вакили Кузнецов , биринчи талқинни рад этади:

- Йўғ-э, қўйсангизчи. НАТОнинг бирлашган кучлари олдида бу кичик гуруҳ нима бўпти, дейди Кузнецов.

Ҳарбий таҳлилчи Александр Гольц, Россиянинг жанубдан келиши мумкин бўлган хавфдан чўчиëтгани бор гап¸ деган фикрда.

- Хавф бор, албатта. Келинг¸ тўғрисини айтайлик. Агар АҚШ ва НАТО қўшинлари Афғонистонда ҳеч нарса қилолмай чиқиб кетса, Марказий Осиё давлатларига тўғридан-тўғри катта хавф пайдо бўлади. Бу Россияга хавф дегани. Албатта¸ бунга тайёр туриш керак, дейди москвалик мустақил таҳлилчи Александр Гольц.
XS
SM
MD
LG