Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:55

Байрам тиланчига ҳам байрам


Халқаро болалар куни муносабати билан бошланган “Ҳар бир фарзандга меҳр-эътибор” ҳафталиги ва байрамона тадбирлар Ўзбекистон болаларининг асосий муаммоларини хаспўшлай олмаëтир.

Хоразмнинг чекка қишлоқларидан бирида яшовчи 11 ёшли қизалоқ Нигина байрамларда синглиси билан истироҳат боғларига сайрга боришни орзу қилади.

- Бугун байрам¸ лекин биз ҳеч қаëққа бормадик. Телевизорда болаларнинг паркларда юрганини¸ арғимчоқларда учаëтганини кўрдим. Лекин биз уйда ўтирибмиз.

Онам сайрга боришга пул йўқлигини айтди. Мен ҳам паркка боришни, арғимчоқларда учишни, музқаймоқлар ейишни орзу қиламан, дейди хоразмлик қизалоқ.

Нигинанинг айтишича, синглиси иккаласи Ўзбекистондаги энг нуфузли истироҳат боғи бўлган “Тошкент – Ленд” боғига боришни орзу қилишади.

Суриштириб билсак, “Тошкент – Ленд” боғига кириш нархлари катта ёшдагилар учун 18000 сўм, болалар учун 8000 сўм экан.

Туман марказидаги истироҳат боғига келишга пул топа олмаган Нигинанинг оиласи сингари юзлаб камбағал оилалар фарзандлари учун “Тошкент – Ленд” боғига кириш қўл етмас орзулигича қолиши мумкин.

Шундай бўлса-да¸ “Ҳар бир фарзандга меҳр-эътибор” ҳафталиги доирасида “Тошкент-Ленд” истироҳат боғида ўтказилган тадбир айрим болаларга ушбу боққа текин кириш имконини яратгандек.

ЎзА маълумотига кўра, Тошкент шаҳри ва вилояти, Сирдарё, Жиззах вилоятларидаги меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари Халқаро болалар байрами муносабати билан Тошкент-Ленд боғига таклиф қилинган.

Айни пайтда, 1 июн куни Тошкентдаги ва вилоят марказларидаги айрим истироҳат боғлари ҳам болалар учун бепул хизмат кўрсатган.

Тошкентлик Дилфуза Давронова болаларга яратилган бу имкониятдан хурсандлигини айтади.

- Кўчаларда болалар ота-оналари билан шоду-хуррам юришибди. Кеча укамнинг ва синглимнинг болалари ҳайвонот боғига бориб ўйнаб келишди. Болалари жуда ҳам хурсанд, дейди Дилфуза Давронова.

Манғитлик Робия опа эса озиқ –овқатдан орттириб, болаларини сайр қилдириш имкони йўқлигидан ўкинади.

- Сайр қилдириш қаёқда, фақат емак ва ичмак. Учта фарзандим бор. Уларнинг ҳам кийгиси келади¸ лекин етказиб бера олмаймиз. Навбати билан олиб бераман кийимни. Бирданига ҳаммасига олиб бера олмайман.

Яна китоб-дафтар дегандай. Имконият борича бозор-ўчардан орттириб етказамиз. Етмай қолаëтган вақтлари ҳам бор. Етмай қолган вақтда қарз оламиз. Шундай экан¸ сайр қайдан бўлсин, дейди хўрсиниб Робия опа.

Ҳуқуқ фаоли Суҳроб Исмоиловга кўра, Ўзбекистонда қишлоқ болалари билан шаҳарлик болалар ўртасида катта тафовут бўлиб, айниқса, қишлоқ болаларининг билим олиш ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаяпти.

- Болалар ҳуқуқи бузилишининг конкрет ҳоллари¸ биринчи навбатда¸ мажбурий меҳнатдир. Давлат томонидан болаларнинг қишлоқ хўжалик ишларига¸ хусусан пахта теримига¸ баҳорда мавсумий пахта ишларига мажбурлаб тортилиши кузатилаяпти.

Бундан ташқари¸ турли хил ҳашарларга¸ кўча супуришларга¸ шанбаликларга тортиш ҳам бор, дейди Суҳроб Исмоилов.

Бошқа бир ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев эса, ўзбек болаларининг ҳуқуқлари поймол қилиниши оиладан бошланади деган фикрда.

- Ўзбекистонда энг аввало ўзимизнинг менталитетдан келиб чиқиб қарайдиган бўлсак¸ болаларнинг ҳуқуқи биринчи навбатда оиланинг ўзида поймол қилинади. Ўзбек оиласида болалар оиланинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланмайди, дейди Абдусалом Эргашев.

Аксар маҳаллий кузатувчилар эса, болаларнинг ҳуқуқлари топталишига кўп ҳолатларда қашшоқлик сабаб бўлишини айтишади.

Наманганлик тўққиз ёшли қизалоқ Озодлик билан суҳбатда қамбағаллик боис 10 яшар опаси билан биргаликда гадойлик қилишни айтади.

- Мактабда ўқимайман. Онам бермаганлар. Онам операция бўлганлар. Катта опам кўричак бўлганлар, кичик опам билан кўчада юриб пул сўраймиз, дейди наманганлик қизалоқ.

Наманганлик бу опа-сингиллар ҳам байрам бўлганидан хурсанд.

“Байрамларда кўчалар одамлар билан гавжум бўлгач¸ кўпроқ пул сўраш имкони бўладида”¸ деб изоҳлайди ўз мамнунлигини тиланчи қизалоқлар.
XS
SM
MD
LG