Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:31

Журналист устидан суд бошланди


Дилмурод Саййид шу йилнинг 22 феврал куни Тошкентдаги уйида ҳибсга олиниб¸ Самарқандга олиб кетилган эди.
Дилмурод Саййид шу йилнинг 22 феврал куни Тошкентдаги уйида ҳибсга олиниб¸ Самарқандга олиб кетилган эди.

1 июн куни Самарқанд вилояти жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман суди ўзбекистонлик журналист ва инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Дилмурод Саййиднинг устидан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқишни бошлади.

Уч марта қолдирилган суд¸ ниҳоят 1 июн куни Дилмурод Сайиид устидан қўзғатилган жиноий ишни кўриб чиқишни бошлади.

Дилмурод Саййиднинг жамоатчи ҳимоячиси бўлиб қатнашаётган “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановнинг Озодликка айтишича, суд ўз ишини тарафларнинг шахсини аниқлашдан бошлаган:

Абдураҳмон Ташанов: Бундан ташқари¸ биз ҳимоячилар¸ бугунги суд мажлисида иккита илтимоснома киритишга улгурдик. Суд бунинг биттасини қаноатлантирди¸ иккинчисини қаноатлантирмади.

Озодлик: Илтимосномалар нима ҳақда эди?

Абдураҳмон Ташанов: Дилмурод Саййид жабрдийда бўлиб ўтган¸ яъни товламачилик содир қилди деган одамларнинг устидан ҳозирги пайтда жиноий иш қўзғатилган. Жомбой тумани ички ишлар бўлимида мана шу ишни олиб¸ мана шу суд материаллари билан бирга кўриш бўйича илтимосномамиз қаноатлантирилди.

Суд жараëнини оммавий ахборот воситаларига бериш учун аудио ва видео мосламалардан фойдаланиш тўғрисидаги илтимосномамиз рад қилинди.

Кейинги пайтлардаги энг муҳим ҳолат мени маҳкамага жамоатчи-ҳимоячи сифатида қўйди. Буни қонундаги ўзгаришлардан кейин маълум бир ютуқ деб ҳисоблаш мумкин.

Ҳозир маҳкама жараëни Наврўз Нурмуҳаммедов томонидан олиб борилаяпти. Маълум даражада адолатли¸ анчагина объектив¸ бизнинг гапларимизни инобатга олиб¸ суд жараëнини тартибли олиб боришга ҳаракат қилаяпти.

Озодлик: Айблов хулосасига кўра¸ Дилмурод Саййид қайси моддалар билан айбланмоқда?

Абдураҳмон Ташанов: Дилмурод Саййид ва яна уч нафар шахс Ўзбекистон республикаси жиноят кодексининг 165 модданинг 2-3 қисмлари ва 228 модда билан айбланмоқда. 228 модда бу ҳужжатларни сохталаштириш¸ қалбаки муҳрлар ясаш¸ қалбаки имзолар қўйиш.

Озодлик: Дилмурод Саййид билан бирга ўтирганларчи?

Абдураҳмон Ташанов: Улар ҳам мана шу моддалар билан айбланаяпти. Уларнинг учтаси 2009 йил 22 феврал куни ҳибсга олинган¸ сўнггиси биринчи ишга гувоҳ сифатида жалб қилиниб¸ 13 апрел куни ҳибсга олинган.

Озодлик: Дилмурод Саййидни нечта адвокат ҳимоя қилаяпти?

Абдураҳмон Ташанов: Дилмурод Саййидни ҳозир адвокат Руҳиддин Комилов ҳимоя қилаяпти. Мен жамоатчи-ҳимоячи сифатида ҳимоя қилаяпман. Қолган айбланувчиларнинг ҳам биттадан адвокатлари бор.

Бугунги суд мажлиси ҳақида гапирадиган бўлсак¸ бугун суд мажлисига жуда ҳам кўп одам келди. Лекин суд зали кичик бўлганлиги учун ҳар бир айбланувчининг иккитадан қариндоши киритилди. Суд жараëнида жами 20га яқин киши қатнашди.

Озодлик: Суд мажлиси яна қачон давом этади?

- Суд бизнинг илтимосномамизни кўриб чиқиш учун пайшанба кунига қадар танаффус эълон қилди¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Дилмурод Саййид шу йилнинг 22 февралида товламачиликда айбланиб, қўлга олинган эди.

Самарқандлик Марғуба Жўраева фермер Сайдулло Боймуродовдан 5000 доллар пора олаётган пайтда ушланган, сўнгра у биринчи терговда “Дилмурод Саййиднинг кўрсатмаси билан олмоқчи эдим”, деб баёнот берган эди.

Бироқ¸ терговдаги кейинги юзма-юз учрашувларда Марғуба Жўраева бу кўрсатмасидан воз кечганини айтган эди. Аммо¸ тергов бу кўрсатмаларни инобатга олмади, аксинча журналистга янги айбловлар қўйилди.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячилари журналист Дилмурод Саййид айнан касбий фаолияти туфайли ҳибсга олинганлигини таъкидлашади

Дилмурод Саййид 2005 йилда “Адвокат” газетасида Ўзбекистондаги ижтимоий муаммолар ҳақидаги “Йўқ ҳақидаги бадиҳа”сидан сўнг ишдан ҳайдалган, газета эса ёпиб қўйилган эди.

Кейинчалик у мустақил журналист сифатида фаолият кўрсатди ҳамда “Эзгулик” жамияти таркибида инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланди.
XS
SM
MD
LG