Линклар

Ўзбекистондан чиқиб кетаётганлар кўпаймоқда


Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари 20 фуқарони алдов йўли билан Норвегиядаги қочқинлар лагерига юборишга муваффақ бўлган уч товламачи аёлни қўлга олди, дея хабар қилади Регнум агентлиги Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбасига таянган ҳолда.

Агентлик манбасига кўра, қўлга олинган шахслар Норвегияга юборилган кишиларнинг ҳар биридан ўртача 7 минг АҚШ долларидан олган.

- Жабрланувчилар Осло шаҳридаги қочқинлар лагерига келганларидан кейингина ўзларининг алданганини тушунганлар. Жиноятчилар уларга қочқинлар лагерига келганларидан кейин Ўзбекистондаги аҳволдан шикоят қилиш, мамлакатда кучли сиёсий мавжудлигидан, инсон ҳуқуқлари топталаётгани нолишни маслаҳат берганлар.

Жабрланувчиларининг айтишларича, фақат шундай қилганларидагина улар иш топиши мумкин бўлиб, акс ҳолда эса олти ойдан кейин қочқинлар лагерини тарк этишлари шарт бўлган. Бироқ жабрланувчилар ўз танишларидан қарзга пул олиб, уйга қайтишни маъқул кўрганлар, дея иқтибос келтиради Регнум Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси сўзларидан.

Ҳозирда товламачилар қўлга олингани ва улар устидан тергов олиб борилаётгани хабар қилинади.

Бироқ Норвегияга келиб, яна уйига қайтган ўзбек фуқароларининг Ўзбекистонни тарк этишга нима мажбур қилгани ҳақида бирор гап айтилмайди.

Айни пайтда Eurasianet.org сайтининг "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" уюшмаси раҳбари Надежда Отаевага таяниб маълум қилишича, хорижий мамлакатлардан сиёсий бошпана топиш мақсадида Ўзбекистондан чиқиб кетаётган фуқаролар орасида давлат ҳокимияти вакиллари сони ошган.

Отаевага кўра, ўзбекистонликларнинг хорижий давлатлардан бошпана сўраши 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан кейин кескин кўпайган.

Ҳуқуқ фаоли бу тенденциянинг юзага келишига ўзбек қамоқхоналарида қолаётган маҳбусларнинг яқинларига нисбатан босим кучайгани ҳам сабаб бўлмоқда, деган фикрда.

- Ўзбекистон фуқаролари қочқинларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро дастурлар ҳақида кўпинча аввал хориждан бошпана сўраган бошқа ўзбек қочқинларидан билиб олишади.

Айрим ҳолларда эса улар мамлакатдан меҳнат муҳожири сифатида ёки талаба визаси билан мамлакатдан чиқиб кетадилар. Ўзбекистон ташқарисига чиқиб, БМТнинг тегишли дастурлари ҳақида эшитганларидан кейин улар чет элда қолиб кетишга уринадилар.

Марказий осиёликларда қадрдон юрти ва оиласига боғлиқлик ҳисси кучли бўлишини эътиборга олсак, уларнинг ўзга юртга кўчиб кетиш қарорига келиши осон бўлмаслигини тахмин қилиш мумкин. Улар мутлақо иложсиз қолганларидан кейингина ўз уйини ташлаб кетишга қарор қиладилар, дейди Надежда Отаева Eurasianet.org сайтига берган интервьюсида.
XS
SM
MD
LG