Линклар

"Жангари" ови бормоқда

  • Гулнора Равшан

Яқинларгача Покистондан бошпана топган тожик ва ўзбек жангариларининг Тавилдарадаги тоғ қишлоқларига қайтаëтгани ҳақда хабарлар пайдо бўлди.

Яқинларгача Покистондан бошпана топган тожик ва ўзбек жангариларининг Тавилдарадаги тоғ қишлоқларига қайтаëтгани ҳақда хабарлар пайдо бўлди.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мулло Абдулло гуруҳининг Тавилдарага ўтгани ҳақидаги хабарларни тасдиқламаяпти, айни пайтда дала қўмондони собиқ сафдошларини бирин-кетин қўлга олаяпти.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, фуқаролик уруши йилларида дала қўмондонларидан бўлган мулла Абдуллонинг гуруҳидан бўлмиш Жумабой Саидов 31 май куни Душанбе шаҳрида мамлакат ҳуқуқ-тартибот ходимлари ўтказган махсус амалиёт натижасида қўлга олинган.

- 1996 йилдан буён қидирувда бўлган Жумабой Саидов қатор оғир жиноятлар содир этганликда айбланади. У 1996 йилнинг май ва ноябр ойларида бир неча марта талончилик ва қароқчилик ҳужумлари содир этган. Аммо шу вақтгача қидирувда бўлган Саидовнинг яшаш жойи номаълум бўлгани учун у озодликда юрган, деди Маҳмадулло Асадуллоев.

Ички ишлар вазирлиги расмийсига кўра, Жумабой Саидовнинг қўлга олиниши собиқ дала қўмондони мулло Абдулло гуруҳининг Тавилдара туманида пайдо бўлганига оид миш-мишлар билан боғлиқ эмас.

2000 йили мулло Абдулло гуруҳи ва ҳукумат кучлари ўртасида Рашт водийсида бўлиб ўтган сўнгги қуролли тўқнашувдан кейин собиқ дала қўмондонининг номи тожик жамиятида унутилган эди.

Аммо сўнгги икки ҳафта давомида мулло Абдулло юзга яқин жангариси билан Тавилдара туманида пайдо бўлиб, ҳукуматга мухолиф кучларни тўплаётгани ва шунинг учун ҳам ҳукумат кучлари бу ҳудудга сафарбар қилингани ҳақидаги хабарлар тарқала бошлади.

Айни пайтда тожик расмийлари бу маълумотларни рад этмоқдалар.

Уларга кўра, мамлакат куч ишлатар тизимлар ходимлари Рашт водийсида “Кўкнор-2009” махсус амалиётини ўтказиш учун сафарбар қилинган.

Норасмий манбалар эса махсус амалиётдан мақсад бу ҳудудга Афғонистондан қайтиб келган собиқ дала қўмондони мулло Абдуллони ҳайдаб чиқариш эканини таъкидламоқдалар.

Май ойи ўрталарида мамлакат шарқидаги Нуробод туманида мулло Абдулло гуруҳининг яна бир аъзоси Музаффар Нуриддинов қўлга олинган эди.

Айтилишича, у ҳам ўтган асрнинг 90-йилларидан 2000 йилга қадар бир қатор оғир жиноятлар содир этганликда айбланмоқда.

Мустақил таҳлилчилар фикрича, орадан шунча йил ўтиб, шу кунда мулло Абдуллога алоқадор шахсларнинг бирин-кетин қўлга олиниши “Кўкнор-2009” махсус амалиётининг асл мақсадини ошкор этаётир.

Жумладан, мустақил таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов Покистон ҳукумат кучларига енгилган толиблар вакили мулло Абдулло ва унинг гуруҳи Тожикистон шарқига қайтганига доир тахминларда жон борлигини таъкидлайди.

- Бундан бир ой аввал Покистонда толибларнинг асосий кучларига қарши ўтказилган амалиётлардан сўнг Толибон сафидаги марказий осиёлик ўзбек, қирғиз, тожик ва бошқа миллатга мансуб жангарилар ўз асосий занжиридан узилиб қолиб, ватанига қайтишга қарор қилган. У ердаги вазият шуни тақозо қилган.

Шу нуқтаи назардан, ҳукумат ўша лидерларнинг ( мулло Абдулло демоқчи – таҳр.) ҳақиқатан ҳам Тожикистон ҳудудига кирганини очиқ тан олиши ва шу йўл билан жамиятни бу гуруҳларга қарши тайёрлаши лозим эди.

Аммо ҳукумат аксинча бу маълумотларни аҳолидан пинҳон тутди, бу эса, ўз навбатида, фуқаролар орасида турли миш-мишлар тарқалишига ва кўпчилик ўртасида ваҳима кайфиятининг юзага келишига сабаб бўлди, дейди мустақил таҳлилчи Мамадазимов.

Таҳлилчига кўра, қўлга олинган икки киши мулло Абдулло билан Тавилдарага ўтган бўлмаса-да, у билан алоқада бўлиб тургани ва бундан хабар топган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уларнинг изига тушган бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Айни пайтда Тожикистон ички ишлар вазирлиги расмийси Маҳмадулло Асадуллоев “Кўкнор-2009” махсус амалиёти давомида мамлакат шарқида наркотиклар ноқонуний савдоси ва кўкнор етиштириш айби билан ўнлаб фуқаро қўлга олинганини маълум қилди.

Асадуллоевга кўра, қўлга олинган фуқаролар орасида дала қўмондони мулло Абдулло гуруҳига мансуб бўлган шахслар йўқ.
XS
SM
MD
LG