Линклар

Волосевичга энди қора бўëқ ағдаришди

  • Садриддин Ашур

Бундан тўрт йил аввал Алексей устига яшил бўëқ ағдаришган бўлса¸ Press-uz.infoнинг унга қарши чиқишини¸ қора бўëққа менгзаш мумкин.

Бундан тўрт йил аввал Алексей устига яшил бўëқ ағдаришган бўлса¸ Press-uz.infoнинг унга қарши чиқишини¸ қора бўëққа менгзаш мумкин.

2005 йилги Андижон воқеаларини бевосита ёритган ўзбекистонлик мустақил журналист Алексей Волосевич АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси “хабарчиси” ва “махфий ходими” дея эълон қилинди.

Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати назоратида бўлган Press-uz.info сайти ёзди. Бу хабарда 2005 йилги Андижон воқеалари эсланади. Гўёки Волосевич Андижондаги қўзғолонни олдиндан билгану, унинг содир бўлишини ўша ерда кутиб ётган. Хўш, нега орадан тўрт йил ўтгандан сўнг, Волосевич бирданига ҳукуматга мойил бўлган бу нашр нишонига тушиб қолди? Бунинг сабаблари нимада? Ҳамкасбим Садриддин ўрганди бу мавзуни.

Аслида, 2005 йилги Андижон воқеаларининг содир бўлишида хориж дипломатларининг ва хориж нашрларига ишлайдиган ўзбекистонлик журналистларнинг айбланиши бу янгилик эмас.

2005 йилнинг сентябр ва октябр ойларида Андижон воқеаларини содир этганликда айбланган 15 кишининг маҳкама жараёнида ҳам прокурорлар бу воқеаларнинг содир бўлишини хориж журналистлари олдиндан билганлиги ва уни кутиб ётганликлари ҳақида бот-бот гапирган эдилар.

Кузатувчилар томонидан “театрлаштирилган суд” номини олган бу маҳкамада ҳатто айбланувчилар ҳам ҳукумат иддао этган даъволарни такрорлаган эди:

- Суҳбат мана шу ердаги судланувчилардан эшитилди. Яъни кийим-кечак¸ костюм-шим¸ егулик озиқ-овқатлар. Шуларга яъни Америка элчихонасидан пул ажратилганлигини ва бу ажратилган пулни Парпиев Қобил¸ Шокиров Баҳром ака тақсимот қилишлигини гапириб ўтди¸ деган эди 15 судланувчилардан бири Таваккал Ҳожиев.

Бундай айблов орадан тўрт йил ўтган бўлса ҳам давом этаяпти. Мустақил журналист Алексей Волосевичнинг АҚШ нинг Ўзбекистондаги элчихонаси махфий ходими эканлиги ҳақидаги бу мақолага ҳозирча элчихонадан муносабат ололмадик.

Мустақил журналист Алексей Волосевич эса, бундай айблов ўзи учун кутилмаган ҳол бўлганлигини айтади:

- Рости гап, мен ҳайратда қолдим. Аввалига бир танишим эрталаб қўнғироқ қилиб “махфий ходим” эканлигим ҳақида мақола чиққанини айтди. Мен унчалик аҳамият бермадим.

Бирортаси МХХнинг махфий ходими экан, деб айтгандирда, деб ўйладим. Мақолани очиб ўқиб кўрсам, мен АҚШ нинг Ўзбекистондаги элчихонасининг махфий ходими эканман.

Бу мен учун янгилик бўлди. Албатта¸ менга берилган бу “шараф” учун Press-uz.info га миннатдорлик билдираман, дейди Алексей Волосевич.

Мақолада ёзилишича, “ҳид олувчанлиги” баланд бўлган журналист Алексей Волосевич Андижонга ўша қонли воқеалар содир бўлишидан бир кун олдин борган ва гўëки Волосевич бу воқеаларни олдиндан билган. Ҳеч қаршиликсиз “террорчи”лар эгаллаб олган Андижон вилоят ҳокимиятига кириб борган журналистнинг мақсади эса¸ террорчилар талабларини бутун дунёга ёйиш бўлган¸ деб даъво қилишда давом этади Ўзбекистон махфий хизматига яқинлиги айтиладиган Press-uz.info сайтидаги мақола муаллифи.

Алексей Волосевич бу каби жиддий айбловларга мутойиба билан муносабат билдиришга уринди:

- Албатта, мен ўзимда бундай қобилият бўлишини орзу қиламан. Худди фильмлардаги ўзга сайёралик каби келажакни олдиндан билишга, журналист сифатида воқеа содир бўладиган жойда олдинроқ содир бўлишга нима етсин!

Афсуски, менда бундай қобилият йўқ. Ўша кунлари 23 нафар “акромий”нинг суди ниҳоясига етаётган пайтда, ҳукм ўқилиши арафасида¸ мен яна қаерда бўлай?, дейди Алексей Волосевич.

Хўш, нега орадан тўрт йил ўтганидан сўнг, Алексей Волосевични эслаб қолишди. Бунга унинг ўзи нима дейди?

- Гап шундаки, Андижон воқеаларининг тўрт йиллиги муносабати билан “Озодлик овози” интернет нашри мен билан ўша воқеалар ҳақида суҳбат уюштирди.

Мен¸ шунчаки¸ Андижонда кўрганларимни яна такрорладим. Аслида бу¸ менинг Андижон воқеалари ҳақида ёзганларимнинг қисқача шакли эди.

Менимча¸ ана шу нарса ҳукуматнинг жиғига теккан бўлса керак. Орадан уч ҳафта ўтиб эса бу мақола пайдо бўлди, дейди Алексей Волосевич.

Алексей Волосевич Андижон воқеаларини воқеа жойидан туриб ўз кўзи билан кузатган кам сонли мустақил журналистлардан бири.

Бу воқеалардан кўп ўтмай¸ 2005 йилда номаълум шахслар уни ушлаб¸ устидан бир челак бўёқ ағдариб кетган эдилар. Ўша воқеани кулиб эслаб, Алексей шундай дейди:

- Бўёқни устимга ағдаришганидан сўнг икки шиша тозалагич билан баданимни зўрға тозаладим. Лекин сочимни тагидан олиб ташлашга тўғри келди. Эсиз яхши сочим бор эди, дейди Алексей.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG