Линклар

Остонада бош силашга вақт йўқ

  • Сарвар Усмон

Қозоғистонлик ҳайдовчилар¸ ўзларининг ўзбек-қозоқ чегара ўтказиш пункти қолиб¸ айланма йўллар билан адашиб Ўзбекистон ҳудудига кириб қолганларини айтмоқдалар.

Қозоғистонлик ҳайдовчилар¸ ўзларининг ўзбек-қозоқ чегара ўтказиш пункти қолиб¸ айланма йўллар билан адашиб Ўзбекистон ҳудудига кириб қолганларини айтмоқдалар.

Ўзаро келишувлар ва ҳуқуқий асоснинг борлигига қарамай¸ Қозоғистон ҳукумати Ўзбекистонда қўлга олинган 27 фуқароси тақдирини ҳал қилишни Нукус суди ихтиëрига қолдирди.

“Ўзбекистонда қўлга олинган қозоғистонликлар устидан суд жараёни давом этмоқда, Қозоғистон вакилининг суд мажлисида иштирок этишига рухсат берилди”, деб хабар қилди Қозоғистон республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Ержан Ашиқбаев 1 июнь куни.

Гап жорий йил февралининг охирида Ўзбекистонда қўлга олинган 27 қозоғистонлик устидан ўтган ҳафтада Нукусда бошланган суд устида кетмоқда.

Ҳуқуқшунослар фикрича, қозоғистонлик дипломат “Қозоғистон вакилининг суд мажлисида иштирок этишига рухсат берилди”, - деб эмас, балки “фуқароларимизни Тошкентдан қайтариб олдик”, деб мақтанишга имкони бор эди.

27 қозоғистонлик устидан судлов бошлангани тўғрисида Озодликнинг қозоқ хизмати, Қозоғистон республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Ержан Ашиқбаевдан фарқли ўлароқ, ўз вақтида хабар берган эди.

25 май куни бошланган суд жараёнининг 28 май куни ўтказилган мажлисида судланувчилардан 4 киши сўроқ қилинди.

Қозоғистонликлардан бирининг яқини, суд мажлисида қатнашган Жанар исмли аёл мана бундай деди.

- Чегарадан адашиб ўтиб кетибмиз. Ўзбекистон деган ёзувга кўзимиз тушгани йўқ. Орамизда уюштирувчи йўқ, биз бир-биримизни танимаймиз, шу ерга келгач¸ танишдик, дейишди, деди Жанар.

Қорақалпоғистон пойтахтида судланаётган 27 қозоғистонлик февралнинг сўнгги кунида Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасининг Оқтўбе вилоятига дохил участкасида, Ўзбекистон ҳудудида қўлга олинган оддий ҳайдовчилардир.

Улар бошқариб бораётган машиналару бошқа махсус техника ҳам ўзбекистонлик маъмурлар томонидан қўлга олинган; қозоғистонликлар Ўзбекистондан газ қувурлари ўғирлаб кетмоқчи бўлган.

Лекин, хабарларга қараганда, улар ўғирликда эмас, давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айбланмоқда.

- Шунга қарамай, Нукусда ўтаётган суд жараёнида 27 қозоғистонлик фавқулодда хавфли жиноятчилардек кўрилмоқда, дейди яна бир судланувчининг яқини.

Нукусда судланаётганлар бир эмас, икки эмас – 27 киши. Катта гуруҳ. Қолаверса, жиноятлари ҳам у қадар даҳшатли эмасга ўхшайди. (Албатта, ноқонуний кесиб ўтилган чегаранинг кечагина умуман бўлмаганидан келиб чиқиладиган бўлса)

Бас, шундай экан, Ўзбекистон ўша 27 кишини судламай¸ Қозоғистонга қайтариб бериб қўйса бўлмасмиди?

Бу савол бежиз пайдо бўлгани йўқ.

Гап шундаки, судланаётганларнинг яқинлари 13 май куни ёрдам сўраб президентларга... Россия ва АҚШ президентларига мурожаат қилган.

Улар Дмитрий Медведев ва Барак Обамадан 27 қозоғистонликни қўйиб юборишни Ислом Каримовдан сўрашни илтимос қилишган.

Хўп, Медведев билан Обама Каримовдан сўрадилар ҳам, дейлик. У ҳолда, 27 қозоғистонликни ватанига қайтариб юбориш учун Ўзбекистон президентининг ҳуқуқий асоси борми?

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоиловнинг фикрича¸ ҳуқуқий асос йўқ.

Бироқ, масалани барибир ҳал қилса бўлар эди, дейди ҳуқуқшунос.

- Давлатлар ўртасида гап кетаëтганда доимо кўпроқ ҳуқуқ нормаларидан кўра¸ дипломатия нормаларига кўра ечилади. 27 одам бу одамни ҳайрон қолдирадиган сон.

Агар Остона истаганида эди¸ дипломатик йўллар билан музокалар бошлаган бўлар эди. Ўзбекистон тарафига илтимоснома киритиши мумкин эди¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Лекин Остонадан Тошкентга ана ўшандай илтимосномалар келгани тўғрисида маълумот йўқ.

Боз устига, 27 қозоғистонлик тақдири билан шуғулланаётган Остонадаги инсон ҳуқуқлари ташкилотининг мазкур иш юзасидан Ташқи ишлар вазирлигига бундан бир ярим ой олдин ёзган хати ҳануз жавобсиз қолмоқда.

- Жавобни кутяпмиз, деди ташкилот юристи Мэруэр Кубеева.

Ёритганимиз мавзуга яқинроқ тингловчи Минск конвенциясичи, деб сўраши мумкин. Ҳа, бор шундай ҳужжат, дейди Суҳроб Исмоилов, уни имзолаган давлатлар, масалан, Ўзбекистон ва Қозоғистон:

- Бир бирларига ҳуқуқий ëрдам кўрсатишлари керак. Лекин бу ерда давлатларнинг бир бирларига одамларни ушлаб бериши кўпинча давлат жиноятларига ëки сиëсий жиноятларга тегишли¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Хуллас, Минск конвенцияси бўйича, давлатлар ўз фуқароларини бошқа давлатдан жазолаш учун сўраб олади, бошини силаш учун эмас.

27 фуқаросининг бошини силашга эса, Остонанинг вақти йўқ кўринади.
XS
SM
MD
LG