Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:42

Пойлоғич президентлар


Ҳозирча Каримов Назарбоев ҳақдами ëки Назарбоев Каримов ҳақда кўпроқ икир-чикирларни билишини ҳеч ким аниқ айта олмайдиган кўринади.
Ҳозирча Каримов Назарбоев ҳақдами ëки Назарбоев Каримов ҳақда кўпроқ икир-чикирларни билишини ҳеч ким аниқ айта олмайдиган кўринади.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарининг собиқ муовини¸ президент Назарбоевнинг собиқ куëви Роҳат Алиев¸ Назарбоевнинг Каримов соғлиғининг икир-чикиригача билишга иштиëқмандлигини ëзди.

Қозоғистон президентининг собиқ куёви Роҳат Алиев яқинда нашр этган “Вакил қайнота” китобида президент Нурсултон Назарбоев ўз жосуслари орқали ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримов ҳақда энг махфий маълумотларни олиб тургани ҳақда ёзди.

Дастлаб Қозоғистон хавфсизлик хизмати раҳбари муовини, кейинчалик Қозоғистоннинг Австриядаги элчиси сифатида фаолият олиб борган Роҳат Алиев 2007 йил январида ўз назорати остида бўлган “Нурбанк” тижорат банки раҳбарларини ўғирлаганлик ва бошқа қатор оғир жиноятларда айбланиб¸ сиртдан 40 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

“Элчилик лавозимидан кетиб, Назарбоев мухолифига айлангунимга қадар қозоқ разведкасининг “алоҳида” қиладиган иши йўқ эди дейиш нотўғри бўлар эди.

Элчиликдан кетиб камтарона ҳаёт кечира бошлашимдан олдин, Қозоғистоннинг барча жусуслик хизматлари бир “муҳим объект” ҳақида ҳар томонлама пухта ва бир неча манбалар орқали текширилган маълумотларни тўплашга сафарбар этилган эди", деб ёзади Роҳат Алиев.

“Муҳим объект” деганда муаллиф Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовни назарда тутмоқда.

“Махсус хизматларни деярли ҳамма нарса қизиқтирган. “Объект”нинг ким билан учрашиши, нима ейиши, бир кун олдин тушликка қандай таом егани, кечки таомномаси, эрталаб нонуштага нима егани, бўш вақтларида нималарни хуш кўриши ва ҳоказо маълумотлар”.

Роҳат Алиевга кўра, жосусларни, Ислом Каримовнинг соғлигига доир маълумотлар¸ айниқса¸ кўп қизиқтирган.

“Жэймс-бондларимиз “объект” қони таркибидаги қанд миқдори, эритроцит ва лейкоцитлари, кундалик менюсидаги таомлари сони ҳақидаги энг махфий маълумотларга эга бўлиш учун туну кун ишлашарди.

Албатта, мавжуд шароитларда маълумотларнинг қай бириси ҳақиқий¸ қай бири президентнинг бой фантазияси эканини текширишнинг эса имконлари йўқ эди.

Лекин энг муҳими ҳафтада бир марта “объект” ҳақидаги энг махфий разведка маълумотларини Нурсултон Абишевич столига қўйиш приоритет вазифа эди”, деб ёзади Роҳат Алиев ўзининг “Вакил қайнота” номли китобида.

Роҳат Алиев президент Нурсултон Назарбоевнинг куёви сифатида собиқ қайнотаси табиатини яқиндан кузатиб келган.

“Ислом Абдуғаниевичнинг сийдик анализлари ва у қабул қилган халқаро ташкилотлар рўйхати билан танишиб чиққач, Назарбоев, худди ҳеч нарса бўлмагандек, ҳукумат алоқаси орқали ўзбекистонлик ҳамкасбига телефон қилиб, ўзининг энг яхши дўсти билан суҳбатлашаётгандек Марказий Осиё ва унинг атрофидаги сиёсий вазиятни муҳокама этишга киришар эди”, деб ёзар экан муаллиф¸ “Ислом Абдуғаниевич ўзи ҳақда Нурсултон Абишевич билганидек билмаса керак”, деб хулоса ясайди.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик ҳизмати собиқ зобити, Лондонда қочқинликда яшаётган Икром Ёқубов қўшни давлат махсус хизматларининг Ўзбекистон президенти соғлигига қизиқишини инкор этмайди.

Икром Ëқубов: Ислом Каримовнинг касаллиги ҳақида гап тарқалгандан кейин жуда ҳам кўп давлатлар¸ шу жумладан Ўзбекистонга қўшни бўлган давлатларнинг махсус хизматлари ҳам Ўзбекистон президентининг соғлигига доир масалаларга қизиқа бошлади.

Ислом Каримовнинг¸ адашмасам¸ 2002 йилнинг охири 2003 йилнинг бошида Испанияга амалга оширган ташрифи¸ ўша йили у Испания қироли билан ҳам учрашган эди¸ беш-олти кун давом этган эди. Унинг Испанияга келишдан мақсади қонини алмаштириш эди.

Ўзбекистон президентининг соғлиги билан боғлиқ масалага бошқа давлатлар¸ жумладан қўшни давлатларнинг махсус хизматлари қизиқишини билиб¸ МХХ нинг таркибида бир ишчи гуруҳ ташкил этилган эди. Мен буни жуда ҳам яхши эслайман.

Бу ишчи гуруҳнинг олдига қўйилган вазифа Ўзбекистон давлат раҳбарининг соғлиги билан боғлиқ энг кичик маълумотга қизиққан хорижликларга¸ хориж махсус хизматлари вакилларига дезинформация етказиб бериш эди. Буни Ўзбекистон МХХси жуда профессионал тарзда бажарди.

Озодлик: Бу дезинформация нимадан иборат эди?

- Дейлик¸ Каримовнинг аҳволи ëмон¸ уч ой ичида ўларкан¸ олти ой ичида ўларкан деганга ўхшаган маълумотлар. Дефакто эса¸ Каримов у пайтда даволаниб келиб¸ теннис ўйнаб¸ спорт билан шуғулланиб юрган эди. Яъни мақсад ëлғон маълумотлар билан таъминлаш¸ дейди Икром Ëқубов.

Аммо, Ёқубов қозоқ махсус хизматларининг Роҳат Алиев айтаётган даражада Ўзбекистонда фаол эканига шубҳа билдиради.

- Мен Қозоғистон махсус хизматининг Ўзбекистонда жуда актив ва кучли фаолият юритишига ишонмайман.

Ўзбекистон Қозоғистон ҳудудида ана шундай кучли фаолият юритаяпти ва керак бўлса Назарбоевнинг соғлиги билан боғлиқ маълумотларга¸ унинг оилавий аҳволи билан боғлиқ маълумотларга Каримов эга. Мен шу гапни ҳақиқатга яқинроқ ¸деб ишонаман.

Эътибор беринг¸ Ўзбекистон Марказий Осиëда жойлашган. Қозоғистон ҳам¸ Туркманистон ҳам¸ Қирғизистон ҳам ва Тожикистон ҳам шундай. Бу давлатларнинг истаймизми-истамаймизми¸ бир бирига бўлган таъсири¸ бир бирининг миллий хавфсизлигида тутган ўрни жуда юқори.

Чунки улар бевосита қўшни давлатлар. Ҳар бир давлатнинг ҳукумати қўшни давлатларда максимал даражада таъсир доирасига эга бўлишни истайди.

Ислом Каримов қўшни давлатларга таъсир кўрсата олиш доирасини доим кенгайтиришга интилиб келган. Бунда у МХХ дан кенг фойдаланган. Бу йўлда давлат томонидан ҳам расмий¸ ҳам норасмий бўлган тарзда жуда ҳам катта миқдорда воситалар¸ пул маблағлари ажратилган.

Мантиқан фикр юритадиган бўлсак¸ минтақадаги энг фаол¸ энг кучли хизмат бу Ўзбекистон махсус хизмати ҳисобланади. Ана ўшандан келиб чиқиб фикр юритиш керак.

Балки Роҳат Алиев менга қараганда кўпроқ нарсани билар. Чунки у эгаллаб турган лавозим меникидан юқорироқ ва у иштирок этган операциялар меникидан кўпроқ.

Лекин мен гапларимни ўз амалиëтимдан келиб чиқиб гапираяпман.

МХХ қошидаги махсус гуруҳ¸ яна бир бор айтаман¸ 2002 йилда тузилган эди. Унинг вазифаси Ўзбекистон давлат раҳбарининг соғлиги билан қизиққан ҳар қандай хорижлик шахсни ëки махсус хизматни дезинформация билан таъминлаш¸ дейди Икром Ëқубов.

Ҳозирда Австрияда қочқинликда яшаётгани тахмин этилаётган Роҳат Алиев Қозоғистонда сиртдан 40 йиллик қамоқ жазосига тортилган.

“Вакил қайнота” китоби нашрдан чиққанидан сўнг унга нисбатан хат ёзишув ёки телефондаги сўзлашувлар сирини қонунга хилоф тарзда бузиш ва давлат сирларини қонунга зид равишда олиш ва ошкор этиш моддалари бўйича ҳам жиноий иш қўзғатилган.

Китоб ҳали сотувга чиқиб улгурмай¸ Қозоғиситон прокуратураси ўз фуқароларини Алиев китобини тарқатган ҳар бир республика фуқаросининг 3 йилгача қамалишидан жиддий огоҳлантирди.
XS
SM
MD
LG