Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:17

Обама катта синов қаршисида


Обаманинг Қоҳира нутқи арафасида ундан кутилаëтган истаклар тахлами қалинлашиб бормоқда.
Обаманинг Қоҳира нутқи арафасида ундан кутилаëтган истаклар тахлами қалинлашиб бормоқда.

АҚШ президенти Барак Обаманинг 4 июн куни Миср пойтахти Қоҳирага сафари чоғида мусулмон дунёсига мурожаат қилиши кутилмоқда. Оқ Уй матбуот котиби Роберт Гиббс Обама ўз мурожаатида АҚШнинг мусулмон дунёси билан муносабатларини яхшилаш ниятида эканини баён қилишини айтди.

Шу кунларда мисрликлар орасида мусулмонларга мурожаати чоғида АҚШ президенти Барак Обама нималар ҳақида гапириши тўғрисида қизғин мубоҳасалар давом этмоқда.

Обама дунё мусулмонларига ҳурмат билан мурожаат қилишни хоҳлашини таъкидлаган. Аммо мусулмон дунёсида унинг қилажак мурожаатига турлича муносабат билдирилмоқда.

Қоҳирадаги “Ал-Аҳрам ”стратегик ва сиёсий тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Имод Жад бу ҳақда Озодликка шундай деди.

- Президент Обама ўз мурожаати орқали араб ва мусулмон дунёси билан муносабатларда янги саҳифани очиши кутилмоқда. Президент Обама ярашиш ҳақида ва “террорга қарши уруш” ибораси ишлатилишини тўхтатиш борасида ўз қарашларини очиқ баён қилиши кутилмоқда.

Шунингдек, унинг Яқин Шарқ можароси негизини ташкил этган Фаластин масаласига сиёсий ечим топиш хусусида ҳам ўз қарашларини очиқлаши кутилмоқда, деди мисрлик таҳлилчи.

Барак Обама АҚШнинг мусулмонлар билан муносабатига фақат Исроил-Фаластин можаросидан келиб чиққан ҳолда қараш мумкин эмаслигини айтган.

Аксар араб давлатлари раҳбарлари Исроил-Фаластин можаросининг ечими мусулмон дунёси ва АҚШ муносабатлари яхшиланишида муҳим аҳамиятга эга деган фикрда.

Туркияда чиқадиган "Ҳуррият" газетаси сиёсий шарҳловчиси Мустафо Оқйўл, АҚШ кучлари Ироқни босиб олгани, Яқин Шарқ тинчлик жараёнининг муваффақиятсизликка учрагани, жангари эканлиги гумон қилинган шахсларнинг америкалик ҳарбийлар томонидан қийноққа солингани каби президент Буш маъмуриятидан қолган муаммолар хусусида мусулмонларнинг қарашини ўзгартириш Обама учун қийин бўлади деган фикрда.

Вашингтондаги "Ташқи сиёсат" журнали муҳаррири Блейк Хауншел кўп йиллар давомида Яқин Шарқ давлатларида фаолият юритган араб тилида сўзлашувчи мутахассислардан бири.

- Бу Барак Обаманинг шу пайтгача қилган энг жиддий нутқларидан бири бўлади. Мен унга энг юқори баҳони берган бўлардим. Унинг зиммасида президент Жорж Буш юритган сиёсатни давом эттириш ниятида эмаслигини исботлаши баробарида, Яқин Шарқда тинчлик музокаралари ва демократик жараёнлар давом этиши ҳақидаги умидларни кучайтириши вазифаси турибди. Ҳозир минтақада Обаманинг Бушдан фарқи йўқ дегувчилар кўп, дейди америкалик таҳлилчи.

Мисрлик ёзувчи Фаҳми Ҳувайдий президент Барака Обаманинг мусулмон дунёсига мурожаати ҳеч қандай ўзгариш олиб келмайди¸ деган фикрдагилардан бири:

- Президент Обаманинг Мисрга ташрифи ниҳоятда бўрттириб кўрсатилаяпти. Мен Обама мусулмон дунёсига қарата мурожаат қилади¸ деб ўйламайман.

Чунки у ҳозирга қадар қилган бир неча нутқида, Туркияга сафари чоғида ёки Наврўз байрами муносабати билан Эронга қарата қилган мурожаатларида¸ АҚШ Ислом динига қарши уруш олиб бормаётганини айтган.

У Мисрга Яқин Шарқ билан алоқадор масалани муҳокама қилиш учун келаётган бўлиши мумкин. Шу боис унинг нутқи мусулмон дунёсига эмас, балки араб дунёсига қаратилган бўлади, дейди мисрлик ёзувчи Фаҳми Ҳувайдий.

Айни пайтда Қоҳира шаҳри аҳолиси АҚШ президентининг ташрифини катта қизиқиш билан кутмоқда.

- Мен ушбу ташриф ўзаро муносабатларнинг яхшиланишига ва анча вақтдан бери давом этиб келаётган Исроил-Фаластин можаросига ечим топишга олиб келади деган умиддаман, деди Қоҳира шаҳрида яшовчи икки фарзанднинг онаси Фатен Мустафо Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда.

Маълумотларга кўра, АҚШ президенти Барак Обаманинг ташрифи арафасида Миср пойтахтида хавфсизлик чоралари ниҳоятда кучайтирилган.
XS
SM
MD
LG