Линклар

logo-print

Обаманинг Яқин Шарқ сафари бошланмоқда


АҚШ президенти Барак Обама Американинг Ислом дунёси билан алоқаларини яхшилашга уриниш ўлароқ Яқин Шарқ сафарини бошламоқда.

Бугун Обаманинг қирол Абдуллоҳ билан музокара қилгани Саудия Арабистонига етиб бориши кутилмоқда.

Пайшанба куни Обама Мисрга боради ва пойтахт Қоҳирада чиқиш қилади.

Обаманинг Саудия Арабистони ва Миср етакчилари билан сўзлашувлари кун тартибидан Исроил-Фаластин тинчлик музокаралари ва Эрон ядровий дастурига оид масалалар ўрин олган.

Барак Обама Яқин Шарқ сафаридан олдин BBC телеканалига берган интервьюсида Америка ўз қадриятларини ўзгача тарихи ва маданияти бўлган мамлакатларга мажбуран “ўтказа олмайди”, дея таъкидлади.

Лекин, Обамага кўра, Американинг қонун устуворлиги, демократия, сўз ва эътиқод эркинлиги каби “умуминсоний қадриятлари”ни барча халқлар қабул қилиши мумкин.

- Бунда Америка Гуантанамо қамоғини ёпиш каби қадамлари билан бошқаларга ўрнак бўлиб, жаҳон халқларини бу қадриятлар сари етаклаши мумкин, деди АҚШ президенти.

Шунингдек, у Қўшма Штатлар Исроил ва Фаластин ўртасида “жиддий музокараларни” қайта жонлантиришга ҳисса қўша олишига ишонишини қўшимча қилди.

Обама Эроннинг ядровий энергияни ишлатишга ҳақли экани, бунинг учун ўз дастурлари тинч мақсадларни кўзлашини исботлай олиши лозимлигини ҳам қайд этди.

Айни пайтда ал-Қоида етакчиларидан бири Айман ал-Завоҳирий мисрликларни АҚШ президенти Барак Обаманинг “силлиқ сўзларига” алданиб қолмасликка чақирди.

Асли мисрлик бўлган ал-Завоҳирий Обамани “жиноятчи” деб атаб, унинг сўзлари янгилик эмас, дея таъкидлади Интернет тармоғи орқали тарқатилган аудио мурожаатида.

Обама ўз президентлигининг дастлабки кунлариданоқ ваъда қилиб келаётган Ислом дунёсига мурожаати учун Қоҳирани танлаган.
XS
SM
MD
LG