Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:00

Каримов чегарани ëпиб кетди


26 май куни Андижонда рўй берган портлашлардан сўнг Қирғизистон ва Ўзбекистон ўзаро чегарадан фақат ўз фуқароларини киритган бўлса¸ Ислом Каримов баëноти бу жараëн ҳам тўхташидан даракчи бўлди.
26 май куни Андижонда рўй берган портлашлардан сўнг Қирғизистон ва Ўзбекистон ўзаро чегарадан фақат ўз фуқароларини киритган бўлса¸ Ислом Каримов баëноти бу жараëн ҳам тўхташидан даракчи бўлди.

Андижондаги сўнгги портлашларда қўшнилар¸ хусусан Қирғизистон улуши борлигига ишорат қилган Ўзбекистон президенти Каримов ўзбек-қирғиз чегарасидан эркин ўтиш-қайтишлар даври битганидан огоҳлантирди.

“EurasiaNet” ахборот сайти президент Каримов 31 май куни ўзбек-қирғиз чегарасида айтган гаплардан инглизчага ўгирилган иқтибосни келтирди:

“Шу ўзи чегарадан ҳар куни ўтишнинг нима кераги бор?! Агар чегаранинг нариги ёғида тинчлик бўлганида ва улар бизни ҳурмат қилганида эди¸ бунга кўнса бўлар эди.

Аммо, 26 май куни содир бўлган воқеалар ўша ёқдан келган одамлар томонидан уюштирилди. Агар осмонимиз мусаффо ва у тарафда тинчлик бўлганида эса чегарага эҳтиёж бўлмас эди. Аммо афсуски, биз ўзимизни ҳимоя қилишга мажбурмиз”, деди президент Каримов Андижон сафари чоғида, деб ёзмоқда “EurasiaNet” ахборот сайти.

Бу гапи билан президент Каримов Ўзбекистон Бош прокуратурасининг 26 май куни Хонободдаги милиция блок-постига ҳужум қилганлар Қирғизистондан келди, деган баёнотини тасдиқлади. Шунинг баҳонасида расмий Тошкент Қирғизистон билан чегарани мутлақ ёпди.

Ўз навбатида бундай айбловларни инкор қилаётган бўлса-да, воқеадан икки-уч кун ўтиб, Қирғизистон томони ҳам чегарани ёпди. Сўнгра Ўзбекистонда юрган қирғизларнинг ўз юртига, Қирғизистонга юрган ўзбекларнинг ўз юртига ўтказилиши ҳам тўхтатилгани хабар қилинди.

3 июн куни “Дўстлик” чегара постида бўлиб қайтган қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли, “Қонун ва тартиб” ташкилоти раҳбари Иззатулла Раҳматуллаев буни тасдиқлади.

- “Дўстлик” чегара постидан келганимга 15 минут бўлди. Чегаралар тақа-тақ ëпиқ. Ўзбекистон томондан ҳам¸ Қирғизистон томондан ҳам ҳаракатланиш йўқ.

Бошида фақат Ўзбекистон томони ëпган эди¸ ҳозир Қирғизистон ҳам ëпиб қўйди. Нейтрал зонага ҳам ўтказмаяпти. Умуман чегара зонасига ҳам киргизишмади¸ дейди Иззатулла Раҳматуллаев.

Аммо, Қирғизистон томони Давлат чегараларини қўриқлаш хизмати Ўзбекистон билан чегара ёпилганини инкор қилмоқда.

- Ҳозир вазият барқарорлашиб қолди. Шу боис, кеча икки томон вакилларининг учрашуви бўлди. Фуқароларнинг қатнови эса тўхтатилмаган.

Биз Ўзбекистон томонининг сўнгги баёнотлари муносабати билан пресс-релиз ҳозирлаяпмиз. Тез орада ахборот воситаларига тақдим қиламиз, деди хотиржамлик билан Қирғизистон чегара хизмати расмийси.

Яъни, чегарадан ўтолмай қайтган гувоҳларнинг сўзларига кўра, 1, 2, 3 июн кунларида чегара икки томонлама тартибда ёпиқ турганини Бишкек расмийлари инкор қилмоқда.

Одатан, чегарани биринчи бўлиб ёпадиган ва буни ҳеч қанақасига изоҳламайдиган Ўзбекистон томони эса президент Каримов даражасида чегара ёпилгани ва ҳали-бери очилмаслигидан огоҳлантирмоқда.

Бир-бирини инкор қилувчи бундай баёнотлар остида чегара хусусида эришилган ўзаро келишувлар, хусусан, 2007 йилнинг февралидан бошлаб кучга кирган фуқароларнинг 60 кунлик визасиз борди-келдиси тўғрисидаги келишув тақдири нима бўлди, деган саволлар очиқ қолмоқда.

Бу икки давлат ўртасида бугун юзага чиққан чегара билан боғлиқ муносабатларнинг аҳамиятли жиҳатларидан бири, дер экан қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Изатулла Раҳматуллаев¸ буни тўғридан-тўғри Ўзбекистон томонининг 26 май ҳужумида Қирғизистонни айбдорга чиқариш иддаосида қатъий экани билан боғлайди.

- Ҳар нарса бўлиши мумкин. Булар буни фактлар билан жамият олдига ëки ҳукумат олдига чиқаргани йўқку. Айнан Қирғизистон томонидан келиб қўпорувчилик ишлари олиб борилганлигини исботлаб бергани йўқку.

Менимча¸ бу ерда Қирғизистон томонга босим ўтказиш бўлса керак деб ўйлайман. Сабаби¸ биринчидан чегаралар ëпилиши билан бозорларимизда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари тўрт бараварга қимматлаб кетди.

Иккинчидан¸ Ўшнинг атрофида учта пост бўладиган бўлса¸ ўшаларнинг биттасида ҳам ҳаракат йўқ.

Божхона солиғи¸ божхона йиғими деган нарсалар бор. Ҳозир давлат бюджетига булардан бир тийин тушмаяпти. Бунга иқтисодий томондан босим ўтказиш деб баҳо бериш мумкин.

Менимча¸ бунда сиëсий ўйинлар борга ўхшаб турибди, дейди Ўшдаги “Қонун ва тартиб” ташкилоти раҳбари Иззатулла Раҳматуллаев.

Лекин, икки давлат раҳбарларининг бундай сиёсий ўйинлари оддий халқни қизиқтираётгани йўқ.

Озодлик мухбирларига бу ҳақда сўзлаган чегараолди ҳудудлари аҳолиси қўшни давлатга ўтишга зарурати бўлган минглаб аҳоли, қанчалик хавфли бўлмасин, айланма йўллар — чегара чизиғининг икки тарафидаги хонадонлар ёҳуд чегара чизиғига айланган дарёлар орқали ўтишга уринаётганини айтмоқда.

Бунинг учун арқон боғлаб, сувга ташланган балонлар ёҳуд қўлбола солга ўтиришдан чўчимаганлар сони ортиб бормоқда. Ўзбек-қирғиз чегарасида эса дарёлар орқали ўтиш мумкин бўлган иккита хавфли туман бор, дейди сўнгги бир неча кун давомида бунга гувоҳ бўлган Иззатулла Раҳматуллаев.

- Аравон туманининг Тепақўрғон қишлоғи Ўзбекистоннинг Ширмонбулоғи билан чегарадош. Ўша ерларда ҳам борди-келди йўлга қўйилган.

Мана Қорасувни Шаҳрихонсой кесиб ўтган. Унинг бир қирғоғи Ўзбекистон¸ иккинчи қирғоғи Қирғизистон. Шаҳрихонсойнинг кенглиги 50 метр бўлмаса ҳам 40 метр бор.

Катта автомобил балонларининг ички томонидан ип боғлашиб¸ у томондагилар у ëққа тортади¸ бу томондагилар бу ëққа тортади.

Одамларнинг балоннинг устига ëғочдан супача қилиб олишиб¸ ўзларини хавфга қолдириб ўтишаëтгани кузатилаяпти¸ дейди Иззатулла Раҳматуллаев.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара бунга қадар ҳам бир неча бор мутлақ ёпилган эди. 2003, 2005 йилларда эса чегара ёпилгани боис¸ Қорасув шаҳри ўртасидан оқиб ўтувчи ва табиий чегара чизиғи бўлган Шаҳрихонсойда ўнлаб одам оқиб ўлган эди.

Ҳар икки давлат расмийлари бу ҳолатга кўз юмган паллада оддий одамлар сойда ўлганларнинг ҳисобини олган. 2003 йили Озодликка интервью берган қорасувликлар ўзлари гувоҳ бўлган жуда аянчли воқеаларни сўзлаб берган эди. Бу интервьюлар ҳануз архивимизда сақланмоқда.

- Ҳозир мана йўллар бекилган. Одамлар ҳар қандай шароитда бориб¸ ҳар ҳафта етти-саккиз нафар одамлар оқиб нобуд бўлаяпти.

- Болалар оқиб кетаяпти. Ҳамманинг қариндош-уруғи бор. Борди-келди қилиши керак. Биттаси боласи билан оқиб кетибди дейишаяпти.

- Битта одамнинг ëлғиз ўғли бор экан¸ бориб сувни тўхтаттирибди. Дарëдаги сеткага илинган ўликларнинг сони 60 нафардан ортиқ экан¸ деган эди қорасувлик гувоҳлар.

2003 йилда содир бўлган бу воқеалар бугун яна қайтарилмоқда.

Зеро, кимнидир чегаранинг нариги тарафидаги қариндош-уруғчилик иплари, кимнидир тирикчилик илинжи жонини хавфга қўйиб бўлса ҳам чегарадан ўтишга мажбур қилади.

31 май куни эса президент Каримов ўз фуқароларига Қирғизистон ҳудудидан бозор қилишни ҳам таъқиқлаган. Бу ҳақда хабар қилаётган “EurasiaNet” ахборот сайтига кўра, президент ўз фуқароларига Қирғизистоннинг Қорасув ва Ўш шаҳарларидаги бозорлардан савдо қилишни ҳам тўхтатинг, Ўзбекистондан бозор қилинг, деб тайинлаган.

Аммо, қора қозони қайнаб туриши учун Ўзбекистондан кўра, Қирғизистондаги бозорлардан савдо қилишга одатланган водийликлар ўз президентининг бу гапига кўнадими ёки йўқми, буни айтиш қийин.
XS
SM
MD
LG