Линклар

Бишкек қарамликдан безди, аммо...


Айтарли энергетик заҳираси сув ва сув омборлари бўлган Қирғизистоннинг йиллардан бери ëнилғи соҳасидаги бўҳрондан боши чиқмай келади.

Айтарли энергетик заҳираси сув ва сув омборлари бўлган Қирғизистоннинг йиллардан бери ëнилғи соҳасидаги бўҳрондан боши чиқмай келади.

Қирғизистондаги йирик саноат корхоналари ўз фаолиятини тўхтатаётган ёки ярим қувват билан ишлаётган бир пайтда расмий Бишкек қўшни давлатлар, жумладан, Ўзбекистонга энергетик қарамликдан қутилиш йўлларини изламоқда.

Қирғизистон Саноат ва энергетика вазири Илёс Давидовнинг айтишича, сўнгги йилларда мамлакат саноатида оғир вазият ҳукм сурмоқда.

- Йирик корхоналарда мураккаб вазият юзага келган. Масалан, Қантдаги цемент-шифер заводи ўтган йилнинг ноябр ойида тўхтаб қолди. Фақат шу йилнинг биринчи чорагидагина бу корхонани ишлаб чиқариш қувватининг 34 фоизи даражасида ишга туширишга муваффақ бўлдик, деди Илёс Давидов.

Вазирнинг фикрича, электр энергияси таъминотидаги узилишлар ва Ўзбекистондан олинаётган газ нархининг қимматлиги ҳам йирик корхоналар фаолиятига салбий таъсир қилмоқда.

Шу муносабат билан Қирғизистон ҳукумати газ қарамлигидан қутулиш учун корхоналарни ҳамда иситиш тармоқларини кўмирга ўтказиш масаласини муҳокама қилмоқда.

- Фақат муқобил ёқилғидан, яъни кўмирдан фойдаланишга ўтишгина иқтисодимизнинг тикланиши учун шарт-шароит яратиб бера олади.

“Қирғиз кўмиридан саноатда фойдаланиб бўлмайди, бундай механизм йўқ”, деб қаршилик кўрсатадиганларга айтиб қўйишни истардимки, биз бу механизмни яратиш масаласини чуқур ўрганиб чиқдик.

Ҳозирда тегишли вазирликлар бу борада иш олиб бормоқдалар, деди Қирғизистон бош вазири ўринбосари Ўмурбек Бабанов.

Кўмир саноати бўйича мутахассис Манап Қарчиғаев фикрича, агар Қирғизистон ҳукумати кўмир қазиб чиқариш ишига эътибор қаратса, ўзбек газига қарамликдан қутилиш мумкин бўлади.

- Ўзбекистон бизга табиий газ сотади, лекин кўмирдан ҳам газ ишлаб чиқариш мумкин.

Албатта, кўмир гази табиий газга қараганда қимматроққа тушади. Аммо корхоналарни ва иситиш тармоқларини кўмир билан ишлашга ўтказилса, бу Ўзбекистондан сотиб олинаётган газга нисбатан арзон бўлади.

Шунинг учун ҳам асосий диққатни мавжуд конлардан кўмир қазиб чиқаришни кўпайтиришга қаратиш лозим, деди Манап Қарчиғаев.

Совет даврида Қирғизистон Марказий Осиёни кўмир билан таъминловчи ҳудуд ҳисобланар эди. Мутахассислар фикрича, мамлакатда ҳар бири 7 миллиард тоннагача заҳирага эга бўлган ўнлаб кўмир конлари мавжуд.

Тоғ-кон саноати бўйича мутахассис Алмаз Тўқтўмамбетовнинг айтишича, Совет иттифоқи тарқагач, Қирғизистондаги кўмир конларининг асосий қисми ёпилиб қолди.

Айни пайтда ишлаётган бармоқ билан санарли кўмир конлари бор-йўғи 2 миллиард тонна заҳирага эга, холос.

Ёпилиб қолган кўмир конларини қайта ишга туширишга сармояларни жалб қилиш иши эса самарали натижа бермайди.

- Катта сармоядорлар кўмир саноатига маблағ ётқизмайдилар. Чунки кўмир саноатига ётқизилган сармоя жуда узоқ вақтда ўзини оқлайди. Шунинг учун кўмир саноати дунёнинг барча давлатларида давлат дотацияси ҳисобига ишлайди.

Демак, кўмир конларини қайта тиклаш учун Қирғизистон ҳукумати жуда катта маблағ сарфлаши лозим бўлади. Бундай маблағ Қирғизистон бюджетида мавжуд эмас, дейди Алмаз Тўқтўмамбетов.

Мутахассиснинг айтишича, кўмир қазиб чиқаришни кўпайтириш ва ёпилиб қолган конларни қайта тиклашдан кўра Ўзбекистондан газ сотиб олиш фойдалироқ бўлади.

Айни пайтда Қирғизистон ҳукумати Россия томонидан берилаётган 300 миллион долларлик қарз мамлакат саноатини, жумладан, кўмир конларини ривожлантириш учун сарфланишини айтиб келмоқда.

Бироқ “Россия томонидан бериладиган қарзнинг бир қисми билан 17 йил аввал вайрон бўлган кўмир саноатини қайта тиклаб бўладими?” деган савол ҳозирча очиқ қолмоқда.
XS
SM
MD
LG