Линклар

Европада ҳамкорлик ва хавфсизлик ташкилотининг миллий озчилик масалалари бўйича Олий комиссари Кнут Воллебек 2 июн куни икки кунлик расмий ташриф билан Душанбега келди.

2 июн куни президент Имомали Раҳмон билан учрашган ЕХҲТ расмийси Кнут Воллебек Душанбега сафаридан мақсади тожик жамиятидаги миллий озчилик вакиллари муаммолари билан яқиндан танишиш эканини айтди.

- Жаноб президент бизга мамлакатдаги миллий озчилик вакиллари, мактаблар ва уларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида батафсил маълумот берди.

Биз президент билан бу мамлакатдаги миллий озчилик вакилларига тожик тилини ўргатиш учун ўқув машғулотлари ташкил этиш юзасидан келишиб олдик. ЕХҲТ бундай ҳамкорлик учун тайёр, деди Кнут Воллебек.

Тожикистонда 2006 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижаларига мувофиқ, республикада 62,3% тожиклар, 23,5% ўзбеклар, 7,6 % руслар 1,5 % татарлар ва 1,2% қирғизлар яшайди. Аҳолининг қолган 3,9 % ини немислар, украинлар, корейслар, яҳудийлар ва бошқа миллатлар ташкил этади.

Рақамлардан кўриниб турибдики, Тожикистондаги миллий озчилик вакилларининг катта қисмини ўзбеклар ташкил этади.

Норасмий маълумотларга кўра, Тожикистонда истиқомат қилувчи ўзбеклар сони расмий манбалардаги 23,5% дан ҳам кўпроқдир.

Тожикистон Таълим вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Ноилшоҳ Нуралиевнинг билдиришича, тожикистонлик ўзбекларнинг ўз она тилида билим олишлари учун барча зарур шароитлар мавжуд.

- Республикамизда фаолият кўрсатаётган 404 та ўзбек мактабида 134 минг 311 ўқувчи таълим олади, деди Ноилшоҳ Нуралиев.

Аммо сўнгги икки йил ичида Тожикистоннинг барча ҳудудларида ўзбек синфларнинг қисқартирилаётгани кузатилади.

Бунга ўзбек тилидаги дарсликлар ҳамда ўзбек тилида сабоқ берувчи ўқитувчиларнинг етишмаслиги сабаб бўлмоқда. Бу эса ўзбек мактабларида таълим сифатининг тушиб кетишига сабаб бўлаяпти.

Шунинг учун бўлса керак, тожикистонлик ўзбекларнинг айримлари фарзандининг билими пухтароқ бўлиши учун уларни тожикча мактаб бериш тенденцияси кучайиб бормоқда.

- Ҳай, энди тожикчада муаллима кўпроқ. Ўзбек тилида ўргатадиган муаллималар етишмайди. Шунинг учун боламни тожикча мактабга бердим, дейди душанбелик Мавлуда Қодирова биз билан суҳбатда.

Тожикистонда яшаётган ўзбек ота-оналари фарзандларини тожикча синфларга бераётганининг яна бир сабаби ўзбек ва рус мактабларини битирган миллий озчилик вакиллари республика олийгоҳларининг бюджет гуруҳларида ўқиш ҳуқуқига эга эмаслигидадир.

Ўзбек ва рус мактабларини битирганлар Таълим вазирлиги белгилаган нархдаги шартнома асосида ўқишга мажбур.

Бу ҳам ўз навбатида кўпчилик ўзбек ота-оналар норозилигига сабаб бўлмоқда.

- Болаларимизни ўқишга киритайлик десак, бюджет группалар йўқ. Шартнома 350-400 доллардан – кучимиз етмайди.

Шароитимиз йўқлиги сабабли улар бекор юришибди, олий маълумот ололмаяпти. Натижада саводлик ёшларимиз камайиб бораяпти, дейди исми ошкор қилинишини истамаган душанбелик суҳбатдош.

Бошқа бир суҳбатдошимиз - Тожикистон педагогика унверситетининг собиқ ўқитувчиси, ҳозирда кичик тижоратга ўтиб кетган Ражабали Хидиров Тожикистонда ўзбеклар ўзбеклигини йўқотаяпти, дея мулоҳаза билдиради.

- Баъзи бир маҳаллаларда ўзбеклар ўз она тилини унутиб қўяяпти. Мактаб йироқлиги, дарслик йўқлиги баҳонасида ота-оналар фарзандларини мажбурлаб тожик синфларига беришаяпти. Натижада ўзбеклар ўз она тилини йўқотиб қўяяпти. Чунки улар мактабда тожикча, атрофдагилар билан тожикча гапиради, бунинг таъсири жуда кучли, дейди Ражабали Хидиров.

Суҳбатдошимиз Тожикистонда ўзбек тилига ўгай қараш илмий доиралар орасида ҳам кучли эканини таъкидлайди. Хидировнинг айтишича, у университетда ўқитувчилик қилиб юрган чоғида ўзбек тили ва адабиётига доир мақолаларини нашр қилдиришда тўсиқлар бўлган.
- Академияга бориб, “мақолам бор ўзбек тилида нашр учун”, десам, “Э, ўзбекча керакмас, ўзбекча гапирма , қўй йиғиштир ўзбекчангни. Бор Ўзбекистонга айт уни”, дер эди, дейди собиқ ўқитувчи.

Турли тўсиқлар боис таълим соҳасини тарк этган Ражабали Хидиров Тожикистондаги ўзбеклар ва бошқа миллий озчилик вакилларининг билим олиши, келажаги, уларнинг мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиши учун ЕХҲТ ҳамда шунга ўхшаш бошқа хорижий ташкилотларнинг таъсирига умид қилмаслигини айтади. Чунки, Хидировнинг айтишича, бу борада юқори минбарлардан туриб айтилаётган гаплар амалдаги ишга тўғри келмайди”.

Аммо Рудакий туманида истиқомат қилувчи Маликахон тўнғич қизини катта умидлар билан ўзбек мактабида ўқитаётганини ва унинг билим олиши учун ҳеч қандай тўсиқ сезмаётганини айтади.

- Ўзим ўзбек мактабини битирганман, болаларим ҳам ўзбекчада ўқишини хоҳлайман. Ўқиш шароитлари яхши. Ҳали бирор марта болаларимни камситганларини эшитмаганман.

Ҳар жойда ҳам меҳнат қилсанг, ош ейсан, меҳнат қилмасанг, мушт. Масалан, Тожикистонда катта тижоратчилар ҳам, катта ер эгалари ҳам ўзбеклар. Ўқийверсин-чи қизим, бир гап бўлар, дейди Малика.

Аснода ЕХҲТнинг миллий озчилик масалалари бўйича Олий комиссари Кнут Воллебек 3 июн куни Тожикистон Таълим ва маданият вазирлиги ходимлари билан бир қаторда мамлакатдаги миллий озчилик вакиллари билан ҳам учрашган.

Учрашув чоғида еврокомиссар Тожикистондаги миллий озчилик вакилларига доир вазият билан қизиққан.
XS
SM
MD
LG