Линклар

Оролни қуритган пахтачилик

  • Сарвар Усмон

Бир пайтлар шовуллаб турган денгиз бўлган Орол¸ ўзбек пахтачилиги сабаб кичик кўлмакка дўниб қолди.

Бир пайтлар шовуллаб турган денгиз бўлган Орол¸ ўзбек пахтачилиги сабаб кичик кўлмакка дўниб қолди.

“Ўзбекистон дунёдаги энг йирик пахта экспортёрларидан бирига айланди. Фақат бу биринчилик жуда қимматга тушди – Оролни бой берди”. Бу фикрни Жаҳон банкининг “Иқлим ўзгаришига Европа ва Марказий Осиёда мослашиш” ҳисоботида ўқидик.

Жаҳон банкининг 2 июн куни эълон қилинган “Иқлим ўзгаришига Европа ва Марказий Осиёда мослашиш” ҳисоботи муаллифларидан бири Марианна Фэйнинг айтишича, банк мутахассислари Хорватиядан тортиб Сибиргача бўлган катта минтақадаги иқлим ўзгариши билан боғлиқ вазиятни ўрганди.

5 июн – Умумжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни арафасида эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, Европа ва Марказий Осиё мамлакатларига иқлим ўзгариши хавф сола бошлади ва бу ўзгаришнинг оқибатлари ҳам юз кўрсатмоқда.

Об-ҳавонинг ўзгаришида кескинликнинг кучайиши, ўртача ҳарорат одатдагидан баланд бўлиши, қурғоқчилик, сув тошқинлари, ҳавонинг бирдан кескин исиб кетиши, ўрмон ва тўқайларда ёнғин чиқиши - ўша оқибатларнинг баъзи кўринишларидир.

Жаҳон банки ҳисоботи эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистон республикаси Сув муаммолари институти раҳбари Эрназар Маҳмудовни ҳам суҳбатга тортдик.

Унинг сўзларига қараганда, Жаҳон банки мутахассисларининг ташвишлари бежиз эмас.

- Музликлар катта омил бўлаяпти. Чунки музликларимиз камайди. Тожикистонда ҳам¸ Қирғизистонда ҳам дарëнинг 25-27 фоизини музликларимиз шакллантириб берар эди.

Музликлар ҳажми 30-35 фоизга камайгандан кейин уларнинг сув ресурсларини шакллантиришдаги ўрни жуда ҳам пасайиб кетди¸ дейди Эрназар Маҳмудов.

Ўзбекистонлик олим айтган бир рақамга эътибор қилдингизми? Минтақа сув ресурсларини шакллантириб келган музликлар ҳажми 30-35 фоизга камайиб кетди, демоқда ўзбекистонлик олим.

“20-аср бошидан буён, дейилади Жаҳон банки ҳисоботида, Европа ва Марказий Осиëнинг жанубида ўртача ҳарорат 0,5 даражага, шимолида (Сибирда) 1,6 даражага кўтарилди. Жорий аср ўрталарига бориб эса, ўртача ҳарорат 1,6 - 2,6 даражага кўтарилиши мумкин”.

Лекин, Жаҳон банки мутахассислари фикрича, ҳамма балою қазо айбдори иқлим ўзгариши деявермаслик керак. Масалан, Орол денгизининг қуриб қолиши атроф-муҳитни мутлақ менсимаслик оқибатидир.

Натижада бугунги кунга келиб, Россия Фанлар академияси Сув муаммолари интститути бўлим мудири Игорь Вексернинг фикрича,

- Оролни қутқариш имконсиздир. Орол билан боғлиқ вазиятни минтақа, хусусан Ўзбекистон жамоатчилиги яхши билади. Жаҳон банки ҳисоботи у ҳақда яна бир бор гапиришга бир баҳона бўлди¸ холос¸ дейди Игорь Вексер.

Демак, Оролни қайтариш иложсиз. Бу гапни ўзбекистонлик олим Эрназар Маҳмудов ҳам айтаяпти.

- Оролни қутқариш деган нарса реал нарса эмас¸ дейди Эрназар Маҳмудов.

Хўш, мана шундай шароитда аҳволни бироз ўнглаш учун нима қилиш керак?

Эрназар Маҳмудовнинг айтишича, ҳукумат баъзи чораларни кўраяпти.

- Орол олди ҳудудида жойлашган майдонлар бор. Аҳоли яшайдиган пунктлар бор. Биринчи навбатда шуларнинг ҳолатини¸ у ердаги экологик муҳитни яхшилаш¸ аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиëжини қондириш масаласи кўрилаяпти¸ дейди Эрназар Маҳмудов.

Орол Жаҳон банки мутахассислари ўрганган катта минтақадаги бир нуқта¸ холос.

Европа ва Марказий Осиë миқёсида эса, иқлим ўзгаришига жавоб тариқасида ҳукуматлар, ҳисобот муаллифларидан бири Марианна Фэй фикрича, сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш, инфратузилманинг эскириб кетган иншоотларини таъмирлаш, фавқулодда ҳодисаларга реакция билдириш тизимини мустаҳкамлаш ва бошқа бир қатор чора-тадбирларни кўриши керак.

Яқин 10-20 йил ичида Европа ва Марказий Осиё атроф-муҳитни муҳофазалаш тизимини такомиллаштириш орқалигина иқлим зарбаларига қарши туриш қобилиятини мустаҳкамлаб олиши мумкин.

Мақолани Жаҳон банки ҳисоботидан олинган бир фикрни такрорлаш билан якунламоқчимиз: “Ўзбекистон дунёдаги энг йирик пахта экспортёрларидан бирига айланди. Фақат бу биринчилик жуда қимматга тушди – Оролни бой берди”.
XS
SM
MD
LG