Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:28

“GM - Ўзбекистон” етим қолди


АҚШ даги энг йирик ва энг қадим автомобилсозлик заводи 1 июн куни касодга учраганини тан олишга мажбур бўлди.
АҚШ даги энг йирик ва энг қадим автомобилсозлик заводи 1 июн куни касодга учраганини тан олишга мажбур бўлди.

Куни-кеча АҚШнинг "General Motors" автомобил ширкати ўзини “банкрот” деб эълон қилди. Бу янгилик кўпчиликда энди “GM-Ўзбекистон” Америка-Ўзбекистон қўшма корхонаси тақдири нима бўлади¸ деган савол уйғотмоқда.

“General Motors” Ўзавтосаноат акционерлик компанияси билан 2007 йилда “GM Ўзбекистон” Америка-Ўзбекистон қўшма корхонасини тузган эди.

Ўзавтосаноат акциядорлик компанияси матбуот вакили Эльвира Тухватуллинанинг Озодликка айтишича, ҳозир бу корхона Дамас, Матиз, Нексия, Ласетти, Каптива ва Эпика русумидаги автомобилларни ишлаб чиқармоқда.

Тухватуллина “GM”нинг Америкада банкрот деб эълон қилингани “GM-Ўзбекистон” қўшма корхонаси фаолиятига таҳдид солмаслигини айтди.

Ўзавтосаноат расмийсига кўра, “GM” компанияси фақат Америкада банкрот деб эълон қилинган. Бошқа минтақаларда эса “GM” фаолиятини давом эттирмоқда.

- Нафақат бизда¸ балки бошқа минтақаларда ҳам “GM” нинг фақат Америкада ёпилгани таъкидланаяпти. Улар фақат Америкадаги заводларни ёпишди. “GM” бу ердаги қўшма корхонанинг атиги 25 фоиз акциясига эга. Агар бизда вазият мураккаб бўлганда¸ келажак учун режалар ишлаб чиқилмаган бўларди, дейди Ўзавтосаноат расмийси.

Наманган машинасозлик заводи собиқ раҳбари Абдувоҳид Паттаев Америкада “GM” банкрот деб эълон қилингани Ўзбекистон автомобил саноатига жиддий таъсир этмайди¸ деган фикрга қўшилади.

- Контрол пакети Ўзбекистоннинг қўлида бўлса¸ таъсири бўладию¸ лекин ҳалокатли бўлмайди. Ëпилиб қолиш даражасигача бормайди. Ҳозир бутун дунëда инқироз бўлаяпти. Бу ҳам вақтинчалик¸ албатта.

Ўзбекистонда автомобилсозлик 1996 йилда бошланган бўлса¸ анча-мунча тажриба орттирилди. Агар "GM" буни ëпиш даражасигача борса¸ Ўзбекистон бошқа инвесторга мурожаат қилиши мумкин.

Россия инвесторларига¸ Корея инвесторларига ëки Хитой инвесторларига мурожаат қилиши мумкин. Мана Хитойда ҳам автомобилсозлик жуда яхши ривожланиб келаяпти. Ўзбекистондаги автомобил саноати ëпилиб қолмаслигига умид қиламиз¸ дейди Абдувоҳид Паттаев.

Эльвира Тухватуллина глобал иқтисодий бўҳрон барча давлатларга салбий таъсир этаётганига қарамай, Ўзбекистон автомобил заводларида шу пайтгача бирорта цех фаолияти тўхтатилмаганини айтди.

АҚШдаги Транспорт тадқиқот маркази раҳбари ўринбосари Брюс Белзовский Озодлик мухбири билан суҳбатда, "GM"нинг АҚШда банкрот деб эълон қилингани компаниянинг хориждаги корхоналарга жиддий таъсир этмайди деган фикр билдирди.

- “GM” автомобил ишлаб чиқарувчи бошқа йирик компаниялар каби доим глобал миқёсда кенгайишга уриниб келган. Улар автомобил сотиш учун янги имконият қидириб келган. Шу боис улар ҳамкорликни давом эттиради.

“GM”нинг банкрот деб эълон қилингани компаниянинг хориждаги ташкилотларига таъсир этмаслиги керак, дейди америкалик мутахассис.

Мутахассисларга кўра, “GM”нинг Осиё давлатларидаги, айниқса, Хитой ва Жанубий Кореядаги бўлимлари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ройтер ахборот агентлиги хабарига кўра, май ойининг ўзида Осиё давлатларида “GM” автомобиллари сотуви 44 фоизга кўпайган.

Ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи Холназар Омонов “GM”нинг АҚШда банкрот деб эълон қилингани Ўзбекистон автомобил саноатига жиддий таъсир этиши эҳтимолдан йироқ деган фикрга қўшилади. Унга кўра, бир неча йил олдин "Дэу" ширкати банкрот бўлганида Ўзбекистон автомобил саноатида жиддий муаммолар кузатилмаган.

- Ўзбекистонда "Дэу" компанияси билан тузилган қўшма корхона бўлган. "Дэу" автомомбилсозлик корпорацияси кейинроқ ночор аҳволда қолганда ҳам Ўзбекистондаги корхона муваффақиятли фаолият юритган. Ўшанда "Дэу"нинг ночор вазияти Ўзбекистондаги ширкатга сезилмаган.

Энди "GM"га келадиган бўлсак¸ бу корпорация иккиламчи инвестор сифатида кириб келган. Яъни унинг асосан бренди¸ иккинчиси, унинг дизайнларини такомиллаштириш учун "GM" келган.

Мен "GM"нинг банкрот бўлишининг Ўзбекистондаги корхонага таъсири йўқ деб ҳисоблайман. Бу дегани "GM" бирданига банкрот бўлди ва йўқолди дегани эмас.

Америка автомобилсозлик саноати "GM"ни бошқа кичик корпорацияларга бўлиб юборган ҳолда яна уни йўлга қўйишга мажбур. Бусиз автомобил саноатининг бир қисмини кесиб ташлашга тўғри келади, дейди ўзбекистонлик иқтисод фанлари доктори Холназар Амонов.

"General Motors"нинг банкрот деб эълон қилиниши натижасида АҚШ ҳукумати бу ширкатга 50 миллиард доллар миқдорида ёрдам кўрсатади ва эвазига корхонанинг 60 фоиз улуши ҳукумат тасарруфига ўтади.
XS
SM
MD
LG