Линклар

4 июн куни АҚШ президенти Барак Обама Қоҳира университетининг улкан залига йиғилган юзлаб мисрликлар олдида АҚШ ва мусулмонлар ўртасидаги муносабатларни яхшилашга қаратилган мурожаат қилди.

Қарийб бир соат давом этган мурожаатининг қарийб дастлабки 15 дақиқасини Барак Ҳусайн Обама Ислом ва мусулмонларнинг инсоният цивилизацияга қўшган буюк ҳиссасини тилга олишга бағишлади.

Обама ўз мурожаати муқаддимасида узоқ асрлик ўзаро ишончсизлик ва зиддиятларга қарамай¸ Ғарб ва Ислом дунëси¸ хусусан АҚШ ва мусулмонларни бир-биридан ажратишдан кўра¸ уларни инсон сифатида бир-бирига яқинлаштирувчи жиҳатлар кўплигини алоҳида таъкидлади.

- Менинг шахсий тажрибам¸ мени Америка ва Ислом ўртасидаги шерикчилик Исломнинг нима эмаслиги эмас¸ балки унинг аслида нима эканига асосланиши лозим¸ деган ишончга етаклади. АҚШ президенти сифатида Исломга қарши салбий стереотипларга қайда гувоҳ бўлсам¸ уларни ўша жойдаëқ тўхтатишга ваъда бераман¸ деди ўз мурожаатида президент Обама.

Бугунги мураккаб даврда биз фақат бир-биримизга очиқ тарзда ҳақиқатни айтишни ўрганишимиз лозим¸ деган АҚШ президенти ўз нутқи давомида АҚШ ва мусулмонлар ўртасига совуқчилик ва ишончсизлик солиб келаëтган қатор масалаларни бирма бир тилга олди.

Биринчи навбатда¸ АҚШ нинг Афғонистондаги толибон ва Ал-Қоидага¸ сўнгра Ироққа қарши бошлаган урушига тўхталган президент Обама¸ 2001 йил 11 сентябр кунги ҳужумлар¸ АҚШ ни бундай ҳаракат бошлашга мажбур қолдирганини айтди.

- Афғонистонда қўшинларимизни ушлаб туриш ниятидан йироқлигимиз борасида сира шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади. Биз у ерда ўз базаларимизни қуриш мақсадидан ҳам йироқмиз. Америкага ëш йигит-қизларини Афғонистонда бой бериш ўта оғриқли.Бу можарони давом эттириш бизга ҳам молиявий¸ ҳам сиëсий жиҳатдан қимматга тушмоқда. Агар Афғонистон ва Покистонда имкон бўлиши билан имкон борича кўпроқ америкаликларни ўлдиришга аҳд қилган зўравон экстремистлар бўлмаганида эди¸ биз хурсандлик билан ҳар бир аскаримизни уйга қайтарар эдик. Аммо ҳозирча бундай эмас¸ деди АҚШ нинг Афғонистондаги амалиëтларига тўхталган президент Обама.

Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш мақсадига фақат ҳарбий куч билан эришиб бўлмаслигини яна бир бор таъкидлаган Барак Обама¸ АҚШ кенг кўламли халқаро коалиция билан биргаликда афғонистонликларнинг тинч ҳаëтга қайтишига замин бўлувчи иқтисодий тараққиëт устида ҳам тер тўкаëтгани ва шу мақсадда 2 миллиард 800 миллион доллар қимматидаги лойиҳалар ҳозирланганини тилга олди.

- Афғонистондан фарқли¸ Ироққа уруш очиш бизнинг қарор бўлди ва у ҳам АҚШ ичкариси¸ ҳам ташқарисида кескин зиддиятларга сабаб бўлди. Гарчи мен Саддам Ҳусайн мустабидлигидан озод бўлиш ироқликлар учун яхши бўлганига ишонсамда¸ айнан Ироқ уруши АҚШ нинг ўз муаммоларини ҳал этишда дипломатия ва халқаро майдондаги муросага кўпроқ таяниши лозимлигидан сабоқ берди¸ деди ўз мурожаатида АҚШ нинг Ироққа нисбатан босқинига тўхталган президент Обама.

Ғарб ва мусулмонлар ўртасидаги асосий зиддият ўчоғидан бири деб қараладиган Ироқ масаласида гапира туриб Обама¸ Ироқ суверенлигини тўлиқ тилаш ва 2012 йилга қадар бу мамлакатдаги барча қўшинларини олиб чиқиш борасида қарори қатъийлигини алоҳида таъкидлади.

Ғарб ва мусулмонлар ўртасидаги ишончсизликнинг иккинчи манбаи бу Исроил¸ Фаластин ва араб дунëси ўртасидаги кескинлик ва биз буни ҳам ҳалол муҳокама қилишимиз керак¸ дея туриб Обама АҚШ нинг Исроил билан яқин муносабатларига соя соладиган куч йўқлигини урғулади.

Исроил-Фаластин можароси ечимига тўхталган Обама¸ бу ечимнинг аллақачон Йўл харитасида мавжудлиги ва Исроилнинг мустақил Фаластин давлатини тан олиб¸ Фаластин ҳудудларидаги гуруҳларнинг эса Исроилга қарши зўравонликда воз кечиши¸ бу минтақага барқарорлик олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

АҚШ ва мусулмонлар ўртасидаги учинчи кескинлик манбаи¸ миллатларнинг ядровий қуролга эга бўлиш ҳаққи ва бу билан боғлиқ маъсулият масаласидир¸ деган Обама¸ мурожаатининг мазкур ўрнида Эрон ва Ғарб ўртасида давом этаëтган зиддиятни эслатиб ўтди.

- Мен айримларнинг нега баъзи давлатлар ядровий қуролга эга бўладию¸ бошқаларига бу мумкин эмас¸ деган эътирозини яхши тушунаман. Дунëдаги бирор давлат қайси миллатнинг ядровий қуролга эга бўлишию¸ эга бўлмаслигини ҳал қилишга ҳақли эмас. Шу ўринда мен АҚШ нинг дунëни ядровий қуролдан холи кўриш борасидаги қатъиятини эслатиб ўтмоқчиман. Дунëдаги ҳар бир давлат¸ хусусан Эрон Ислом жумҳурияти ҳам ядровий қуролларни тарқатмаслик ҳақдаги келишув мажбуриятларига мувофиқ тинч мақсадларга йўналтирилган ядровий ëнилғига эга бўлишга ҳақли¸ деди АҚШ президенти Обама.

"Мен бугун тилга олмоқчи бўлганим тўртинчи масала¸ бу демократиядир"¸ дер экан Обама нутқини тинлаб турган залда гулдурос қарсаклар янгради. Дунëдаги бирор давлат иккинчисига бошқарув тизимини зўраки равишда ўтказа оламйди дея туриб АҚШ раҳбари¸ айни пайтда бундай ëндашув ҳукуматларни ўз сиëсатида халқ истагини инобатга олиш маъсулиятидан озод қилмаслигини таъкидлади.

- Америка бошқалар учун нима яхшилигини мен биламан¸ дейишдан йироқ. Аммо мен ҳамма инсон боласининг айни нарсалар - ўз фикрини эркин ифода қилиш ва бошқарув жараëнида ўз овози эшитилиши¸ қонун устиворлиги ва адолат¸ шаффоф ва халқ мулкини ўғирламайдиган ҳукумат кўришни орзу қилиши борасида мустаҳкам ишончдаман. Бу фақат Америка қадриятлари эмас¸ балки барча инсонга бирдек тегишли ҳақлар ва шу боис биз уларнинг ҳамма жойда қўллаб-қувватлашда давом этамиз¸ деди демократия ва инсон ҳуқуқлари ҳақда тўхталган Барак Обама.

Обама мурожаати давомида тўхталган бешинчи масала¸ диний эркинлар борасидаги муаммолар бўлди.

- Исломда фахрланишга арзигулик бағрикенглик ва тоқатлилик анъанаси бор. Аммо бугун мусулмонлар орасида ўз эътиқодини бошқаларникини инкор қилиш орқали ўлчаш каби ташвишланарлик тамойил кузатилмоқда. Ливан ëки Мисрда бўладими¸ диний ранг-баранглик яшаб қолмоғи лозим. Айни пайтда¸ мусулмонлар ўртасига солинган сохта сарҳадлар¸ хусусан Ироқда фожеий зўравонликларга элтаëтган шиа ва сунний каби бўлинишларга кўприк солиш лозим¸ деди мурожаатининг бу ўрнида Обама.

Умуман глобал майдондаги¸ хусусан эса¸ мусулмон жамиятидаги хотин-қизлар ҳақларига¸ ўз мурожаатидаги олтинчи муҳим мавзу сифатида ўрин берган Барак Обама¸ барчани хотин-қизларга танлов имкони беришга даъват қилди.

- Қизларимиз ҳам ўғилларимиз каби жамият тараққиëтига ҳисса қўшишга қодирдир.Инсоният ўз умумий мақсади бўлмиш фаровон турмушга фақат эркагу аëлга ўз имконини бирдек намоëн қилиш ҳаққини бериш орқалигина эриша олади. Тенг ҳуқуқли бўлиш учун аëллар ҳам эркаклар танлаган йўлни танлаши лозим¸ деган фикрдан йироқман ва ўз умрини анъанавий шаклда яшашни истайдиган аëлларни ҳам ҳурмат қиламан. Аммо аëлда танлаш имкони бўлмоғи лозим¸ деди Обама.

Қоҳира университетидан туриб жаҳон мусулмонларига қилган мурожаати ниҳоясида АҚШ раҳбари¸ иқтисодий тараққиëт ва бу йўлдаги имконларга ҳам тўхталди. Бундай фаровонликка эришиш йўлидаги имконларни қўлдан бой бермаслик учун мусулмонларни глобал кўламдаги ҳамкорликнинг таркибий қисми бўлишга ундади.

- Дунëдаги инсонлар бир-бирлари билан тинч-тотувликда яшай оладилар. Яратганнинг хоҳиш-иродаси шундайлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Бугун ер юзидаги асосий ишимиз шунга қаратилиши лозим. Ҳаммангизни Яратганнинг ўзи паноҳида асрасин¸ дея тугатди мусулмонларга қарата қилган тарихий нутқини АҚШ президенти Барак Ҳусайн Обама.

XS
SM
MD
LG