Линклар

logo-print

Чегарада вазият “барқарор” таранг

  • Шерзод

Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди ҳудудларида яшовчи аҳоли¸ ўз турмушининг икки давлат чегарачилари қош-қовоғига қараб қолганидан шикоят қиладилар.

Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди ҳудудларида яшовчи аҳоли¸ ўз турмушининг икки давлат чегарачилари қош-қовоғига қараб қолганидан шикоят қиладилар.

2 июн куни соат 11 ларда Боткен чегара бўлимига озиқ-овқат олиб кетаётган юк машинаси Қирғизистоннинг Қадамжой туманидан ўтиб келаётганида ўзбек чегарачилари тарафидан тўхтатилган ва Ўзбекистон тарафга олиб кетилган.

Боткен вилоят губернаторининг матбуот котиби Мамазан Бердишев Боткен вилояти чегарачиларига озиқ-овқат олиб кетаётган машинанинг ўзбек чегарачилари тарафидан қўлга олиниши тўғрисида гапирар экан, ўзбек-қирғиз чегарачилари ўртасида келишмовчиликларнинг пайдо бўлишига чегараларнинг аниқланмагани, аниқланган чегараларнинг чегарачиларга кўрсатилмагани сабаб бўлаётганини айтади:

- Боткен чегара отрядига озиқ-овқат олиб келаётган автомашина ўзбек чегарачилари тарафидан қўлга олинган. Боткен чегара отряди командири ўзбек чегарачилари билан музокаралар олиб борганидан сўнг автомашина ҳамда қирғиз аскарлари қўйиб юборилган.

Сўх анклавига олиб ўтувчи йўллар ҳам ўзбек чегарачилари тарафидан ёпиб қўйилган. Бу борада ўзбек чегарачилари бирон-бир изоҳ бермаганлар. Шу пайтгача талаш-тортишларнинг сабаблари аниқланмади. Сўнгги пайтларда бундай келишмовчиликлар кўп учрамоқда, деди Мамазан Бердишев.

Унинг айтишича, воқеа содир бўлган куниёқ Ўзбекистон чегарачилари Боткен вилоятининг Сўх анклавига олиб кирувчи йўлларни бир тарафлама ёпиб қўйганлар.

Сўх анклави билан қўшни “Бўз адир” қишлоғида истиқомат қилувчи Дуйшўн Жамалов икки мамлакат чегарачилари ўртасидаги можаро туфайли 2 июн куни қирғиз-ўзбек чегарасидан ўтолмаганини айтади:

- Дарага жанозага боришим керак эди. Сўхдаги ўзбек чегарачилари бизни ўтказмади. Кечки пайт 4-5 соат ўша ерда турдик. Кеч тушиб қолганида ҳам ўтказмагани учун қайтишга мажбур бўлдик. Ўзбек чегарачиларига: “Нимага ўтказиб юбормайсан?” десам, “Қирғиз чегарачилари бизнинг ўзбек солдатларни қўлга олибди”, дейишди. Қирғизистон раҳбарлари шу ишларни назоратига олиши керак. Қачонгача биз ўзбек чегарачилари қош-қовоғига қараб яшаймиз? дейди Дуйшўн Жамалов.

Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котиби Сажира Чўқўлўева айни пайтда анклав атрофидаги барча чегара постлари очилганини маълум қилди:

- Сўх анклавида атрофида вазият барқарор. Чегара пунктлари очилган ва одатдаги тартибда ишламоқда, деди Сажира Чўқўлўева.

Мутахассисларга кўра, қирғиз-ўзбек чегарасида баҳсли ҳудудларнинг кўплиги, чегарадаги делимитация ишлари якунига етказилмагани сабабли бундай можаролар кўпайиб бормоқда.

Қирғизистон Омбудсменининг Боткен вилояти бўйича вакили Айтали Айқанов қирғиз-ўзбек чегарасидаги масалалар икки давлат раҳбарлари ўртасида ҳал қилиниши керак, деган фикрда:

- Қирғизистоннинг қўшни мамлакатлар билан муносабати халқаро меъёрларга асосан йўлга қўйилган. Бироқ охирги юз берган воқеалар, масалан, Сўхда ўзбек чегарачилари машинани отгани, кечагина чегарачилар машиналарининг қўлга олиниши бу¸ албатта¸ яхши кўриниш эмас.

Бу бизнинг ҳозирги сиёсий вазиятга, жамоатчиликнинг қўшни мамлакатлар билан ўзаро алоқасига нисбатан муносабатига салбий таъсир кўрсатади. Менимча, Қирғизистон давлат раҳбари тез орада Ўзбекистон билан муносабатларни яхшилаш бўйича тезкор чораларни кўриши зарур, деди Айтали Айқанов.
XS
SM
MD
LG