Линклар

Кимда 6 сўм, кимда 6 миллион


Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, шу кунда президентликка номзодлар ичида энг бойи Қурмонбек Бакиев бўлиб ҳисобланади.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, шу кунда президентликка номзодлар ичида энг бойи Қурмонбек Бакиев бўлиб ҳисобланади.

Қирғизистонда 23 июл куни ўтадиган президентлик сайловига тайёргарлик қизғин бормоқда. Қирғизистон МСК тарқатган маълумотга кўра, 4 июн куни 7 номзод президентлик сайловида қатнашиши аниқ бўлган.

Қирғизистон президентлигига номзод сифатида 18 киши рўйхатга олинган эди. Марказий сайлов комиссиясидан олинган сўнгги маълумотга мувофиқ, 11 киши қирғиз тили имтиҳонидан ўта олмагани ва сайловда иштирок этиш ҳуқуқини берувчи 50 минг сайловчидан имзо йиға олмагани учун номзодлар рўйхатидан ўчирилган.

- Шу муносабат билан сайловда иштирок этувчи номзодлар сони 7 нафарни ташкил этмоқда, деди Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси аъзоси Самат Бўрибоев.

Айни пайтда сайловда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган номзодлар сайлов жамғармасини ташкил этмоқдалар. Марказий сайлов комиссияси аъзоси Самат Бўрибоевнинг айтишича, сайловолди тарғиботи ишларини олиб бориш жамғармасига энг кўп маблағ ажратган номзод амалдаги президент Қурмонбек Бакиевдир.

- Қурмонбек Солиевич Бакиев энг кўп маблағга эга. Унинг сайлов жамғармаси 6,5 миллион сўмни (тақрибан 150 минг АҚШ доллари – таҳр.) ташкил этмоқда. Энг оз сайлов жамғармаси эса президентликка номзод Бўрўнбоевга тегишли. Унинг жамғармасида бор-йўғи олти сўм (тақрибан 15 цент – таҳр.) маблағи бор, холос, деди Самат Бўрибоев.

Кузатувчилар президентликка номзодлар орасида мухолифатчилар Алмаз Атамбаев ва Темир Сариев президент Бакиевга асосий рақиб сифатида тилга олмоқдалар.

сатшунослар фикрича, икки нафар кучли рақибга эга бўлган президент Бакиев сайловда ғалаба қозониш учун албатта маъмурий ресурслардан фойдаланишга мажбур бўлади.

- Маъмурий ресурслар ҳозирданоқ қўлланила бошланди. Бу ҳақда Социал демократлар партияси ва мухолифатдаги бошқа ҳаракатлар конкрет мисоллар билан баёнотлар эълон қилмоқдалар.

Масалан, талабалар, ўқитувчилар ва бюджет соҳасининг бошқа вакиллари сайлов жараёнида амалдаги президент учун ишлашга мажбур қилинмоқдалар, деди сиёсатшунос Жирғалбек Турдиқўжўев.

Айни пайтда Марказий сайлов комиссияси бўлажак сайловларда маъмурий ресурслар ишга солинишига тўсиқлар қўйилганини билдирмоқда. Масалан, аввалги сайловларда сайловчилар рўйхатига бир неча йил аввал вафот этган одамлар номи ҳам киритилиб қолган эди. Нодавлат ташкилотлари бундай ҳолатларни аниқлаб, сайловларнинг холис ва адолатли ўтганига ишонмасликларини билдирган эдилар.

Марказий сайлов комиссияси раиси Дамир Лисовскийнинг айтишича, президентлик сайловларида бундай ҳолат такрорланишининг олди олинмоқда. Жой-жойларда сайловчилар рўйхати текширилган ва бу рўйхатдан ўрин олган вафот этган одамларнинг исм-шарифлари ўчириб ташланган.

- Ўлган киши сайловда овоз берди, дея қайд этилса, биз шарманда бўламиз. Маҳаллий ҳокимиятлар масаланинг мана шу томонига аҳамият бермаётган кўринади. Чунки сайловчилар рўйхатини маҳаллий ҳокимиятлар тузадилар. Марказий сайлов комиссияси вафот этган одамлар сайловчилар рўйхатига кириб қолишининг олдини олиш учун ҳамма чораларни кўрмоқда, деди Дамир Лисовский.

Бироқ вафот этган одамлар исмларини сайловчилар рўйхатидан ўчирилишига эришган қирғиз мухолифати ва нодавлат ташкилотлари республика ташқарисида меҳнат қилаётган 500 мингдан бир миллионгача бўлган мигрантлар ҳам сайлов рўйхатига киритилган, деб хавотир билдирмоқдалар. Бу каби баёнотларга марказий сайлов комиссияси ҳали ўз муносабатини билдиргани йўқ.
XS
SM
MD
LG