Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:38

“Туркманлар тўнини тескари кийиб олди”


Туркманбоши Ниëзов вафотидан сўнг Тошкент ва Ашхобод ўртасидаги алоқалар илиқлашганига қарамай¸ президентлар юзидаги табассум¸ ҳозирча оддий одамлар ҳаëтига кўчмай келаëтир.
Туркманбоши Ниëзов вафотидан сўнг Тошкент ва Ашхобод ўртасидаги алоқалар илиқлашганига қарамай¸ президентлар юзидаги табассум¸ ҳозирча оддий одамлар ҳаëтига кўчмай келаëтир.

Кейинги бир йил мобайнида 24 нафар хоразмлик туркман чегарачилари томонидан ҳибсга олиниб, жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Хоразмдаги “Нажот” ташкилоти вакиллари маълум қилдилар.

Хоразм вилоятининг Кўшкўпир тумани Иттифоқ қишлоғида яшовчи 23 ёшли Машарип Ғуломов бир ўртоғи билан 2007 йилнинг 16 декабр куни ўзбек-туркман чегарасини кесиб ўтган пайти туркман чегарачилари томонидан ҳибсга олинган.

Машарип Ғуломов ҳозирда Туркманистоннинг Байрамали туманидаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаяпти.

Машарипнинг оила аъзолари унинг қамалганидан орадан тўрт ой ўтгач хабар топишган.

Машарипнинг онаси Рўзагул Юсупова орадан салкам бир ярим йил вақт ўтган бўлса-да, ҳануз ўғлининг нима учун қамалганидан бехабар.

- Ўғлимни нима билан айбланганини билмайман. Машарипбойни бир дўсти келиб олиб кетган. Шу билан қайтиб келмади. Улар чегарадан Туркманистон томонга ўтиб кетган ва чегарадан ўтиб кетганини билишмаган.

Шундан кейин ўғлимни кўрмадик. Ўша ëқда туркманларнинг қўлига тушиб, ўша ëқда қолиб кетди. Суд қилишган уни. Бизга буни айтишмади ҳам¸ судига ҳам бора олмадик. Болани кўрмаганимизга бир ярим йил бўлди, деди Рўзагул Юсупова.

“Нажот” ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубовнинг билдиришича, Машарип Ғуломов билан унинг ўртоғи Журъат Ҳасанов чегарани ноқонуний кесиб ўтганлик ва банг моддаси сақлаганликда айбланиб йигирма икки йил муддатга қамоқ жазосига маҳкум қилинган.

- Машарип Ғуломов билан Журъат Ҳасанов деган йигит мол боқиш учун олдин ҳам Туркманистон фуқаролари томонидан ишга жалб қилинган. Улар ноқонуний ўтганлиги учун Туркманистон полицияси томонидан қўлга олинган. Уларнинг чўнтагидан 480 грамм наркотик моддаси чиққан экан, деди Ҳайитбой Ёқубов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, маҳкама жараёнида Машарип Ғуломов билан Журъат Ҳасановлар кўплаб адолатсизликларга дуч келишган.

-Уларга нисбатан “дежурний” адвокатлар ёлланган. Бу каби адвокатлар судяларнинг, полиция ходимларининг босими остида ҳеч қачон айбланувчи томоннинг ёнини олишмайди. Шунингдек, ўзбек фуқаролари туркман тилини билмаса-да, улар учун таржимонлар ёлланмайди, дейди Ҳайитбой Ёқубов.

“Нажот” ташкилоти ўзбек-туркман чегарасида мониторинг ўтказиб, кейинги бир йил мобайнида туркман чегарачилари томонидан 24 хоразмлик қўлга олиниб, кейинчалик туркман судлари ҳукмларига кўра, узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм этилганини аниқлаган.

Ҳайитбой Ёқубовга кўра, қўлга олинган ўзбекистонликларнинг асосий қисми, асосан, чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айбланиб, ҳибсга олинган.

- Тиканли симлар йўқ жойлар бор. Сув ҳавзалари ўтган жойлар бор. Ўзбекистон фуқаролари шу ерларни кесиб ўтаяпти. Ўша ҳолатларда улар қўлга олинаяпти.

Булар Туркманистон қонунлари бўйича маъмурий жазога тортилиши керак. Лекин ўзбекларга нисбатан уч-тўрт йиллик қамоқ жазоси қўлланилаяпти. Туркманистонда “Ўзбекларни фақат қамаш керак” деган нарса бор.

Ўзбекларга улар 10-15-20 йиллаб қамоқ жазоси бериб юбораяпти. Шундай жиноятни содир қилган Туркманистон фуқаролари тезлик билан амнистияга тушаяпти. Ўзбекистонлик фуқароларни эса ҳимоя қилишга ҳеч кимнинг қурби етмай қолаяпти, деди Ҳайитбой Ёқубов.

Бироқ Туркманистон парламентининг собиқ депутати Холмурод Суюнов қўлга олинган Ўзбекистон фуқаролари жиноятларига яраша жазо олаётганликларини айтади.

- Ўзбекистон томони ўзини оқлаш мақсадида чегарани ноқонуний бузиб ўтган ўз фуқароларига нисбатан Туркманистонда кўп йиллик жазо муддатлари берилишини қоралаши мумкин. Лекин Туркманистон мустақил давлат. Унинг ўз қонун- қоидалари бор. Ўзбекистон фуқаролари бу қонун – қоидаларни ҳурмат қилишлари шарт.

Чегара тартибларига ҳам риоя қилиш Ўзбекистон фуқаролари учун мажбуриятдир. Лекин бугунги кунда ўзбек- туркман чегарасида Ўзбекистон фуқароларининг контрабанда билан шуғулланиши ҳеч кимга сир эмас.

Юзлаб ўзбекистонликлар Туркманистондан техника жиҳозлари, бензин каби арзон товарларни чегарадан айланма йўллар орқали Ўзбекистонга олиб ўтишади. Бу каби ҳолатларни тартибга солиш вақти келди, деб ўйлайман, деди Холмурод Суюнов.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Суҳбат Абдулла эса ўзбек-туркман чегарасида нохуш ҳолатларнинг кўплигини сиёсат билан боғлайди.

- Ҳозир туркманларни ўзбекларга қарши қўйиш кайфияти кетаяпти. Авваллари ўзбекларни жуда саводли деб билан туркманлар ҳозир ўзбекларга негадир ола қараш қилаяпти. Ҳукуматлар орасида ҳам дағалликлар ва келишмовчиликлар бор.

Мана шунинг ҳаммаси бир бўлиб, туркманлар тўнини тескари кийиб олди. Бу нарса Ниëзов даврида бошланди. Ўша эсаëтган совуқ шамолни ҳеч ким тўхтата олмади. Шундан кейин бу масала кундан кунга совуқлашиб бораверди, деди Суҳбат Абдулла.

Жорий йилнинг 25 май куни туркман шоири Маҳтумқули таваллуди муносабати билан Туркманистон қамоқхоналаридан 1600 нафар маҳбус озод қилинди.

Бироқ бу амнистияга узоқ муддатларга қамалган Ўзбекистон фуқаролари тушмади.
XS
SM
MD
LG