Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:03

Комиссия қоронғуда қора мушук қидиради


Ҳуқуқ фаоллари¸ Андижондаги портлашлар юзасидан бошланадиган маҳкама жараëнининг навбатдаги театрлаштирилган томоша бўлишидан чўчимоқдалар.
Ҳуқуқ фаоллари¸ Андижондаги портлашлар юзасидан бошланадиган маҳкама жараëнининг навбатдаги театрлаштирилган томоша бўлишидан чўчимоқдалар.

26 май кунги Андижон портлашлари бўйича қидирув-тергов жараëнининг бориши ҳақда жамоатчиликка бирор расмий хабар эълон қилинмай туриб¸ мамлакатда бу жиноий ишни очиқ маҳкамага ҳозирлаш жараëни бошланди.

26 май куни Андижон ва Хонобод шаҳарларида содир этилган этилган воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноий ишнинг очиқ суд муҳокамасини тайёрлаш ва ўтказиш бўйича Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров раҳбарлигида комиссия тузилди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов фармонига кўра ташкил этилган бу комиссияга Андижон ва Хонобод воқеаларига оид қўзғатилган жиноий ишларни судда очиқ ва холисона кўриб чиқилишини тайёрлаш ва ўтказиш бўйича зарур ёрдамларни кўрсатиш вазифаси юклатилган.

"Андижон ва Хонободдаги воқеаларни содир қилишда гумонланиб қўлга олинган шахслар бор".

Бу ҳақдаги хабарни Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова Озодлик радиосига айтди.

Бироқ шу кунгача, Андижон ва Хонободдаги воқеаларга алоқадорликда айбланиб бирор кишининг қамоққа олингани ҳақида на расмий ва на норасмий хабар бор эди.

Энди қўлга олинган бу шахслар судларини очиқ ва холис тайёрлаш Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров раҳбарлигидаги комиссия зиммасига юклатилган:

Светлана Ортиқова: Комиссиянинг зиммасига террорчилик ҳаракатлари юзасидан Ўзбекистон республикаси жиноят ва жиноят процессуал қонунчилиги талабларига тўла мос равишда қўзғатилган жиноий иш материалларининг судда очиқ ва холисона кўриб чиқилишини тайëрлаш ва ўтказиш бўйича зарурий ëрдам кўрсатиш¸ суд жараëнининг хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари томонидан кенг ëритилиши учун шарт-шароитлар яратиш вазифалари юклатилди.

Озодлик: Андижон воқеаларида айбланиб ëки гумонланиб бирор бир одам қўлга олиндими?

Светлана Ортиқова: Албатта.

Озодлик: Нечта одам ушланди?

Светлана Ортиқова: Тергов жараëни тугаб¸ суд жараëни ўтиб қонуний кучга кирган ҳукм бўлмагунча¸ бирор нарса дейишга ожизлик қиламан. Мени ҳам тўғри тушунишингизни илтимос қилардим.

Озодлик: Бу воқеаларнинг орқасида ким турганлиги¸ ким уюштирганлиги ҳақида айта олмайсизми?

- Ҳозирча йўқ. Ҳозирча бундан ортиқ айта олмайман¸ дейди Светлана Ортиқова.

Комиссиянинг асосий вазифаси жиноий ишларни судда очиқ ва холисона кўриб чиқилишини тайёрлаш ва ўтказишда судларга ёрдам кўрсатиш эканлиги ҳуқуқшуносларнинг энсасини қотирмоқда.

Зеро, Ўзбекистон қонунлари бўйича ҳар қандай жиноий иш ҳам судда холисона кўриб чиқилиши керакку, бунинг учун махсус комиссия тузиш шартмиди? Ёки судларнинг холис эканлигига ишонч йўқми?

Тошкентлик ҳуқуқшунос Гулнора Эшонхонова ҳам бундай комиссиянинг тузилишида мантиқ йўқлигини айтади:

- Агарда ҳозир воқеаларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш учун десангиз¸ мантиққа тўғри келарди. Лекин суднинг холисона ўтишига амалий ëрдам кўрсатиш учун тузилган комиссияни¸ масалан мен¸ ҳуқуқшунос сифатида тушунмайман.

Бунда бу комиссия бўлмаса¸ суд холис тазрда ўтмайди¸ деган фикр чиқиб қоладику. Тўғрисини айтганда¸ судларга ишончсизлик билдирилгандай бўлиб турибди.

Амалий ëрдам деганда бошида ҳимояни таъминлашми¸ прокурорни таъминлашми¸ уни охиригача назорат қилишми билмаймизку¸ дейди Гулнора Эшонхонова.

Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов 2005 йилда содир бўлган Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланиб суд қилинган шахсларнинг судлари ҳам очиқ деб эълон қилинганлиги, лекин бу махкамалар ёпиқ тарзда ўтганлигини айтади:

- Бу судни биздан бекитишган. Қаерда бўлишини айтишмаган. Суднинг қаерда бўлишини билиб қолиб кирмоқчи бўлиб борганимизда¸ бирортамизни киритишмаган¸ дейди Суръат Икромов.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда¸ айниқса диний айбловлар билан маҳкамага тортилган одамларнинг судлари ҳеч қачон холис бўлмайди. У бунга мисол қилиб 2004 йилги Тошкент портлашларида айбланиб маҳкамага тортилган 15 кишининг судини келтиради:

- Улар 15 киши эди. Уларнинг саккиз нафари аëл¸ етти нафари эркак. Мен 47 томлик жиноий иш материалини эрталабдан кечгача тинмасдан суд залида ўрганиб чиққанман. Бирорта жойда уларнинг айби топилмаган. Мен ўша судда очиқ гапирганман.

“Ҳеч бўлмаса бир жумла айбловнинг исботини қилиб беринглар” деганимда¸ прокуратура ходимлари нима дейишни билмасдан ранги ўчиб ўтирган. Бизда айблар қўйилиши мумкин¸ аммо унинг исботи бўмайди. Судлар ҳеч қанақа исботсиз ҳукм чиқаради.

Бу ҳақда алоҳида “Нимага бунақа қилаяпсиз? Ахир виждон қийналмайдими?” деб судядан сўрасам¸ “Биласизми¸ юқоридан буйруқ берилаяпти. Мажбур бўлаяпмиз” дейишган¸ дейди Суръат Икромов.

Суръат Икромовнинг айтишича, Президент Каримов “топамиз, жазолаймиз” деб айтган экан, энди бу жуда катта қама-қама кампанияси бўлади, демакдир. Лекин расмий Тошкент Андижон ва Хонобод воқеаларини содир этганлар қўшни давлатлардан ўтганини эълон қилган эди.

Ҳозирча, Андижон ва Хонободдаги воқеалар ташкилотчилари ва уларнинг номлари номаълум. Бир қанча интернет сайтларида “Исломий жиҳод” ташкилоти бу ҳаракатларни ўз бўйнига олганини эълон қилди.

Лекин расмий Тошкентнинг биринчи тахминларидан чиқиб келадиган бўлсак, бу гал айбланадиганлар фақат Ўзбекистоннинг ўзидан эмас, балки мамлакатдан ташқаридан ҳам қидириладиган кўринади.
XS
SM
MD
LG