Линклар

Ўзбекистон ўзиникидан қолмаяпти

  • Ҳасанжон

КХШТ бош котиби олдида энди Ўзбекистон ва Арманистоннинг бир-бирига зид талаблари ўртасига кўприк солишдек оғир вазифа турибди.

КХШТ бош котиби олдида энди Ўзбекистон ва Арманистоннинг бир-бирига зид талаблари ўртасига кўприк солишдек оғир вазифа турибди.

Москванинг собиқ иттифоқ ҳудудларида собиқ Варшава пактини қайта тиклаш уринишлари деб кўрилаëтган режаси¸ Россия расмийсига кўра¸ Тошкент ва Ереван ўртасидаги зиддият сабаб¸ боши берк кўчага кирган.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) қошида Тезкор коллектив кучлар тузиш ҳақидаги келишувнинг расмийлаштирилиши кечикишига Ўзбекистон ва Арманистоннинг ўзгача позицияга эга бўлгани сабаб бўлмоқда.

КХШТ бош котиби Николай Бордюжа ташкилотга аъзо давлатлар Мудофаа вазирларининг Москвада бўлиб ўтган мажлисдан кейин шуни маълум қилди.

Россиядаги ахборот агентликлари хабарига кўра, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) қошида Тезкор коллектив кучлар тузишдан мақсад¸ бу кучлардан ташқи агрессия, халқаро терроризм ва экстремизм, халқаро уюшган жиноятчилик, наркотиклар контрабандасига қарши курашда махсус операциялар ўтказиш ҳамда фавқулодда ҳолатларда улардан фойдаланишдан иборат.

КХШТ бош котиби Николай Бордюжа Ўзбекистон ва ташкилотнинг қолган олти аъзоси ўртасида тезкор коллектив кучларни ташкил этиш масаласида қатор келишмовчиликлар юзага келганини маълум қилди.

Арманистон эса тезкор кучлар имкон қадар қисқа фурсатда ўз вазифасини бажаришга тайёр бўлишини хоҳламоқда.

Маълумки, жорий йил феврал ойида КХШТга аъзо давлатларнинг Москва саммитида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Тезкор коллектив кучларни ташкил этишга доир келишувни Ўзбекистоннинг “ўзгача фикри” инобатга олинган ҳолда имзолаган эди.

Ўзбекистоннинг ўша “ўзгача фикри ” нимадан иборат?

Москвалик таҳлилчи, ҳарбий масалалар бўйича мутахассис Павел Фелгенгауэр бу саволга шундай жавоб берди.

- Ўзбекистон ҳозир бундай кучлар тузишга эҳтиёж йўқ¸ деб ҳисоблайди. Чунки бу кучлар ташқи таҳдидни бартараф қилишга мўлжалланган. Ҳозир Ўзбекистонга ташқи таҳдид мавжуд эмас.

Мамлакатда муаммолар бор. Аммо¸ улар ички таҳдид билан боғлиқ.

Бундан ташқари¸ Ўзбекистон КХШТнинг икки аъзоси, яъни, Тожикистон ва Қирғизистон билан “можаро”га эга. Бундай вазиятда Тезкор коллектив кучларнинг ёрдам бериши эҳтимолдан йироқ.

Ўзбекистон эса бундай ахмоқона кучларга маблағ сарфлашни хоҳламайди. Ҳозирча НАТО кучларини ташкил этган Америка ва Европа давлатлари қўшинлари Ҳиндикуш тоғидан анча нарида уруш олиб бораётган экан¸ Ўзбекистонга ташқи таҳдид мавжуд эмас.

Арманистонда эса вазият аксинча. Арманистонга ташқи таҳдид бор.

Амалда мамлакат Озарбайжон билан тугалланмаган уруш ҳолатида ва Туркия билан кескин муносабатда. Шу боис¸ арманлар бирор кор-ҳол бўлса¸ тезкор кучлар ёрдамга келишини хоҳлайди, дейди россиялик таҳлилчи Павел Фелгенгауэр.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев КХШТ Ўзбекистонга сиёсий дастак учун керак, ташкилот қошида тузилиши режаланган Тезкор коллектив кучлар эса керак эмас¸ деган фикрда.

- Ўзбекистоннинг КХШТда бўлиши ўзаро сиёсий манфаатлидир. Инсон ҳуқуқларини қанчалик бузмасин¸ аъзоси бўлгани учун КХШТ уни қўллайверади. Лекин КХШТ раҳбариятининг шартларини Ўзбекистон ҳеч қачон қабул қилмайди. Яъни бу халқаро шартномалар бир томонлама ишламоқда.

Тошкентнинг позицияси шуки, тезкор кучлар номигагина бўлиши керак, амалда бўлиши шарт эмас. Ёки бўлса бўлсин, лекин Ўзбекистон ҳудудига кирмасин. Кирса, Тошкент рухсат бергандагина кирсин¸ дейди ўзбекистонлик таҳлилчи.

КХШТнинг Тезкор коллектив кучларини тузиш борасида ташкилот аъзолари қандай фикрга эга бўлишидан қатъий назар¸ Павел Фелгенгауэр бу режа амалга ошишига шубҳа билдиради.

- Принципда бу ғояни амалга ошириш суръати аллақачон секинлашган. У ерда бирлашган кучлар бўлмайди, у ерда доимий ягона қўмондонлик бўлмайди. Шунинг ўзи буни мантиқсиз ғояга айлантиради. Бу фақат қоғозда бўлади холос, дейди россиялик таҳлилчи.

Мавзуга доир кузатувчилар фикрини ўрганиб бўлишимиз билан¸ www.newsru.com ахборот агентлиги Ўзбекистон КХШТнинг Тезкор коллектив кучларини ташкил этишда қатнашиш учун бир неча шарт қўйганини хабар қилди.

Россиядаги юқори лавозимли манбага асосланиб Интерфакснинг маълум қилишича, биринчидан Ўзбекистон Тезкор коллектив кучларини қўллаш ҳақидаги қарор КХШТга аъзо давлатлар орасида кўпчилик овоз билан эмас, балки ўзаро келишилган ҳолда қабул қилишинини хоҳлайди.

Иккинчидан, Ўзбекистон Тезкор коллектив кучлар қисмлари миллий қонунчиликка зид бўлган давлатларга жўнатилмаслигини, учинчидан, Тошкент КХШТга аъзо бўлган давлатлар ўртасидаги можарони ҳал этишда Тезкор коллектив кучларнинг қисмлари қатнашишини таъқиқлашни талаб қилмоқда.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Тезкор коллектив кучларни тузиш ҳақидаги келишув имзоланганидан кейин эмас, балки шартномани КХШТга аъзо барча давлатлар ратификация қилганидан кейин кучга киришини талаб қилмоқда.

Россия, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон 1992 йил 15 май куни Тошкентда Коллектив хавфсизлик шартномаси ҳақида келишув имзолаган. Мазкур ҳужжат 1994 йил апрел ойида кучга кирган.
XS
SM
MD
LG