Линклар

logo-print

Қозоғистонда 28 ўзбекистонлик ушланди


Айни кунда Ўзбекистонда 27 та қозоғистонлик¸ Қозоғистонда эса 28 та ўзбекистонлик суд ҳукмини кутмоқда.

Айни кунда Ўзбекистонда 27 та қозоғистонлик¸ Қозоғистонда эса 28 та ўзбекистонлик суд ҳукмини кутмоқда.

Нукусда чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айбланаëтган 27 қозоғистонлик устидан маҳкама жараëни бораëтган бир пайтда¸ Қозоғистонда рухсатсиз ишлаш айби билан 28 ўзбекистонлик қамоққа олинди.

Қозоғистоннинг Ўскемен (Уст-Каменогорск ) шаҳрида 28 Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган Қозоғистон миграция хизмати мулозими Лариса Поломошновага кўра¸ қўлга олинган Ўзбекистон фуқароларида ишлаш учун изн бўлмагани уларни қамоққа олиш учун асос бўлган.

Поломошниковага кўра Қозоғистонда қўлга олинган ўзбеклар 18 май куни ўзбек-қозоқ чегарасининг Қоплонбек (Тошкент вилояти) пунктидан ўтишган. Улар миграцион карта олишган¸ аммо ишлаш учун рухсатномани расмийлаштиришмаган.

Қозоғистонлик мулозимнинг айтишича¸ улар изнсиз тарзда Довултоу ширкатида ишлашган.

Қозоғистондаги "Время" газетасининг ëзишича ноқонуний ўзбек ишчилари йўл таъмири учун ҳукумат ажратган 2283 миллион тангалик лойиҳада ишлашган.

Ўскеменда 2500 Қозоғистон фуқароси ишсизлар рўйхатида турган бир пайтда 28 ўзбекнинг ноқонуиий ишлаши таажублидир, деб ëзади Время газетаси.

Қозоғистонда 30 га яқин Ўзбекистон фуқароси бирваракайига қўлга олинишидан бир неча кун олдин¸ Ўзбекистоннинг Нукус шаҳрида 27 Қозоғистон фуқароси устидан маҳкама жараëни бошланди.

27 қозоғистонлик ҳайдовчи шу йилнинг 28 феврал куни Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида ўзбек чегарачилари томонидан қўлга олинган эди.

Ўшандан буён улар Нукус шаҳридаги СИ-9 тергов изоляторида ҳибсда ушлаб турилибди. Уларга тегишли машина ва бошқа техника воситалари ҳам ўзбекистонлик маъмурлар қўлида.

Яқинларининг айтишларича, қозоғистонлик ҳайдовчилар Ўзбекистон ҳудудига қорбўрон бўлгани сабабли адашиб ўтиб қолган.

“Ўзбекистонда қўлга олинган қозоғистонликлар устидан суд жараёни давом этмоқда, Қозоғистон вакилининг суд мажлисида иштирок этишига рухсат берилди”, деб хабар қилди Қозоғистон республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Ержан Ашиқбаев 1 июн куни.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида мавжуд икки томонлама ва кўптомонлама келишувларга қарамай¸ ҳозиргача Ўзбекистон томони бу фуқароларни Қозоғистон адлия тизими қўлига топширишга розилик бермади.
XS
SM
MD
LG