Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:29

“Боласи қул бўлган миллатнинг келажаги буюк эмас”


Ўзбекистонда болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш сиëсати қурбонларини мустақил кузатувчилар баъзан¸ пахта қуллари деб атайдилар.
Ўзбекистонда болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш сиëсати қурбонларини мустақил кузатувчилар баъзан¸ пахта қуллари деб атайдилар.

Ўзбекистонлик элликка яқин фаол дунё жамоатчилигини ўзбек пахтасини бойкот қилишга чақириб, жаҳондаги етакчи давлатлар ва нуфузли ташкилотларга мурожаатнома йўллади.

Ўзбек пахтасини бойкот қилиш акцияси Францияда рўйхатга олинган “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти” халқаро ташкилоти ташаббуси билан йўлга қўйилган.

Жамият раҳбари Абдужалил Бойматов бугунги кунда пахта далаларида ўзбек болаларининг қулларча эксплутация қилининиш ҳолатларига чек қўйиш зарур, деб ҳисоблайди.

- Иқтисодий жиҳатдан Ўзбекистон ҳукуматига таъсир ўтказа оладиган¸ таъсири кучли бўлган банкларга мурожаат қилдик. Жумладан, Жаҳон банкига¸ Европа тикланиш ва тараққиëт банкига¸ Осиë тараққиёт банкига, шунингдек, Ўзбекистонга таъсир кучи кучли бўлган АҚШга¸ Европа Иттифоқига¸ БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига¸ Жаҳон меҳнат ташкилотига мурожаат қилдик. Чунки ўзбек болаларининг пахтага ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиниши нотўғри нарса.

Ўзбекистон ҳукумати Ўзбекистоннинг келажагини ўйлайдиган бўлса¸ миллатнинг келажагини ўйлайдиган бўлса¸ болалар меҳнатидан воз кечиши керак. Ўзбекистон ҳукумати ҳар доим “Ўзбекистон келажаги буюк давлат” деб айтади. Ўзбекистонда буюк давлатни билимли ëш авлод қура олади. Агар улар уч ойлаб қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилинса¸ ҳеч қандай буюк келажак бўлмайди, дейди Абдужалил Бойматов.

Баёнотда айтилишича, ҳар йили пахта терими мавсумида 1,6 миллиондан 2,5 миллионгача бўлган болалар мажбурий меҳнатга жалб қилинади. Болаларнинг ёши 10 ёшдан 15 ёшгача бўлиб, улар тахминан икки ой давомида пахта далаларида қулларча ишлашга мажбур қилинадилар.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроевга кўра, Ўзбекистон ҳукумати томонидан болалар меҳнатидан фойдаланмаслик бўйича бир қатор қонун ва ҳужжатлар қабул қилинганига қарамай, болаларнинг пахта далаларига мажбурий олиб чиқилиши тўхтамаяпти.

- Ўтган йил 11-12-13-14 сентябр кунлари Жиззахдаги барча коллежларнинг талабалари пахтага олиб чиқиб кетилди. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас бош вазир Шавкат Мирзиëев болалар меҳнатидан фойдаланмаслик бўйича кўрсатма берди.

Не кўз билан кўрайликки¸ орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас - 26-27 сентябр кунлари болаларни пахтага олиб чиқиш бўйича яна кампания бошланди. 6-7-8 синф болалари пахтага олиб чиқиб кетилди. Бу йил 16-17-18 май кунлари жуда кўплаб туманларда болалар дарсдан қолдирилиб¸ далага олиб чиқилган, дейди ҳуқуқ фаоли.

Бахтиёр Ҳамроев ҳам ўзбек пахтасини бойкот қилиш акциясига қўшилган. Ушбу акция иштирокчилари халқаро молия институтларини то реал ислоҳотлар бошланмагунича, Ўзбекистонга агро-кредитлар ажратишни тўхтатишга чақирадилар.

Шунингдек, пахта толаси импорти билан шуғулланадиган халқаро компанияларга ва айниқса, Дубай пахта биржасига мурожаат қилиб, ижтимоий бизнес тамойилларига риоя қилишларини сўрайдилар.

Ўзбекистон расмийлари эса мамлакатда болалар ҳуқуқлари қонун орқали ҳимояланганини таъкидлайдилар.

Ўтган йилнинг январ ойида мамлакатда “Болалар ҳуқуқи кафолатлари тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинди.

Шунингдек, ўтган йили “Энг ёмон кўринишдаги бола меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш ва уни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш тўғрисида”да қонун ҳам кучга кирди.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ходими Озодлик билан суҳбатда бу қонунлар амалга татбиқ қилинаётганлигини айтаркан, пахта терими чоғида болалар меҳнатидан фойдаланилганини тамоман инкор қилади.

- Ўзбекистонда болалар мажбурий меҳнатга мутлақо жалб қилинмайди. Бу борада Вазирлар маҳкамасининг тегишли қарори мавжуд.

Шунингдек, бизда конвенциялар бор... Биз болаларни мажбурий меҳнатга мутлақо жалб қилмаймиз, дейди Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ходими.

Бироқ ўзбек пахтасини бойкот қилиш акцияси иштирокчилари халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистоннинг оғзаки ёки ёзма мажбуриятларига ишонмасликка, балки мажбурий болалар меҳнатини бас қилишни талаб қилишга чақирадилар.

Францияда яшаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Толиб Ёқубов ушбу акция орқали ижобий натижаларга эришиш мумкинлигига ишонади.

- Кейинги икки йил ичида айнан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Ўзбекистон пахтасини сотиб олишни бойкот қилиш ташаббуси билан чиқишди. Шу саъй-ҳаракатлар ўзининг натижасини берди.

Ҳозир Европадаги¸ АҚШдаги ва бошқа давлатлардаги йирик текстил корпорациялари Ўзбекистон пахтасини бойкот қилишаяпти. Чунки бу пахта орқасида навниҳол болаларнинг давлат томонидан уюштирилган мажбурий меҳнати ëтганлигини улар тушунди. Шу нуқтаи назардан, бизнинг акциямиз орқали бу ишларда янаям ўзгаришлар кучаяди, деди Толиб Ёқубов.

Халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ фаоллари саъй-ҳаракати натижасида ўтган йили “Wal-Mart”, “H&M”, “Marks & Spencer”, “TESCO” каби дунёдаги қатор йирик ширкатлар болалар меҳнати эвазига етиштирилган ўзбек пахтасига нисбатан бойкот эълон қилган эди.

Халқаро босимга қарамай¸ 2009 йили Ўзбекистон пахтазорларидаги вазият¸ 2008 йили суратга олинган манзаралардан фарқсиз қолмоқда.

2008 йил - ўзбек болалари яна пахтазорда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:00 0:00
XS
SM
MD
LG