Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:48

Дарахт бўла олмаган ниҳол


Санобар Раҳмонованинг айрим мухлислари уни бир қийғос гуллаб¸ сўнгра совуқ урган ниҳолга қиëслашади.
Санобар Раҳмонованинг айрим мухлислари уни бир қийғос гуллаб¸ сўнгра совуқ урган ниҳолга қиëслашади.

Санъат осмонида бир лов этиб ëниб¸ кўп ўтмай сўнган юлдузлар рўйхати анча узун. Кўпчилик қўшиқ мухлислари бундайлар орасига 70-йилларда бутун Ўзбекистонни ўзига ром қилган Санобар Раҳмоновани ҳам қўшади.

Ўта қизил бўлиб очилган гул тез сўнади¸ деган мақол бор. Аммо қизил гулнинг шу қисқа умри ҳам достонлар ëзиш учун етарли.

Бор-йўғи олтита ашула айтиб¸ қисқа муддат бўлса ҳам миллионлар назарига тушган ва сал ўтмай кўздан ғойиб бўлган Санобар Раҳмонова ҳикояси ҳам тингловчи учун қизиқ.

Гўë қушча парвоз учун қанотларини ëздию, аммо беканор осмонда сайр қила олмади.

Гўë биз қизиқ бир кинони завқ билан оромкурсига ўрнашиб кўра бошладигу, бирдан тасма узилиб, экран қорайди.

Меҳр нури¸ ëғар доим¸ кўзингиздан устозлар¸
Борсам дейман¸ шу табаррук¸ изингиздан устозлар.


Бу қўшиқ ўтган асрнинг 70- йилларида энг урф бўлган ашула эди¸ деб эслайди ëзувчи Минҳожиддин Ҳайдар.

- 1972-1973-1974 йилларда Ўзбекистонда халқ ичидаги талантли ëшларни қидирув бўлган. Ëш талантларни қидириш аслида бутун иттифоқ бўйича бўлган эди.

Кўрик-танловлар аввало туманларда¸ вилоятларда бўлган. Шуларнинг ичида бештами¸ олтитаси етилиб чиққан. Шуларнинг биттаси Санобар Раҳмонова бўлди.

Хоразм томондан Султонпошша Ўдаева бўлган. У пайтда мана шу икковининг олдига тушадиган бирортаси бўлмаган¸ дея эслайди ëзувчи Минҳожиддин Ҳайдар.

Куйла Санобар

1974 йилда мен махсус мактаб интернетда ўқир эдим. Таҳсилдан кейин ўқитувчимиз бизни тарбиячига топширар эди. Тарбиячимиз эса¸ бизнинг маърифий-маданий дунëмизни ўстириш учун ҳар куни тадбир уюштирмоғи лозим эди.

Бу тадбирлар мактаб деворига илинган рўйхатда ëзиғлиқ турар эди. “Куйла Санобар” фильмини жамоа бўлиб томоша қилиш ҳам мактаб ўқувчилари учун маърифий тадбир сифатида тавсия қилинди.

Чўпон қизи афсонаси ëки илк клип

"Сигнал" деб аталган оқ -қора ойнаи жаҳонда ëшгина қиз берилиб қўшиқ айтар ва бу қўшиқ баробарида тасвирлар тинимсиз алмашар эди.

Экранда кенг мўл адирлару ўнгирлар узра от чоптираëтган қиз тасвири. Кинода муҳрланган тоғнинг ëввойи гул чечаклари қўшиқ ифорига ифор қўшаëтгандай эди.

От миниб қўшиқ айтаëтган чўпон қизи ҳақидаги бу фильм ҳозирги клипларнинг бобоси эди.

Ҳозирги клипмейкерлар фикрича¸ қўшиқ тез алмашинувчи тасвирлар жўрлигида айтилса¸ мияга тез муҳрланар экан.

Бу фильм яратилиш тарихи ҳақида яна Минҳожиддин Ҳайдардан эшитамиз.

- Отлар Андижоннинг¸ Ëзëвоннинг яйловларида чопиб¸ қисқа метражли жуда чиройли фильм қилинган эди. Санобар Раҳмонова ўзи чорвадор одамнинг қизи бўлган.

Санобар Раҳмонова кейин халқнинг ҳурматини қозонди. Кейин бу қиз Шерали Жўраевнинг жияни Илҳом Жўраевга турмушга чиқди. Шундан кейин бу қизимиз узоқ йиллар кўринмай кетди. Касал бўлиб қолди¸ деб эшитдик¸ бошқа деб эшитдик.

Шу билан ëши анча жойга бориб қолгандан кейин мустақиллик йилларида икки-уч марта кўринди¸ холос.

Бу жуда баланд¸ ниҳоятда жарангдор¸ ниҳоятда ширадор товушда чиққан қизимиз эди. Афсуски¸ тўрт-бешта қўшиқ билан қолиб кетди.

Ўқитувчиларга бағишланган “Устозлар” деган ашуласини жуда баланд товушда айтган. Унинг олдига катта-кичик ҳеч ким туша олмаган.
Мана ҳозир ҳам ҳар замонда чиқиб қолаяпти. Лекин барибир ўша Санобар Раҳмоновага ўхшамайди¸ дейди Минҳожиддин Ҳайдар.

Куй авжида узилган тор

Куй авжида рубоб тори узилиб қолса¸ ўз ўзидан исталмаган бир танаффус пайдо бўлади. Қорнига юрак пардаси тортилган рубобдаги эшак устидан яна сим тортиш¸ харракларни бураб¸ торни таранг қилиш учун вақт лозим.

Ўтган асрнинг 70- йилларида отилиб чиққан Санобар ижоди ҳам ана шундай танаффусга дуч келди¸ деб эслайди Минҳожиддин Ҳайдар.

- Чиққан вақтида яхши бўлди. Кейинчалик ҳукумат ҳам бунга эътибор бермади. Касал бўлибди¸ деб ҳам эшитдик. Шунга ўхшаш сабаблар билан навқирон талант тўрт-беш йилдан кейин сўнди.

Ҳукуматнинг ва оиланинг бермаган эътибори туфайли ëш талант эрта тўхтаб қолди. Тўртта-бешта қўшиқ билан йўқолиб қолди.

Орадан 15-20 йил ўтгач¸ мен бир-икки эшитдим¸ лекин энди аввалги товушлар йўқ. Ўзи 50 ëшдан ошиб қолган аëл. Бунақа аëлдан энди ортиқча нарсани кутиб бўлмайди.

Бунақа талантларга биринчи навбатда ҳукумат томонидан катта эътибор берилиши керак.

Иккинчи навбатда ўша талант келин бўлиб тушган оила эътибор бериши керак. Чунки уруғни яхши жойга қадасангиз¸ у униб чиқади. Санъат ҳам худди шунга ўхшаган нарса¸ дейди Минҳожиддин Ҳайдар.

Санобарни излаб ...

Бундан 35 йил олдин санъат осмонида ярқ этиб ўчган юлдуз Санобар Раҳмонова қаерда¸ хозир у киши нима қилаяпти¸ деган савол билан Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигига қўнғироқ қилдик.

"Раҳмонова деган қўшиқчи биздан лицензия олмаган ва у ҳақда ҳеч нарса билмаймиз"¸ деган жавобни олдик.

Нима бўлса бўлар¸ деб Андижон Адабиëт музейига қўнғироқ қилдик.

"Санобар Раҳмоновани биз яхши биламиз. У айтган “Устозлар” қўшиғини доимо хиргойи қиламан"¸ деди телефон гўшагини кўтарган Гулноза исмли қиз.

Бу қиз бизни андижонлик зиëли Тўлқинжон Қўлдошев билан улади.

Тўлқинжон Қўлдошев: Халқ ҳозиргача яхши эслайди¸ жуда эъзозлайди. Унинг қўшиқларини ҳозиргача соғинч билан эшитамиз. Халқ бу қизни ҳеч қачон унутмайди.

Озодлик: “Куйла Санобар” деган кинони ҳозир унда-бунда қўйишадими?

Тўлқинжон Қўлдошев: Яқинда бир тадбирда¸ Бобур номидаги Андижон вилоят театрида¸ Санобар Раҳмонова ҳақидаги фильм тўлиқ кўрсатилди.

Ўзбекистон телевидениеси гоҳ-гоҳида концертидан озгина-озгина бериб турибди. Ëшлигимизда мазза қилиб эшитардик¸ фахрланардик.

Озодлик: Ëши 40 дан ошганлар билади¸ ëшлар билмайди деган гаплар юради.

- Балки шундайдир. Лекин мен кўп эшитаман. Ҳатто дисклари магазинларда сотилади¸ дейди Тўлқинжон Қўлдошев.


Манзилга то етиб олгунча¸ қўшиқ бизга абадий ҳамроҳ

Тўлқинжон Қўлдошев билан суҳбатдан сжнг¸ у киши тавсия қилган аëл - Асака шаҳар Маданият ишлари бўлими бошлиғи Малоҳатхон билан боғландик.

Озодлик: Мен Санобар Раҳмонова деган аëл ҳақида эшиттириш қилмоқчи эдим. Шу киши борми¸ қаерда?

Малоҳатхон: Асакага келиб¸ “Илҳом Жўраевнинг уйи қаерда?” десангиз¸ шундай кўрсатиб беришади.

Озодлик: Халқ Илҳом Жўраевни билади. Халқ Санобар Раҳмоновани ҳам биладими? Қўшиқларини эслайдими?

Малоҳатхон: Билади. Ҳозир унинг ижодини ëритишаяптию. Иккаласи биргаликда ижод қилишаяпти. Уйига кириб¸ бемалол суҳбатлашаверасиз.

Озодлик: Сиз “Куйла Санобар” фильмини кўрганмисиз?

Малоҳатхон: Кўрганман. Телевидениеда кунора қўяяптию.

Озодлик: Санобар Раҳмоновани ëшлар биладими?

Малоҳатхон: Билади. Жуда яхши билади.

Озодлик: Қайси қўшиқларини билади?

Малоҳатхон: Ҳозир Санобар Раҳмонова ўзининг қизини шогирд қилиб¸ мактабдан чиқарди. “Сабо келтир хабар” қўшиғи билан Зулфия мукофотига қизининг номзоди қўйилди. 34 ўрта мактабда ўқийди.

Озодлик: Ўз вақтида оила билан бўлиб¸ санъатдан узоқлашиб қолгани асакаликлар учун армон эмасми?

Малоҳатхон: Узоқлашиб қолган эди¸ лекин ҳозир Санобар Раҳмонованинг ижоди жуда яхши ëритилаяпти. Эр-хотин яхши ижод қилишаяти. Телевидениеларга чиқишаяпти.

"Навозанда"да чиқишди. Ўғли Ихлосбек Жўраев Маданият ва спорт ишлари бўлимида менинг қўлимда ишлаяпти. У "Ниҳол"нинг эстрада йўналишида туман босқичидан вилоят босқичига чиқди.

Озодлик: Бу қўшиқлар халққа танишми?

Малоҳатхон: Таниш. Санобар Раҳмоновани халқимиз ҳар қадамда эслайдию. Чунки қўшиқлари ҳамманинг миясига сингиб қолган.

Бегалиев даврида “Андижоним” қўшиғини айтгандан кейин, халққа янада кўпроқ танитилди.

Мен ҳозир видеофильмларини¸ қўшиқларини ëшларга ўтказмоқчиман. Ўғли кўчириб бераман, деди.

Озодлик: Сиз Маданият ишлари бўлимининг бошлиғимисиз?

- Мен Маданият ва спорт ишлари бўлимининг бошлиғи бўламан¸ дейди Малоҳатхон.


Илҳом Жўраев билан суҳбат

Водий санъаткорларини ҳофиз Шерали Жўраевнинг салобати босиб туради. Кўпчилик Шералига тақлид қилиб хониш қилади. Шерали Жўраевнинг укаси Ҳалим Жўраев ҳам¸ жияни Илҳом Жўраев ҳам қўшиқ куйлаб¸ бола-чақа боқишади.

Санобар Раҳмонова Илҳом Жўраевга турмушга чиқдию¸ юлдузи сўнди¸ деган гаплар ҳам қулоққа чалинади. Бу гапларга Илҳом Жўраевнинг ўзи ойдинлик киритди.

Озодлик: Илҳом ака¸ яхшимисиз?

Илҳом Жўраев: Яхши раҳмат.

Озодлик: Мен сизнинг турмуш ўртоғингиз Санобар Раҳмонова ҳақида лавҳа қилмоқчи эдим. Ҳозир бирга ижод қилаëтган экансизлар. Шу ҳақда гапириб берсангиз.

Илҳом Жўраев: Ҳа¸ ҳозир концертларни бошладик. Андижон театрида концерт бўлди. Ўшда концерт бердик. Энди Худо хоҳласа Фарғона¸ Наманган ва Қўқонда қилмоқчимиз.

Озодлик: Одамлар эски қўшиқларни сўрайдими?

Илҳом Жўраев: Ҳа¸ албатта. Эски қўшиқлар ҳар бир концертда айтилади.

Озодлик: Ëши 40 дан ошганлар Санобар Раҳмонова ҳақидаги фильмни билишади. Ëшлар биладими?

Илҳом Жўраев: Ëшлар ҳам яхши қабул қилишади. Бу кино овоз ëзиш студияларида бор. Диск бўлиб чиқаяпти ҳозир. Бу Андижоннинг ҳамма жойларида бор. Ëшлар ҳам кўришаяпти.

Озодлик: Санобар Раҳмонованинг қайси қўшиғи одамларнинг қулоғига сингиб қолган?

Илҳом Жўраев: Энг сингиб қолгани бу “Устозлар” деган ашуласи.

Озодлик: Санобархон билан қандай боғлансак бўлади?

- Сиз ҳозир қўл телефонимга телефон қилдингиз. Бир-икки соатлардан кейин телефон қилсангиз¸ мен уйга бораман¸ деди Илҳом Жўраев.


Шуҳратнинг оғир юки ëки куйламай қўйган Санобар билан қилинмаган суҳбат

Санобархон билан суҳбатлашишнинг иложи бўлмади. Ана телефонга келади¸ мана телефонга келади¸ деган гапларни икки кун давомида ашулачининг турмуш ўртоғи ва фарзандларидан такрор ва такрор эшитдик.

Пироварардида¸ Санобархоннинг суҳбатлашиш иштиëқи йўқлигини бизга ўғилларидан бири Исломбек маълум қилди.

Овоз оҳангидан Санобархонга оиласи гапириш изни бермагани англашилди.

Номаҳрам билан телефонда суҳбатлашишни эътиқодли ўғил онасига раво кўрмади.

Бир пайтлар от устида куйлаб қўшиқ айтган бу аëлнинг бугунги куни тингловчиларимиз учун парда ортида гизли қолди.

Майли¸ бу ҳолатда ҳам қўшиқчининг бугунги тақдирига тўғри бир ишорат бор.

Боғу бўстонларда сайраган булбулигўë қафасга тиқилганидан кейин сайрамай қўйганини эртакларда ўқиганмиз.

Санобар калимаси тик ўсган хушқад дарахт маъносини беради. Қўшиқчи Санобар дарахт бўлишни орзу қилган ниҳол армонини эслатмайдими?


Онам айтган қўшиқлар

Санобар Раҳмонова илк бора қўшиқлар айтиб танилганидан 10 йил ўтиб туғилган ўғли Ихлосбек 20 ëшда. Мен шундай машҳур онам борлигидан фахрланаман¸ дейди Ихлосбек.

Ихлосбек: Чўпоннинг қизи шу сенинг онанг эди. Қўшиқларни айтар эди. Олти дона қўшиғи билан бутун Ўзбекистонга танилган. Сурхондарëнинг тоғли томонларида хизматда бўлганимда мени танишган. Санобар Раҳмонованинг ўғли деб таништиришганида мени танишган.

Озодлик: Онангиз ўртада қўшиқ айтмай қўйдилар ва энди яна қўшиқ айтаяптилар-а?

Ихлосбек: Ижод тўхтамаган. Шунчаки телевидение ва радиода чиқиб¸ қўшиқ айтмаган. Шунга хоҳиши бўлмаган.

Озодлик: Нимага ҳозир ҳамма сизнинг онангизни эслаб қолди?

- Таклиф¸ илтимос кўп бўлгани учун¸ халқ илтимос қилгани учунда¸ дейди Ихлосбек.

Борсам дейман шу табаррук изингиздан

Бундан 35 йил муқаддам миллионлаб ўзбек ихлосмандлари қалбини титратган қўшиқлар бугун Санобар Раҳмонованинг ўғли тилидан янграмоқда.

Қўшиқ ўша¸ матн ўша¸ аммо қулоғимиз эски тароватни қўмсайди.
XS
SM
MD
LG