Линклар

Энг узоқ сақланаëтган сиëсий маҳбус

  • Садриддин Ашур

Яқинлари¸ Мурод Жўраевнинг бир кун келиб қамоқдан оëғи билан юриб чиқишига кўп ҳам умидлари қолмаганини айтмоқдалар.

Яқинлари¸ Мурод Жўраевнинг бир кун келиб қамоқдан оëғи билан юриб чиқишига кўп ҳам умидлари қолмаганини айтмоқдалар.

15 йилдан буён қамоқда ўтирган мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси асосчиларидан бири Мурод Жўраевнинг озодликка чиқишига саноқли ойлар қолганида¸ унга яна уч йил қўшиб берилди.

Кузатувчилар фикрича, Ўзбекистон ҳукумати қамоққа ташлаган сиёсий мухолифларини озодликка чиқаришдан чўчийди. Шунинг учун ҳам қамоқхонада уларга нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг 221 моддаси, яъни қамоқхона ички тартиб-қоидаларини бузганлик айби қўйилади.

Мурод Жўраевнинг хотини Холбeка Жўраеванинг айтишича, шу йилнинг апрел ойида унинг эри Зарафшондаги қамоқхонадан Каттақўрғондаги қамоқхонага ўтказилган эди.

Мурод Жўраевнинг қамоқ муддати тугашига тўрт ой қолганда унга яна ўша анъанавий модда қўлланилиб, уч йил муддат қўшиб берилди.

Холбeка Жўраева фикрича, ҳар сафар қамоқ муддати тугай деб қолганда, унинг эри “раскрутка” қилинади:

- 1994 йилда 12 йил беришган эди. 1995 йил 1 сентябр кунига президент қарори билан амнистияга туширилган эди ва уч йил олиб ташланиб¸ тўққиз йил қолган эди. Адашмасам 2003 йилда тўққиз йил тўлди. Ўшанда 6 сентябр куни чиқишлари керак эди.

1 сентябр куни юқоридан телефон бўлди ¸деб жиноий иш қўзғатилди ва бир ҳафтанинг ичида Қаршига олиб келиб бирданига уч йил бериб юборди. Уч йил бергандан кейин Навоий қамоқхонасига жўнатди.

Навоийда ҳам чиқишига тўрт ой қолганда бирданига Тошкентга¸ Олмалиқ деган жойдаги зонага олиб боришди. Олмалиқда 221 модда билан жиноий иш қўзғатилди ва шу билан уч йил бериб юборилди¸ дейди Холбека Жўраева.

Ўзбекистонлик адвокат Суҳроб Исмоилов Мурод Жўраевга Олмалиқ қамоқхонасида уч йил қўшиб берилганда уни ҳимоя қилган.

Унинг айтишича, Мурод Жўраев Ўзбекистонда энг узоқ муддат ўтирган сийсий маҳбуслардан бири. Гарчи унинг қамоқхона ички тартибини бузишга оид бирор бир айби тасдиқланмаган бўлса-да, лекин унга бу янги муддат қўшиб берилганди:

- Мурод ака Жўраевга қарши ҳамма кўрсатмалар қамоқхона назоратчилари ҳамда қамохона маъмурияти билан ҳамкорлик қиладиган алоҳида гуруҳ томонидан берилган ва айблов шунга асосланган эди. Мурод аканинг ўзининг кўрсатмалари ва унга хайрихоҳ бўлган кўрсатмалар судда инобатга олинмади.

Мурод ака қамоқхонада жанжал чиқаришга уринган¸ ҳозирги сиëсатни ëмонлаган¸ диний эътиқод билан қамалганларга хайрихоҳ бўлган¸ кечалари камерадошларига уйқу бермасдан бақир-чақир қилиб юрадиган маҳбус сифатида таърифланиб¸ ўшанда уч йил қўшиб берилди.

Ўшанда Мурод аканинг қамоқдан чиқишларига бир ойдан сал кўпроқ муддат қолган эди¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Холбека Жўраеванинг айтишича, одам ўлдирган ёки бошқа оғир жиноят қилган одамлар амнистияларга тушиб ёки муддати тугаб қамоқдан чиқиб кетяптию, лекин унинг эри сиёсий маҳбус бўлганлиги учун қамоқдан чиқарилмаяпти:

- Қамоқда 15 йилдан бери ўтирибдилар. Энди яна уч йил билан 18 йилга етди. Одам ўлдирган бўлсалар ҳам бу даражада бўлмаслик керак эди.

Наҳотки “Ўзбекистонда нима бўлаяпти?” деб қизиқадиган одамнинг ўзи бўлмаса? Мана ҳар доим судда уч йил бераяпти. Наҳотки савоб қиладиган битта инсоннинг ўзи йўқ.

Ҳеч бўлмаса шу сафар уч йил бермас¸ олти ой ëки бир йил берар деб ўйлаган эдим. Майли¸ уч йил берганига мен розиман. Фақат менга уч йилдан кейин чиқарамиз¸ деган қоғоз берсин.

Мен охирини кўрмаяпман. Охири нимага бориб тақалади билмайман. Уч йилдан кейин ҳам чиқаришларига ишонмайман. Менда умуман ишонч қолмади.

Майли ўрнига ўрин қилиб мени қамаб қўйсину¸ у кишини чиқарсин. Мен шунга ҳам розиман. Ҳаëтдан тўйиб кетдим¸ дейди ҳасрат билан Холбека Жўраева.

Холбека Жўраева эри билан сўнгги марта ўтган йилнинг декабр ойида учрашган эди. Ундан сўнг учрашувга рухсат берилгани йўқ. У Мурод Жўраевнинг аҳволи ниҳоятда оғир эканлигини айтади:

- Ўзбекистондаги аҳвол энди ўзингизга маълумку. Озодликда юрганлар оч юриптию¸ қамоқдагилар қандай бўлсин?! Тўртта суякдан бошқа нарсанинг ўзи йўқ. Нарса ейдиган даражада тишлари бўлмаса. Мен буни сизларга таърифлаб бера олмайман¸ дейди Холбека Жўраева.

57 ёшли Мурод Жўраев мухолифатдаги “Эрк” партияси асосчиларидан бири¸ Муборак шаҳрининг собиқ ҳокими. Жўраев 1990-93 йилларда Ўзбекистон парламенти депутати ҳам бўлган.

1994 йилда Ўзбекистон Олий суди Мурод Жўраевни ҳокимиятни эгаллаб олиш мақсадида фитна уюштиришда айблаб, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG