Линклар

Қозоқ маҳкамасининг марҳамати

  • Абдулла Искандар

Айрим кузатувчилар¸ Ўзбекистонда қозоғистонликларнинг судга тортилиши билан Қозоғистонда ўзбекистонликларнинг ушланиши ўртасида мутлақ алоқадорлик йўқ¸ деган фикрда.

Айрим кузатувчилар¸ Ўзбекистонда қозоғистонликларнинг судга тортилиши билан Қозоғистонда ўзбекистонликларнинг ушланиши ўртасида мутлақ алоқадорлик йўқ¸ деган фикрда.

Ўзбекистонда 27 қозоғистонлик устидан маҳкама жараëни бораëтган бир пайтда¸ Қозоғистоннинг Ўскемен шаҳрида 28 Ўзбекистон фуқаросининг ушлангани қозоқларнинг ўзбеклар саломига алигидек кўринган эди. Аммо...

Гапни энг сўнгги янгиликдан бошласак. Рухсатсиз ишлагани учун Қозоғистонда қўлга олинган 28 нафар ўзбеклар озод қилинди. Бу ҳақда Қозоғистон миграция хизмати мулозими Лариса Поломошнова Озодлик мухбирига маълум қилди.

- Айни пайтда 28 нафар ўзбек озод қилинди. Улар қамоққа олингунча яшаган уйларида¸ Ўскемен яқинидаги Куленовка қишлоғида яшашмоқда. Улар қисқа муддат ҳибсда сақланганлар¸ холос.

Ўскемен маҳкамаси 28 ўзбек ишини кўриб чиқиб¸ улар Қозоғистондан чиқариб юборилсин деб ҳукм чиқарди. Суд ҳукмига кўра¸ ўзбеклар 12 июнгача Қозоғистон ҳудудидан чиқиб кетишлари керак.

10 кун ичида улар суд ҳукми устидан шикоят қилишлари мумкин. Ҳозирча улар ҳукм устидан шикоят қилишмади¸ дейди Қозоғистон миграция хизмати мулозими Лариса Поломошнова.

Поломошновага кўра¸ 28 нафар ўзбек Қозоғистондан чиқиб кетиш учун йўл ҳозирлигини кўрмоқда.

12 июн куни бизнинг департамент тасарруфидаги миграция полицияси уларнинг кетган кетмаганлигини текшириб кўради.

28 нафар ўзбекнинг аҳволи қандай¸ қамоқ пайтида уларга тазйиқлар қилинди деган гап сўз ҳам чиққан эди¸ деб савол берамиз Қозоғистон миграция хизмати мулозимига.

- 28 нафар ўзбек ҳибсдалиги пайтида касалга чалингани¸ ҳушидан кетгани ëки тан жароҳати олгани қайд қилинмади. Ҳар ҳолда¸ бу юзадан улар шикоят қилмади¸ дейди Қозоғистон миграция хизмати мулозими Лариса Поломошнова.

Поломошновага кўра¸ муқаддам Қозоғистонда қўлга олинган 28 нафар ўзбеклар озод қилинган.

Жума куни эрталаб Қозоғистон миграция хизмати мулозими Поломошнова бизга мана бу хабарни берган эди.

- Қозоғистонда қўлга олинган ўзбеклар 18 май куни ўзбек-қозоқ чегарасининг Қоплонбек (Тошкент вилояти) пунктидан ўтишган. Улар миграцион карта олишган¸ аммо ишлаш учун рухсатномани расмийлаштиришмаган¸ деган эди Қозоғистон миграция хизмати мулозими Лариса Поломошнова.

Қозоғистонлик мулозимнинг айтишича¸ улар изнсиз тарзда Довултоу ширкатида ишлашган.

Қозоғистондаги “Время” газетасининг ëзишича¸ ноқонуний ўзбек ишчилари йўл таъмири учун ҳукумат ажратган 2283 миллион тангалик лойиҳада ишлашган.

Ўскеменда 2500 Қозоғистон фуқароси ишсизлар рўйхатида турган бир пайтда¸ 28 ўзбекнинг ноқонуний ишлаши таажжублидир¸ деб ëзди Время газетаси.

Қозоғистонда 30 га яқин Ўзбекистон фуқароси бирваракайига қўлга олинишидан бир неча кун олдин¸ Ўзбекистоннинг Нукус шаҳрида 27 Қозоғистон фуқароси устидан маҳкама жараëни бошланди.

27 қозоғистонлик ҳайдовчи шу йилнинг 28 феврал куни Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида ўзбек чегарачилари томонидан қўлга олинган эди.

Ўшандан буён улар Нукус шаҳридаги СИ-9 тергов изоляторида ҳибсда ушлаб турилибди. Уларга тегишли машина ва бошқа техника воситалари ҳам ўзбекистонлик маъмурлар қўлида.

Яқинларининг айтишларича, қозоғистонлик ҳайдовчилар Ўзбекистон ҳудудига қорбўрон бўлгани сабабли адашиб ўтиб қолган.

“Ўзбекистонда қўлга олинган қозоғистонликлар устидан суд жараёни давом этмоқда, Қозоғистон вакилининг суд мажлисида иштирок этишига рухсат берилди”, деб хабар қилди Қозоғистон республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Ержан Ашиқбаев 1 июн куни.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида мавжуд икки томонлама ва кўптомонлама келишувларга қарамай¸ ҳозиргача Ўзбекистон томони бу фуқароларни Қозоғистон адлия тизими қўлига топширишга розилик бермади.

Айни пайтда¸ Қозоғистон маҳкамасининг рухсатсиз ишлаëтган 28 ўзбек фуқароси билан боғлиқ вазиятни тез ҳал қилгани¸ можаро икки мамлакат ўртасидаги саломига кўра алик маталидаги вазиятдан анча узоқлигига ишоратдай кўринди.
XS
SM
MD
LG