Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:19

Интернет цензураси қонунийлашиш арафасида


Ўзбекистонда таклиф этилаëтган интернет цензураси жорий этилса¸ интернет фойдаланувчиларнинг қора тамға босилган сайтларга кириши жиноятга айланиши мумкин.
Ўзбекистонда таклиф этилаëтган интернет цензураси жорий этилса¸ интернет фойдаланувчиларнинг қора тамға босилган сайтларга кириши жиноятга айланиши мумкин.

Мустақил ва мухолиф сайтларнинг барчасини мутлақ тўсиб бўлгач Ўзбекистон ҳукумати эндиликда ўзининг ҳозирча ноқонуний бу ҳаракатлари учун қонуний асос яратиш уринишларини бошлаган кўринади.

Ўзбекистонда ҳукумат хуш кўрмайдиган мухолифат ва мустақил вeб-нашрлар тўсиб қўйилгани маълум. Озодлик сайти баробарида кўплаб сайтларнинг Ўзбекистонда очилиши имконсиз.

Эндиликда эса ҳукумат айрим интернет нашрлар тўсилишини қонунийлаштириш ҳаракатига тушган кўринади. Сўнгги ойларда ҳукумат нашрларида интернет устидан назорат ўрнатилишини тарғиб этувчи кўплаб чиқишлар шундан дарак берди.

Жумладан, “Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Шуҳрат Жабборов номақбул танқидлар билан шуғулланаётган интернет сайтларини назоратга олиш таклифи билан чиқди.

Ўзбекистон ҳукумати ва парламенти нашрининг раҳбари муовини бу борада Хитойда амал қилаётган “Буюк Хитой девори” дастуридан ўрнак олиш кераклигини, Хитой расмийлари мазкур дастур орқали жуда кўп сайтларга кириш имконини ёпганларини ўрнак сифатида келтирган.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги масъул ходими Улуғбек Султонов эса Исроилда интернетда цензура тўғрисидаги қонун қабул қилиниш арафасида тургани ҳақида ёзади.

Матбуот ва ахборот агентлиги нашри ҳисобланган “Ўзбекистон матбуоти” журналида эълон қилган мақоласида Султонов Исроилда қабул қилинаётган янги қонун мамлакатдаги барча интернет провайдерларидаги “кўнгилга ёқмайдиган” сайтлар учун филтрлар ўрнатиш вазифасини ўташини таъкидлайди.

Зарарли сайтлар рўйхатини белгилаш ва филтрлашнинг Исроил вазирлиги томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган, деб қайд этади Султонов.

Матбуот ва ахборот агентлиги ходими интернетни назорат қилиш борасида Жанубий Корея тажрибасини ҳам келтиради.

“Интернет қарийб барча хонадонларга кириб борган Жанубий Кореяда тахаллус остида мақола ва хабарлар тарқатиш таъқиқланиб, муаллиф ўз номини тўлиқ ёзиб, жойлаштириши шарт қилиб белгиланган. Ҳозирда ушбу мамлакатда мазкур меъёрни бошқа сайтлар учун ҳам жорий этишга қаратилган қонун устида иш олиб борилмоқда”, деб ёзади ўзбек расмийси.

Ўзбекистонда интернет сайтларни назорат қилиш борасида бундан аввал ҳам фикрлар айтилган.

Масалан, аввалроқ Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Тошкент давлат юридик институти ректори Мирзаюсуф Рустамбоев Ўзбекистон хавфсизлигига таҳдид солувчи энг хавфли интернет сайтларининг ягона рўйхатини тузиш ва тезликда уларни назоратга олиш, шу билан бирга халқаро тармоқда ахборот тарқатишни назоратга олиш бўйича қонун ҳужжати қабул қилиш керак, деган ташаббус билан чиққан эди.

Ўзбекистондек давлатда бунақа чиқишлар ўз ўзидан бўлмайди, дейди ferghana.ru вeб-нашри бош муҳаррири Даниил Кислов.

- Одатда ҳукумат ва президент тарафидан бирон қарор ёки фармойиш қабул қилинишдан аввал давлат матбуотида ана шу қарорнинг қабул қилинишини маъқулловчи чиқишлар бўлади, тарғибот кампаниялари ўтказилади, ўқувчилар миясига бир ёқлама фикр сингдирилади.

Ҳозир кузатаётганимиз ҳолатда ҳам ҳукумат фуқароларининг интернетдан ахборот олишини чеклашга ҳақли, деган бир ёқлама фикр одамларга сингдирилмоқда¸ дейди Даниил Кислов.

Даниил Кисловнинг таъкидича, Ўзбекистонда ҳукумат бундай тарғибот кампанияни ўтказиб, интернетнинг тўсилиши учун қонуний замин ҳозирлаш ҳаракатида.

- Бекорга, улар Исроил, Жанубий Корея, Хитой ва бошқа давлатлар тажрибаларини мисол қилиб келтираётганлари йўқ.

Бугун ҳатто, Европа давлатларида ҳам интернетда аноним чиқишларни чекловчи қонуний механизмлар ишлаб чиқилаётгани гувоҳимиз. Лекин, бу чоралар жамоатчилик фикри ўрганилган ҳолда, одамларнинг хавфсизлигини ўйлаб қилинмоқда.

Бу ерда мақсад одамларни ташқи дунёдан узиш эмас. Ўзбекистон эса интернет хавфсизлиги баҳонасида, биз ҳам одамларни нотўғри ахборот хуружларидан, экстремизм тахдидларидан ҳимоялаймиз деб, фуқароларнинг интернетдан ахборот олиш ҳуқуқларини чеклашни қонунийлаштирмоқчи.

Аминманки¸ ўзбек ҳукумати ёвузликни тарғиб этувчи сайтларни тўсиш баробарида, ҳақиқатни тарғиб этаётган сайтларни ҳам қонуний йўл билан бўғмоқчи, дейди Кислов.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда интернет қаттиқ назорат этилишини танқид этиб келади. Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Ўзбекистонни интернет душманлари рўйхатига киритган.

- Мамлакатда ҳукуматга мухолиф бўлган ёки танқидий материаллар чоп этувчи сайтлар провайдерлар ёрдамида ёпиб қўйилади.

Агар ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон Хитойдан ўрнак олиб, ўз ҳаракатларини қонунийлаштиришга ҳаракат қилаётган бўлса, бу жуда хавотирлидир, дейди Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг интернет дастури раҳбари Клотилд Ла Коз.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда республикада 1095та оммавий ахборот воситаси мавжуд. Улардан 60дан ортиғи расман давлат рўйхатидан ўтган веб-сайтлардир.

Ўзбекистонда 2007 йил бошида қабул қилинган янги таҳрирдаги “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунида веб-сайтлар ҳам оммавий ахборот воситаси сифатида эътироф этилиши учун давлат рўйхатидан ўтиши кераклиги айтилган.

www.ferghana.ru сайти бош муҳаррири Даниил Кисловга кўра, бу Ўзбекистонда интернет фаолиятига қўйилган яна бир тўсиқдир.

- Ўзбекистонда ҳукумат қонунларга шунга ўхшаш ўзгартиriшларни киритиб ўзининг “жиноий” фаолиятини машруълаштиришга уринади. Жиноий деяётганимининг сабаби¸ Ўзбекистонда цензура қонун йўли билан таъқиқланган, дейди Кислов.
XS
SM
MD
LG