Линклар

Ўзбек қаерда дам олаяпти?


Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги хорижий давлатлар оромгоҳларида дам олишга молиявий жиҳатдан ожиз эканликларини айтмоқдалар.

Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги хорижий давлатлар оромгоҳларида дам олишга молиявий жиҳатдан ожиз эканликларини айтмоқдалар.

Ёз фасли кўпчилик учун дам олиш мавсуми ҳисобланиб, бутун ёз давомида санаторий ва курортлар дам олувчилар билан гавжум бўлади. Айни мавсум Ўзбекистон аҳли ҳаётида қандай кечади? Оддий ўзбек ҳам дам олишни хоҳлайдими?

Айни кунларда ургутлик ўқитувчи Саидкарим Набиев Самарқанд вилояти Оқдараё туманида жойлашган “Устоз” санаторийсида дам олаяпти.

- Ургут туман халқ таълими қошида очилган “Марифатпарварлар” жамиятидан йўлланма беришди. Ўқитувчиларнинг дам олишлари учун очилган санаторий бу.

Кўнгилдагидай дам олаяпмиз. Ҳозир мана ургутлик ҳамкасблар билан санаторийда ош қилиб, мазза қилиб еб ўтирибмиз, дейди Саидкарим Набиев.

Қарши шаҳрида яшовчи 60 ёшни қаршилаётган Муҳаммадсолиҳ Раимов умрида фақат бир марта санаторийда дам олган.

- Мен 1987 йилда Янгийўлда санаторияда дам олиб келганман. Ўшандан бери мутлақо бирор марта дам олишга бормаганман. Авваламбор, маблағ масаласи. Биласиз, бераëтган пенсияси аранг нонга етади. Бошқа нарсаларга мутлақо етмайди, дейди Муҳаммадсолиҳ Раимов.

Тошкент шаҳрида яшовчи Саломат исмли аёл эса умрида бирор марта ҳам санаторий ёки курортга дам олишга бормаган.

- Санаторийга ҳеч бормаганман. Энди ортиқча пул бўлса албатта борар эдим. Ким дам олишни хоҳламайди дейсиз. Лекин иқтисодий муаммолар одамнинг соғлиги ҳақида ўйлашга, бирор жойга бориб дам олишига имкон бермайди.

Албатта орзуим бор. Агар имкон бўлса Туркия бориб, Анталия оромгоҳларида дам олиб келардим. Телевизорларда мақтаб роса реклама қилишади. Одамнинг кўнглидан “Мен ҳам бир борсам эди шу ерларга” деган фикр ўтиши табиий. Лекин бу фақат орзу-да. Қўл етмас орзу, дейди хўрсиниб Саломат опа.

Сурхандарё вилоятининг Бойсун қишлоғида яшовчи 84 ёшли Ҳожиқул Эшқурбонов ҳозир пенсияда. Отахон собиқ Иттифоқ даврида курорт ва санаторийларда роса дам олган. Бироқ отахон Ўзбекистон мустақил бўлганидан буён бирор марта ҳам дам олишга бормаганини айтади

- Иттифоқ пайтида Сочи, Кисловодск курортларида дам олганман. Мустақил бўлиб курорт нималигини ҳам унитиб қўйдик, дейди Ҳожиқул Эшқурбонов.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган “Оқтош” санаторийси Ўзбекистондаги машҳур санаторийлардан бири.

“Оқтош” санаторийси ходимасига кўра, санаторий 200 кишига мўлжалланган. Бироқ ҳар йили ёз мавсумида санаторийда 300 одам дам олади.

- Санаториймиз доимий равишда, қишин-ёзин, 12 ой давомида ишлайди. 1 майдан 1 октябргача ёзги мавсум ҳисобланади. Ёз мавсумида дам олувчиларни фақат йўлланмалар орқали қабул қиламиз.

Озодлик: Йўлланма нархлари қанча?

- Энг арзон, оддий йўлланмамиз бир киши учун бир кунига 23100 сўм. Янги биномизда 31000 сўм. Люкс хоналаримиз бор, бир киши учун бир кунига 35000, 37000 ва 42000 сўм. Ҳозир люкс хоналаримиз ҳам барчаси банд, деди “Оқтош” санаторийси ходимаси.

Айрим маълумотларга кўра, йилдан йилга хорижда дам олувчилар сони ҳам ошиб бораяпти.

“Avesta Research” маркази маълумотига кўра, 2008 йили хорижга саёҳат қилган ўзбекистонликлар сони аввалги йилларга нисбатан 40 фоизга кўпайган ва ўзбекистонлик туристлар сони 1 миллион 200 минг кишидан ошиб кетган.
XS
SM
MD
LG