Линклар

"Президентларни одамлар ҳаёти қизиқтирмайди"

  • Ҳурмат Бобожон

Назарбоевнинг собиқ куёви Роҳат Алиев ўзининг янги китобида қайнотасининг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов соғлиғи ҳақида маълумот тўплаганини ёзади.

Назарбоевнинг собиқ куёви Роҳат Алиев ўзининг янги китобида қайнотасининг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов соғлиғи ҳақида маълумот тўплаганини ёзади.

Президент Назарбоевнинг собиқ куеви Роҳат Алиев Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари ўртасидаги носоғлом рақобат уларнинг минтақа лидерлиги учун мусобақалашуви маҳсулидир.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарининг собиқ муовини¸ президент Назарбоевнинг собиқ куëви Роҳат Алиев¸ ўзининг Европада нашр этган “Вакил қайнота” китобида Назарбоевнинг Каримов соғлиғининг икир-чикиригача билишга иштиëқмандлигини ëзгани ҳақда ўтган эшиттиришимизда ҳикоя қилган эдик.

Жумладан, Қозоғистон президентининг собиқ куёви Роҳат Алиев хотираларига кўра, президент Нурсултон Назарбоев ўз жосуслари орқали ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримов ҳақда энг махфий маълумотларни олиб турган.

Биз ана шу келтирилган маълумотларга ойдинлик киритиш мақсадида Роҳат Алиев билан суҳбатлашдик.

Озодлик: Нега собиқ қайнотангиз, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримов икир-чикирлари ҳақида билишга иштиёқманд бўлган?

Роҳат Алиев: Энг аввало шуни айтишим керакки, постсовет маконида Совет Иттифоқи давридан ўз мамлакатларининг Коммунистик партия биринчи котиблари ўлароқ давлат тепасига келган икки лидер қолган.

Булар – 20 йилдан буён мамлакатларини ўта қаттиққўллик билан бошқариб келаётган Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари Нурсултон Назарбоев ҳамда Ислом Каримовлардир.

Улар ўртасида минтақа лидерлиги учун мусобақалашув ва носоғлом рақобат мавжуд. Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев минтақа ва мамлакатлардаги вазият борасида бир бирларига ҳасад қилиши сир эмас.

Масалан¸ чет давлат делегациялари аввал Қозоғистонга келса¸ Ислом Абдуғаниевич уларни қабул қилмайди. У аввал Тошкентга¸ кейин Остонага борувчи делегацияларни қабул қилади.

Улар ўртасида мана шунқа носоғлом рақобат мавжуд. Улар кучларни бирлаштириш ўрнига рақобатчилик билан овора.

Озодлик: Ўз китобингизда сиз Қозоғистон махсус хизматларини Ўзбекистон президенти соғлиги ҳақидаги маълумотлар кўпроқ қизиқтиргани, улар Каримов қони таркибидаги қанд миқдори, эритроцит ва лейкоцитлари, кундалик менюсидаги таомлари сони ҳақидаги энг махфий маълумотларга эга бўлиш учун туну кун ишлашгани ҳақда ёзгансиз. Нега Назарбоев Каримовнинг соғлигига бунчалар қизиқиб қолган?

Роҳат Алиев: Биринчи навбатда шуни айтишим керакки, постсовет ҳудудидаги давлатлар махсус хизматлари бир бирларига қарши ишламасликлари ҳақда тегишли шартнома борлиги айтилса-да, авторитар етакчилар бир бирлари ҳақда, жумладан, бир бирларининг соғлиги ҳақда ишончли маълумот олишга жуда ўч.

Сабаби¸ авторитар давлатларда шу мамлакат раҳбари соғлиги кўп нарсани англатади, яъни бундай давлатларда тинч ҳокимият алмашинуви, яъни ҳокимиятни ворисга топшириш учун қонуний асослар йўқ.

Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг авторитар раҳбарлари ўртасидаги пойлоқчилик шу билан боғлиқ ва бу ҳолат махсус хизматлар учун авторитар раҳбарлар соғлиги, шахсий ҳаёти ҳақида маълумот тўплашни приоритет қилиб қўйган.

Озодлик: Сиз Ислом Каримов ҳақидаги разведка маълумотлари билан шахсан танишганмидингиз?

Роҳат Алиев: Мен бу ҳақда батафсил тўхталиб ўтирмоқчи эмасман, китобимда нимаики ёзилган бўлса¸ улар ҳужжат ва фактларга асосланган.

Жумладан, Ўзбекистон президенти ҳақида ёзганларим ҳам ҳужжатларга асосланган.

Мен яна бир марта таъкидламоқчиман, бу икки президентни ўз халқларининг тақдири, оддий одамлар ҳаёти мутлақо қизиқтирмайди.

Улар мусобақалашув билан овора.

Озодлик: Китобингиз минтақада, жумладан Қозоғистонда ўқувчилар қўлига етиб бордими?

- Йўқ, йўқ, уни олиб кириш ва тарқатиш таъқиқлаб қўйилган. Олдинига китобимни ўқиш ҳам таъқиқлаб қўйилган эди.

Кейин Бош прокуратура расмийлари бунга аниқлик киритишди. Уларга кўра, ўқиш мумкин экан¸ дейди Роҳат Алиев.

Қозоғистоннинг Австриядаги элчиси сифатида ҳам фаолият олиб борган Роҳат Алиев 2007 йил январида ўз назорати остида бўлган “Нурбанк” тижорат банки раҳбарларини ўғирлаганлик ва бошқа қатор оғир жиноятларда айбланиб¸ сиртдан 40 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Ҳозирда Австрияда қочқинликда яшаётгани тахмин этилаётган Роҳат Алиев Қозоғистонда сиртдан 40 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

“Вакил қайнота” китоби нашрдан чиққанидан сўнг унга нисбатан хат ёзишув ёки телефондаги сўзлашувлар сирини қонунга хилоф тарзда бузиш ва давлат сирларини қонунга зид равишда олиш ва ошкор этиш моддалари бўйича ҳам жиноий иш қўзғатилган.

Китоб ҳали сотувга чиқиб улгурмай¸ Қозоғистон прокуратураси ўз фуқароларини Алиев китобини тарқатган ҳар бир республика фуқаросининг 3 йилгача қамалишидан жиддий огоҳлантирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG