Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:21

Ўлган муҳожирнинг ҳуқуқи кафолатланди


Россияда ҳалок бўлган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони қанча экани борасида расмий маълумотлар мавжуд эмас.
Россияда ҳалок бўлган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони қанча экани борасида расмий маълумотлар мавжуд эмас.

Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасидаги келишувга кўра, Россияда ҳалок бўлган ўзбек меҳнат муҳожирининг жасади унинг иш берувчиси ҳисобидан Ўзбекистонга жўнатилади.

Бу ҳақда 5 июн куни Россия Думаси маъқуллаган, “Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида тузилган келишув”да айтилади.

Бу келишув Россияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари меҳнат фаолиятини бошқаришга ҳуқуқий асос яратади.

Россияда ишлаётган ўзбек меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бу ҳукуматлараро келишувнинг қабул қилинганлигидан Россияда ишлаётган Ҳамидулла ака хурсанд эканлигини айтади:

- Тўғрисини айтсам¸ ҳозир сиздан эшитиб хурсанд бўлдим. Бу жуда яхши бўлади. Россия чегарасига 100 метр баландликдаги бетон девор қурса ҳам ўзбеклар барибир келади. Чунки ватанида ўзбекларнинг куни ўтмаяпти¸ бола-чақасини боқа олмаяпти. Россиядан пул топа олмай “елкамнинг чуқури кўрсин”, деб кетаëтганлар ҳам қайтиб келаяпти.

Айтганингиз бу қонун кучга кирса¸ регистрация масалаларини ҳал қилиб ишга кирса¸ демак у қонуний ҳимояланади. Мен буни жуда яхши деб биламан.

Бу яқин йиллар ичида Ўзбекистонда аҳолини иш билан таъминлаш ҳақида¸ уларнинг маошларини ошириш ҳақида ҳукумат ўйлагани ҳам йўқ. Бу ҳақда фикр билдирган одамлар Ўзбекистонда ҳукумат даражасида бўлса ҳам таъқиб қилинади¸ - дейди Ҳамидулла ака.

Унинг сўзларига кўра, ҳар йили Россиядан Ўзбекистонга юзлаб тобутлар жўнатилади. Лекин бу ҳақда аниқ маълумот йўқ.

Тожикистон ва Қирғизистон ҳукуматларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон ҳукумати Россияда ҳалок бўлаётган ватандошларнинг қанча эканлиги, нима сабабдан ўлганлиги, унинг ҳалок бўлиш ҳолатлари ҳақида ҳеч қандай расмий хабар бермайди.

Расмий хабарларга кўра, биргина Тожикистоннинг Сўғд вилоятига шу йилнинг беш ойида 70та “Юк 200” тобути келган.

Агар Россияда энг кўп меҳнат муҳожирлари ўзбекистонликлар эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу рақамлар бир неча баравар кўп бўлиши мумкин.

Москвадаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг фаоли Елена Буртина ҳам шу пайтгача Россияда ўлган меҳнат муҳожирларини ватанига жўнатиш муаммо бўлиб келганлигини айтади:

- Ўзбекистонлик муҳожир Россияда ўлганда¸ унинг қариндошлари ва танишлари жуда оғир шароитларга тушиб қолганлигига биз ҳам бир неча бор гувоҳ бўлганмиз.

Зеро, жасадни жўнатиш, уни расмийлаштириш учун жуда кўп маблағ керак бўлади. Меҳнат муҳожирлари эса топганини уйларига жўнатиб туришади,- дейди Елена Буртина.

Унинг фикрича, ҳукуматлараро бу келишувнинг Дума томонидан маъқуллангани иш берувчиларни ҳам сергаклантириб қўяди:

- Ҳозир меҳнат мигрантлари ишлайдиган жойларда меҳнат хавфсизлиги масаласи умуман йўқ, деса ҳам бўлдаи. Энди иш берувчи ҳам ўз қўл остидаги ишчиларнинг хавфсизлигини ўйлай бошлайди.

Бу келишувни Россия ҳукумати томонидан хорижлик меҳнат муҳожири ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган биринчи амалий қадам дейиш мумкин, - дейди Елена Буртина.

Москвалик инсон ҳуқуқи фаоли Бахром Ҳамроевнинг айтишича, шу пайтгача Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирининг ҳеч қандай ҳимояси йўқ эди:

- Менимча¸ русларнинг тарихида бу биринчи марта. Бу ерда меҳнат муҳожирларининг умуман ҳеч қанақа ҳуқуқи йўқ эди. Уларнинг битта ҳуқуқи бор эди¸ бу ҳам бўлса Россиядаги ҳар қандай оғир ишни бажариш.

Давлат Думаси бир томондан уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилди¸ иккинчи томондан иш берувчиларни бу йўл билан қўрқитди. Россия ҳар доим шунақа позициядан келиб чиқиб қонунлар чиқаради¸ - дейди Баҳром Ҳамроев.

Ўзбекистон ва Россия ҳукматлари ўртасида тузилган бу келишув икки йил олдин, 2007 йилнинг июл ойида Тошкентда имзоланган эди.

МДҲ нинг ватандошлар билан алоқалар қўмитаси томонидан бир неча бор Россия Думасига чиқарилган бу келишув шу пайтгача Дума томонидан ратификация қилинмай келаётган эди.
XS
SM
MD
LG