Линклар

Ўзбек чегарачиси қирғиз фуқаросига ўқ узди


Бу ҳақда “Озодлик” радиосига Қирғизистон чегара хизматининг жанубий бўлим бўйича бошлиғи ўринбосари Ақилбек Нишонов маълум қилди.

Расмийнинг билдиришича, 7 июн куни эрталабки соат олтилар чамаси Қорасув шаҳрида истиқомат қилувчи 29 ёшли Улуғбек Жўрахонов Ўшдаги “Дўстлик” чегара бекати атрофида кетаётганида унга Ўзбекистон чегарачилари ўқ отган.

Шундан сўнг у ўзбек чегарачилари томонидан Ўзбекистон тарафдаги касалхонага олиб кетилган.

Ҳозирча жабрланувчининг вафот этгани ёки тириклиги тўғрисида бирон бир маълумот йўқ.

Воқеа содир бўлган ҳудудда истиқомат қилувчи воқеа гувоҳларидан бирининг айтишича, Қирғизистон фуқароси оёғига ўқ еганидан сўнг ўзининг “Тико” автомашинасида ўзбек чегарачиларидан қочиб кетмоқчи бўлган. Бироқ чегарачилар уни ушлаб олиб, Ўзбекистон тарафга олиб кетганлар.

Воқеа гувоҳларига кўра, жабрланувчи Қирғизистонга Ўзбекистондан қулупнай олиб келаётган бўлган.
XS
SM
MD
LG