Линклар

logo-print

"Осиё" - зиёлилар эркин минбари

  • Садриддин Ашур

"Осиё" журнали муассисининг айтишича, мазкур нашрда Марказий Осиё ҳудудида ижод қилаётган ўзбек ижодкорлари асарлари бериб борилади.

"Осиё" журнали муассисининг айтишича, мазкур нашрда Марказий Осиё ҳудудида ижод қилаётган ўзбек ижодкорлари асарлари бериб борилади.

Мустақилликдан сўнг умумўзбек адабий жараёнидан узилиб қолган тожикистонлик ўзбеклар Ўзбекистондан ташқарида яшовчи миллатдошларни бу ўзанга қайтариш мақсадида янги адабий журнал ташкил этдилар.

“Осиё” журнали дунёдаги ўзбек адибларининг асарларини чоп этиш билан бирга, дунё адабиётининг нодир дурдоналарини ҳам муштарийларга етказишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Бу эзгу режалар ҳақида журнал бош муҳаррири, тожикистонлик ўзбек шоири Абдулло Зуҳур билан суҳбатлашдик.

Озодлик: Ассалому алайкум, Абдуллажон.

Абдулло Зуҳур: Ваалайкум ассалом.

Озодлик: Яхшимисиз?

Абдулло Зуҳур: Оллоҳга шукур.

Озодлик: Бизга етиб келган маълумотларга кўра¸ Тожикистон адабий муҳитида бир янгилик бўлибди. Сизнинг муассислигингиз ва муҳаррирлигингиз остида “Осиë” деб номланган журнал нашр этила бошлабди. Тожикистон адабий муҳитида бу янги журнал учун қанчалик эҳтиëж бор эди?

Абдулло Зуҳур: Расмий маълумотларга кўра¸ Тожикистонда бир миллионга яқин ўзбеклар яшайди. Бир миллионлик аҳолининг ўзининг санъати¸ ўзининг адабиëти¸ ўзининг айтадиган гаплари бўлади.

Бугунги кунда Тожикистонда ўзбек тилидаги бир қанча нашрлар мавжуд. Жумладан, “Нафосат” журнали¸ “Сирдош” журнали... Шунга қарамасдан Тожикистонда ижод қилаëтган адибларнинг янги-янги асарларини ўқувчиларга етказиш учун махсус адабий-бадиий журналга эҳтиëж бор эди.

Бу адабий-бадиий журналнинг таъсис этилиши¸ узоқ йиллар давомида Тожикистонда яшаб, ўзбек тилида ижод этаëтган адибларнинг орзуси эди.

Бу адабий-бадиий¸ маънавий-маърифий¸ фалсафий-ирфоний¸ илмий-ижтимоий ойнома ҳисобланади. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак¸ бу зиëлиларнинг эркин минбаридир.

Озодлик: Нима учун журналнинг номи “Осиë” деб номланди?

Абдулло Зуҳур: Маълумки¸ Ўрта Осиëнинг барча республикалари¸ шунингдек Афғонистон¸ қўшни Хитой мамлакати¸ Покистон¸ Эрон ва бошқа бир қнча жойларда ўзбеклар яшайди.

Илгариги Шўро ҳукумати ҳудудида яшайдиган ўзбеклар бир бирлари билан маданий алоқалар орқали чамабарчас боғланган эдилар.

Афсуски¸ Шўро ҳукумати парчаланиб кетгандан кейин Ўзбекистон-Тожикистон¸ Ўзбекистон-Қирғизистон¸ Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасидаги маданий алоқалар сусайгандан кейин Тошкентда чиқаëтган ўзбек тилидаги нашрлар бу республикаларга бормай қўйди.

Масалан¸ тожикистонлик адабиëт ихлосмандлари Тошкентда чиқадиган “Шарқ юлдузи”¸ “Гулистон”¸ “Фан ва турмуш”¸ “Саодат” журналларини севиб ўқишарди.

Маданий алоқаларнинг сусайиши натижасида маънавий озуқага эҳтиëж туғилмоқда.

Осиë ҳудудида яшайдиган ўзбекларнинг ўзаро бир бирлари билан маданий алоқаларини тиклаш¸ уларни бир бирига яқинлаштириш мақсадида журнални “Осиë” деб номладик.

Албатта бу рамзий ном. Бу¸ журнал фақат Осиë ҳудуди билан чегараланиб қолади¸ дегани эмас.

Жаҳон адабиëтидаги энг сара асарлар ўзбек тилига таржима қилиб берилади. Биз кишиларнинг маънавий эҳтиëжларини қондиришга хизмат қилиш мақсадидамиз.

Озодлик: Буни Тожикистонда қашшоқлашиб қолган ўзбек адабий муҳитини тўлдириш учун қилинаëтган ҳаракат десак бўладими?

Абдулло Зуҳур: Қашшоқлашиб қолган дейиш тўғри эмас.

Озодлик: Бўшлиқни тўлдириш.

Абдулло Зуҳур: Шундай десак бўлади. Одамларнинг маънавиятга¸ маънавият бўлганда ҳам юксак¸ сифатли маънавиятга бўлган эҳтиëжини қондириш йўлидаги ҳаракат.

Бундан ташқари шу ҳудудда яшовчи халқлар муносабатларини яхшилаш ҳам бизнинг мақсадларимиздан бири. Мавлоно Жалолиддин Румий айтганларидек¸

Мо барои васл кардан омадем.
На барои фасл кардан омадем.

Яъни, биз бўлиш учун эмас¸ балки бирлаштириш учун¸ бирдамлик учун адабиëт майдонига қадам қўйдик.

Масалан¸ Ўрта Осиë ҳудудида қадимдан бирга яшаб келаëтган¸ қадимдан бир бири билан жипслашиб кетган ўзбек ва тожик халқларини олайлик.

Дунëдаги ҳеч бир халқ ўзбек ва тожик халқи сингари бир бирининг қон қонига¸ жон жонига сингишиб кетмаган. Бу дунë миқëсида нодир бир ҳодиса.

Ҳатто шоирларимиздан бири мана шу ҳодисани жуда чиройли қилиб тасвирлаб берган.

Хуни худ бу кунам гар акнунам¸
Буи хуни ту ояд аз хунам.

Маъноси¸ биз шунчалик яқинмизки¸ қонимни ҳидласам¸ сенинг қонингнинг ҳиди келади. Қаранг қанчалар чиройли ўхшатиш. Бу ўхшатишни фақта ўзбек ва тожик халқи ҳақида айтиш мумкин.

Лекин афсуски¸ ўзининг фасоҳати ва балоғати билан танилган бугунги тожик адабиëтидан ўзбек тилига яхши таржималар қилинмаган эди.

Журналнинг биринчи сонида устоз Лойиқдан “Онажоним” деган туркум шеърлар кетаяпти. Бу шеърларни истеъдодли ўзбек шоири Одил Икром таржима қилган.

Ишонч билан айтиш мумкинки¸ раҳматли дўстимиз Асқар Маҳкамдан кейин Одил Икромнинг қилган бу таржималари аслиятга ниҳоятда яқин.

Лойиқ шеърларининг мазасини¸ унинг таъмини¸ рангини ўзбек тилида бера оладиган жуда яхши таржималар бўлган. “Осиë” журнали ўқувчилари учун бу жуда яхши совға бўлади, деб ўйлайман.

Озодлик: Бозор иқтисодиëти шароитида бу журналнинг чоп этилиши¸ тиражи¸ тарқатилиши қандай бўлади?

- Бугун ростдан ҳам иқтисодий инқироз таҳдид қилиб турибди. Биз журнални чоп қилишда бу масалаларни чуқур ўйлаб кўрдик. Одамларнинг журнални харид қилишга қурби етармикан¸ деган масала кўндаланг бўлиб қолди.

Ўйлаб кўрсак¸ бир журналнинг нархи 250 грамм гўштнинг нархига¸ қарийб бир кило гуручнинг нархига тўғри келар экан.

Ахир инсон фақат қорни учун яшамайдику. Унга маънавий озуқа ҳам керак. Шу сабабли ўқувчиларимиз¸ муштарийларимиз бизни тушунишади, деб умид қиламиз.

Бундан ташқари қўшни давлатлар¸ ҳозирча Ўзбекистон¸ Қозоғистон¸ Афғонистон¸ Эронда журнал таҳрир ҳайъатининг аъзолари ишлашади.

Улар бу мамлакатларда яратилаëтган энг яхши асарларни бизга тавсия этишади. Кейин биз уни таржима қилиб ëки асл ҳолатида журналда чоп қиламиз¸ дейди Абдулло Зуҳур.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG