Линклар

Қирғизистон ўз хавфсизлигидан ташвишда


Қирғизистон ҳукумати мамлакат ҳудудига жангарилар кириб келишининг олдини олиш мақсадида чегараларга қўшимча кучларни жалб қилмоқда.

Қирғизистон ҳукумати мамлакат ҳудудига жангарилар кириб келишининг олдини олиш мақсадида чегараларга қўшимча кучларни жалб қилмоқда.

Қирғизистон қирғиз – ўзбек ва қирғиз - тожик чегарасини кучайтирилган тартибда қўриқлашга ўтди. Маълумотларга кўра, қўшни давлатлар чегараларига махсус вазифаларни бажарувчи бир неча отряд жойлаштирила бошланган.

Шу билан биргаликда, Қирғизистон чегара хизмати раҳбари Чўлпўнбек Турусбековнинг маълум қилишича, қирғиз-ўзбек чегарасида хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсадида қирғиз чегарачилари томонидан “оператив тадбирлар ўтказилмоқда”.

Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари “оператив тадбирлар” нималардан иборат эканини ва қўшимча кучлар қўшни давлатлар билан чегаранинг қайси қисмларига жўнатилганини очиқламади.

Қирғизистон Чегара хизмати чегараларни кучайтирилган тартибда қўриқлашга ўтишидан бир неча кун олдин президент Қурмонбек Бакиев куч ишлатиш салоҳиятига эга бўлган тизимлар раҳбарлари билан махсус йиғилиш ўтказган эди. Бу йиғилишда Покистон ва Афғонистондаги вазият ҳамда Қирғизистон ҳудудига жангариларнинг бостириб кириш таҳдиди бор ёки йўқлиги масаласи муҳокама қилинган.

Бу йиғилишнинг ўтказилишига эса ғарб матбуоти, жумладан, Deutsche Welle ахборот хизматининг Ўзбекистон Исломий ҳаракати Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон йўналишига жангарилар гуруҳларини жўнатгани тўғрисида маълумот тарқатгани сабаб бўлган.

Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари Чўлпўнбек Турусбековнинг айтишича, айни пайтда жангарилар борасида тарқатилган маълумотнинг нақадар асосли эканини айтишга эрта:

- Маълумотларни биз асосан оммавий ахборот воситаларидан олаяпмиз. Бироқ мутахассисларимиз бу маълумотларни диққат билан текширмоқдалар. Бу йўналишда ҳар турли маълумотлар бор. Уларни очиқ айта олмайман. Лекин бугунги кунда чегара тўла назорат остида эканини айтиб ўтишим мумкин, деди Чўлпўнбек Турусбеков.

Қирғизистонлик бир қатор сиёсатчилар фикрича, кейинги йилларда мамлакат ичкарисида пайдо бўлган ҳукуматга қарши радикал кучларнинг ташқи дунёдаги ҳамкорлари билан алоқалари олдини олиш мақсадида чегараларни кучайтирилган тарзда қўриқлаш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши собиқ котиби Мирослав Ниёзовнинг айтишича: “Ўзбекистонда яқинда бўлиб ўтган воқеалар нотинчликдан дарак. Тожикистонда ҳам вазият барқарор эмаслиги тўғрисида маълумотлар бор.

Айни пайтда ¸Қирғизистонда ҳукуматга қарши потенциал радикал кучлар мавжуд. Бу кучларнинг хориждаги радикал кучлар билан бирлашиб кетиш хавфи пайдо бўлмоқда. Бу хавф асосан Афғонистондан кутилмоқда”.

Мирослав Ниёзов мавжуд вазиятда минтақа давлатлари алоҳида-алоҳида эмас, балки бирлашган ҳолда ташқи таҳдидларга қарши курашмоғи зарур эканини таъкидлайди. Унинг айтишича, бундан энг аввало Қирғизистон манфаатдордир:

- Мен бугунги кунда ишонч билан айта оламанки, хавфсизлик системаси ҳали бизда яратилмаган. Махсус хизматларга, мудофаа тизимига ажратилаётган маблағ жуда кулгили миқдорни ташкил этади, дейди Қирғизистон Хавфсизлик хизмати собиқ котиби Мирослав Ниёзов.

Бишкеклик сиёсатшунос Тўқтўғул Қақчикеев эса минтақа давлатлари ҳукуматлари ўртасида ўзаро келишмовчиликларнинг мавжудлиги туфайли бу давлатларнинг хавфсизлик масаласидаги ҳамкорлиги ҳам самара бермайди, деган фикрда. Унинг айтишича, бу йўналишда давлатлараро тузилмалар кўмагига таяниш мумкин холос.

- Бу таҳдидларни Россия ва Хитой, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти кўмагида бартараф этиш мумкин. Бундан бошқа куч бизда мавжуд эмас, деди Тўқтўғул Қақчикеев.

Сиёсатшунослар фикрича, айни пайтда юзага келган вазиятда расмий Бишкек мамлакатда ҳозир бўлган АҚШ ҳарбий базасини Қирғизистондан чиқариш тўғрисида бир неча ой олдин қабул қилган қарорини ўзгартиришга мажбур бўлади.

Кузатувчилар бу қарорни ўзгартириш учун Қирғизистонда жамоатчилик фикри шакллантирилаётганини айтадилар.

- Туркия президенти Абдуллоҳ Гул Қирғизистонга бекорга келгани йўқ. У НАТО тарафдори, дейди сиёсатшунос Алик Ўрўзов.

Унинг айтишича, қирғиз матбуотида Туркия ва Қирғизистон президентлари Афғонистон ҳамда Покистондаги вазиятни муҳокама қилганига алоҳида урғу берилди. Афғонистон президенти Ҳамид Карзайнинг президент Бакиевга Бишкекдаги АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш тўғрисидаги қарорни ўзгартириш илтимоси билан мурожаат қилгани матбуотда кенг ёритилди.

Кузатувчилар шундан келиб чиққан ҳолда, “Қирғизистонда АҚШ базасини сақлаб қолиш учун расмий Бишкек фуқаролар фикрини шакллантирмоқда”, деган хулосага келадилар.

Сиёсатшунослар фикрича, АҚШ базасининг Қирғизистондан олиб чиқиб кетилиши Афғонистондаги вазиятнинг янада беқарорлашувига ва Қирғизистон хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатади.
XS
SM
MD
LG