Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:01

"Қачон ҳокимият тўйса¸ ватан тўяр эмиш"


Ҳамкасбларига кўра¸ Оязимхон Хидирова¸ ўзи ва ўзи каби ҳуқуқсиз фермерлар ҳаққини талаб қилгани учун ҳокимият қаҳрига учраган.
Ҳамкасбларига кўра¸ Оязимхон Хидирова¸ ўзи ва ўзи каби ҳуқуқсиз фермерлар ҳаққини талаб қилгани учун ҳокимият қаҳрига учраган.

Жиззахлик Оязимхон Хидирова Ўзбекистон расмийлари, мамлакатда фаолият кўрсатаётган демократик давлат элчихоналари ва халқаро ташкилотларга очиқ хат йўллаб, адолат қарор топмаса¸ муддатсиз норозилик акцияси бошлашини маълум қилди.

Жиззах вилояти Арнасой туманидаги “Бухоро” сувдан фойдаланиш уюшмаси собиқ раҳбари ва фермер Оязимхон Хидирова Озодлик билан суҳбатда, Тошкент шаҳрида яқин кунларда муддатсиз акция бошлаш орқали фермерлик ерининг ўзига қайтарилишини талаб қилаётганини айтади.

- Норозилик акциясини уюштираман. Қачонгача биз Ўзбекистонда норозичилик билан яшаймиз? Нима учун президентимиз бизга қарамайди?

Президент отамиз ва Шавкат Мирзиëев бизга ëрдам берса¸ яхши бўларди. Агар булар менга ëрдам бермаса ва еримни қайтариб бермаса¸ оч қолсам ҳам¸ яланғоч қолсам ҳам норозилик акциясини¸ албатта¸ уюштираман.

Бўйнимга плакатларни осиб¸ ўзимга ëрдам сўраб¸ одамларни йиғиб Тошкентга олиб бораман. Шунга мажбур бўлаяпман, дейди фермер аёл.

Оязимхон Хидировага кўра, Арнасой туманидаги маҳаллий раҳбарлар томонидан содир қилинаётган қонунбузарликларнинг кўпайиши ҳам ўзининг норозилик акцияси бошлашига сабаб бўлган.

- Ўзбекистонда шундай ноқонуний ишлар бўлаëтганидан виждоним қийналиб кетди. Мана, Ўзбекистон 1991 йилда мустақил бўлиб озод ватанга айланди деяпмиз-ку. Аммо биз қулликка тушиб қолганимизни билмаган эканман.

Маҳаллий раҳбарларнинг кирдикорлари сон мингта. Қачон ҳокимият тўйса¸ ватан тўяр эмиш. Ҳокимият тўймаса¸ ватандаги халқлар тўймас эмиш.

Ҳокимиятдагилар совхозлардаги ерларни таниш-билишларга¸ бойваччаларга сотиб бўлди. Бундай ноинсоф катталар¸ бундай ноинсоф порахўрлар¸ қонунни ҳимоя қиламан дейдиган катта-катта ташкилотларнинг бошлиқлари биз қийналгандай қийналса яхши бўларди. Ҳамма давлатдан ëрдам сўрайман, дейди Оязимхон Хидирова.

Арнасой туман ҳокимлигига мурожаат қилганимизда, туман ҳокимлиги ходими Оязимхон Хидирова сўзларини инкор қилди.

- Ҳали ҳеч нарса бўлгани йўқ. Ерини тортиб олаëтгани йўқ-ку. Ўзи фаолият кўрсатаяпти-ку.

Озодлик: Фермер хўжалиги ўзининг қарамоғида қолганми?

- Ҳа.

Озодлик: Унда нега бунақа деяпти?

- Билмасам. Ҳозирча ўзи фаолият юргизаяпти.

Озодлик: Арнасойда фермерларнинг ери ноқонуний тортиб олинган ҳолатлар борми, ўзи?

-Унақа нарсани эшитганимиз йўқ, деди Арнасой туман ҳокимлиги ходими.

Оязимхон Хидирова эса “Бухоро” сувдан фойдаланувчилар уюшмаси раҳбарлигидан бўшатилиши ва фермерлик ери тортиб олинишини ўзининг ҳақиқат учун курашаётгани билан боғлайди.

Маълум бўлишича, Оязимхон Хидирова фермерликдан ташқари ҳуқуқ фаоли бўлиб ҳам фаолият кўрсатаяти.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроевга кўра, Оязимхон Хидированинг маҳаллий амалдорлар томонидан босим ва таъзийқларга учраётгани унинг айнан ҳуқуқ фаоли сифатидаги фаолияти билан боғлиқдир.

-Оязимхон жасур аëл. Қани энди жамиятимизда мана шундай жасур аëллар кўп бўлса. Ҳозирча у Арнасойда ҳақиқат учун курашадиган яккаю ягона аёл.

Оязимхон фермерлик фаолияти даврида ва ҳуқуқ ҳимоячилиги билан шуғулланган даврида кўплаб ишларни олиб борган. Энг муҳими¸ маҳаллий ҳукуматда ишлайдиган ҳокимидан тортиб қуйи раҳбарларнинг қилаëтган жинояткорона ишларини очиб ташлаган. У шу ишларни қилишда давом этаяпти ҳам.

Биз ҳуқуқ фаоллари жуда озчилик қолганмиз. Ҳукумат шу озчиликни ҳам бутунлай йўқ қилиш фазасига ўтди. Ҳукуматнинг амалга ошираëтган ишлари мухолифатчиларни¸ айниқса ҳуқуқ ҳимоячиларини таг-томири билан йўқ қилишнинг охирги фазасига етиб келаяпти. Ҳамма фожеа шунда, дейди Бахтиёр Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG