Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:51

Москва Тошкентни жазоламоқчи... ми?


Россия етакчилигидаги тезкор коллектив кучларга кенг ваколат берилиши Тошкент раҳбариятини ташвишга солмоқда.
Россия етакчилигидаги тезкор коллектив кучларга кенг ваколат берилиши Тошкент раҳбариятини ташвишга солмоқда.

Тошкент ташқи сиëсати приоритетлари яна бир қутбдан бошқасига оғмоқда.Кузатувчилар фикрича, Кремл яна ўз измидан чиқаëтган Ислом Каримовни минтақада яккалаб қўйиш учун қўшниларини унга қарши ишга солмоқда.

“Расмий Москва минтақадаги давлатларни расмий Тошкентга қарши гиж-гижлашга ҳаракат қиляпти”.

“Қирғизистон ва Тожикистон Россияни Ўзбекистонга қарши ишлатмоқчи”.

Бу интернет нашрларида Марказий Осиё минтақасидаги вазиятга доир пайдо бўлган айрим мақолаларнинг сарлавҳалари.

КХШТ нинг яқинда Москвада бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон ташкилот қошида тузилган Тезкор коллектив кучлар ҳақида «ўзгача фикрлар» баён қилди. Бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, расмий Тошкент энди бу ташкилотга эҳтиёткорлик билан ёндошмоқда ва айни шу жиҳат бугунда Москванинг тоқатини-тоқ қилмоқда.

Грузиялик таҳлилчи Элшод Жаброилов CA-NEWS интернет нашрида чоп этилган мақоласида, Россиянинг “Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил!” сиёсатини оғишмай давом эттираëтганини ёзади.

Муаллиф фикрича, Кремл бу сиёсатини Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғида, Молдованинг Преднестровьесида, Грузиянинг Абхазия ва Жанубий Осетиясида қўллади. Оқибатда бу ўлкаларнинг ҳаммаси Россия измида бўлиб қолди.

Энди эса, Россия Ўзбекистонни минтақада яккалаб қўйишга ҳаракат қилмоқда. Фақат ўз қўли билан эмас. Россия бу ўринда унга иқтисодий жиҳатдан қарам бўлган Қирғизистон ва Тожикистонни ишга солмоқда, деб ёзади Элшод Жаброилов.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Алишер Таксанов фикрича¸ Ислом Каримов ўйнаётган ўзгарувчан сиёсат Кремлдагилар асабига тегмоқда расмий Москва Каримовга ўз сўзини ўтказиш учун ҳамма воситаларни ишга солишга уринмоқда:

- Албатта, Кремл Марказий Осиё давлатлари ўртасида келишмовчилик бўлишидан манфаатдор. Ислом Каримовнинг Россияга нисбатан салбий сиёсати аввалдан бор эди.

Бу салбий сиёсат фақат Андижон воқеаларидан сўнг ўзгарди. Зеро, илгари Ўзбекистон КХШТга бир кириб яна қайтиб чиққан эди.

Бу орада ГУАМга аъзо бўлди. Кейин яна ГУУАМдан қайтиб чиқиб КХШТга аъзо бўлди.

Ҳозир у Россия, Хитой, АҚШ ўртасидаги ўйинларда ўзига хос ўйинчи бўлиб ўйнаяпти, дейди Алишер Таксанов.

"Андижон воқеаларидан кейин Путин Каримов энди мен чалган мусиқага ўйнайди, деб умид қилган эди. Бироқ, жуда айёр бўлган бу ўйинчи, Путинни ҳам доғда қолдирди", дер экан бу кузатувчи Россиянинг Ислом Каримовдан алами катта, дея давом этади:

- Ўзбекистон 90- йилларда ҳам КХШТда номигагина иштирок этган. Мана ҳозир ҳам ташкилот қошидаги тезкор коллектив кучлари тузилишига ҳам ўз эътирозларини билдираяпти.

Албатта¸ бу ҳолатлар Россиянинг ғашини келтираяпти. У энди Ўзбекистонга қарши қўшнилар орқали иқтисодий қамални ҳам қўллаши мумкин.

Масалан, Россия билан яхши муносабатда бўлган Қозоғистон орқали темир йўлларни ёпиб қўйиши ёки Қозоғистон осмонидан Ўзбекистон самолётлари учишини тўхтатиб қўйиши мумкин, дейди Алишер Таксанов.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Ўзбекистоннинг Тожикистон ва Қирғизистон билан ҳам муносабатларининг ёмонлиги Россияга қўл келмоқда.

Россия президенти Дмитрий Медведев январ ойида Москвада бўлиб ўтган учрашувда, Қамбарота ва Роғун ГЭСларининг қурилишида Ўзбекистон позициясини ёқлаган бўлса-да, лекин айни пайтда бу ГЭСларнинг қурилиши учун Қирғизистон ва Тожикистонга сармоя ётқизмоқда.

Москвалик таҳлилчи Александр Гольц фикрича, Россия ҳам Ўзбекистон сингари икки томонлама ўйин олиб боряпти:

- Бу Москва сиёсатининг изчил эмаслигидан далолат беради. Россиянинг жиғига тегаётган нарса Ўзбекистон олиб бораётган сиёсатдир.

Биласизми, Варшава шартномасида ҳам Руминия худди Ўзбекистондай позиция тутарди. Яъни қабул қилинадиган ҳар бир қарор борасида Руминиянинг ўз фикри бўларди.

Худди шунингдек¸ ўтган йили КХШТга қайтган Ўзбекистон ҳам ҳар бир қарор қабул қилинишида бошқа аъзолардан фарқли ўлароқ, ўзи алоҳида бир позиция тутмоқда.

КХШТнинг Тезкор коллектив кучлари шаклланмаётганига ҳам айнан Ўзбекистон позицияси халал бермокда. Ана шу нарса Россиянинг ғашини келтираяпти, дейди Александр Гольц.

Таҳлилчи Россиянинг Ўзбекистонга қўшнилар орқали босим ўтказиш сиёсати самарасига шубҳа билан қарайди:

- Россиянинг Ўзбекистонга босими икки томонлама муносабатлар доирасида бўлса¸ кўпроқ самара берарди. Ўзбекистонга қўшнилари орқали босим ўтказиши мантиқдан узоқ, дейди Александр Гольц.

Сиёсатшунос Алишер Таксанов фикрича, Россиянинг парда ортидан туриб кўрсатаётган бу ўйинлари натижасида Марказий Осиё давлатларида беқарорлик сақланиб тураверади:

- Менимча, бундан кейин Марказий Осиёдаги вазият таранглашиб бораверади. Марказий Осиёдаги интеграцияни истамаётган эски дунёқарашдаги раҳбарлар ҳокимият тепасида турар экан, аҳвол бундан ҳам ёмон бўлади.

Ўзбекистон ҳамма вақт ўз қўшниларига нисбатан жуда қаттиқ сиёсат олиб бормоқда. Расмий Тошкент қўшнилар билан ҳеч қачон келишиб, маслаҳатлашиб иш тутмаëтир.

Каримов “биз юмшоқ бўлсак, ожиз кўриниб қоламиз”, қабилида иш тутиб келмоқда. Бу эса қўшниларнинг ундан узоқлашувига сабаб бўлди.

Ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай раҳбар қўшнилар билан яхши муносабатда бўлади. Бу эса¸ ўз навбатида¸ барча муаммоларнинг ҳал бўлишига имкон яратади, дейди Алишер Таксанов.
XS
SM
MD
LG